Ўзбекистонда биринчи марта давлат бюджети жамоатчилик муҳокамасига қўйилади

    Ўзбекистон ҳукумати 2019 йил учун Ўзбекистон Республикасининг солиқ ва бюджет сиёсати концепцияси ҳамда Давлат бюджети лойиҳасини тайёрлади.

    Ҳозирги ҳисоб-китобларга кўра жорий йилда Давлат бюджети даромадлари 2017 йилга нисбатан 49,9 фоизга ошиб, 74 триллион 500 миллиард сўмни ташкил этиши кутилмоқда.

    Маҳаллий ҳокимликларнинг ваколатини кенгайтириш ва режадан ошириб бажарилган даромадларни ҳудудларнинг ўз ихтиёрида қолдирилиш механизмини жорий этиш натижасида 2018 йил якунлари билан маҳаллий бюджетларда 5,5 триллион сўмдан зиёд маблағ қолиши кутилмоқда.

    2018 йилда Давлат бюджети харажатлари 78 триллион 500 миллиард сўмни ташкил этиши прогноз қилинмоқда.

    2019 йилда Давлат бюджети даромадлари 102 триллион 600 миллиард сўм бўлиши прогноз қилинмоқда. Жорий йил кўрсаткичлари билан таққослаганда Давлат бюджетига тушумлар ялпи ички маҳсулотнинг номинал ўсишига мос равишда 37,8 фоизга ошади. Ижтимоий харажатларга 57 триллион 800 миллиард сўмдан кўпроқ, иқтисодий харажатларга эса 14 триллион сўм маблағ йўналтирилиши мўлжалланган.

    2019 йил 1 январдан бошлаб солиқ сиёсатида мутлақо янги тизим жорий этилади.

    Жумладан, меҳнатга ҳақ тўлаш фондига солиқ юки камайтирилади. Бу барча фуқаролар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ягона ставкасини 12 фоиз миқдорида жорий этиш, фуқароларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш туридаги даромадларидан Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига ушлаб қолинадиган суғурта бадалларини, давлат мақсадли жамғармаларига юридик шахсларнинг тушумидан ундириладиган мажбурий ажратмаларни бекор қилиш, юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ставкасини 14 фоиздан 12 фоизгача, тижорат банклари учун 22 фоиздан 20 фоизгача, дивидендлар ва фоизлар кўринишидаги даромадлар бўйича тўлов манбаидан ушлаб қолинадиган фойда солиғи ставкасини 10 фоиздан 5 фоизгача пасайтириш каби жиҳатларда намоён бўлади. Пировардида, аҳоли даромадлари ўртача 6,5 фоизга ошади.

    Янги солиқ сиёсатининг яна бир муҳим жиҳати шундаки, унинг амалиётга жорий этилиши билан биргина 2019 йилда 500 мингдан ортиқ ишчилар фаолиятини легаллаштиришга эришилиши кутилмоқда, “конвертда ойлик бериш” яширин амалиётига чек қўйилади.

    Мактабгача таълим муассасаларини молиялаштиришга 4 триллион сўм ажратиш режалаштирилган, умумий таълим харажатлари 17 триллион сўмдан ошади. Соғлиқни сақлаш харажатлари учун 12 триллион сўмдан кўпроқ маблағ ажратиш кутилаяпти. Ижтимоий нафақалар, кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам ва компенсация тўловлари харажатлари учун ажратиладиган маблағ миқдорини янада оширишга эътибор қаратилади.

    2019 йилги Давлат бюджети харажатларининг шаффофлигини таъминлаш мақсадида унинг лойиҳасини кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйишга келишиб олинди.