АҚШ конгрессида Ўзбекистон бўйича кокус тузилди

    АҚШ конгресси вакиллар палатасида “Ўзбекистон бўйича кокус” тузилди. Бу ҳақда АҚШдаги Ўзбекистон элчихонасига таяниб, Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.

    Хабарда айтилишича, америкалик конгрессмен ва сенаторларнинг “кокус” деб аталадиган бирлашмаси конгрессда тобора оммалашиб бормоқда. Кокуслар мураккаб бюрократик тартиб-таомиллардан холи бўлиб, у ёки бу муаммога тезкорлик билан муносабат билдириш, шунингдек, қонун ижодкорларининг муайян масала юзасидан зудлик билан йиғилиб, муҳокама қилишига имкон беради.

    “Ўзбекистон бўйича кокус”ни тузиш узоқ йиллар икки томонлама сиёсий-дипломатик муносабатлар кун тартибида бўлиб келган. Аммо фақатгина Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил май ойида АҚШга расмий ташрифидан сўнггина бу борада амалий ишларга киришилиб, тегишли натижага эришилган.

    Шавкат Мирзиёевнинг АҚШ конгрессига ташрифи давомида Миссисипи штатидан конгресмен Трент Келли билан музокара ўтказилиб, кокус тузиш бўйича келишувга эришилган эди.

    Ўшанда Трент Келли мазкур тузилмани бошқаришга, унга етакчи конгрессменларни жалб қилишга тайёрлигини билдирган эди. Янги тузилаётган кокусга техаслик конгрессмен Висенте Гонсалез ҳамраислик қилади. Шундай қилиб, 2018 йилнинг августида конгресс маъмурияти АҚШ — Ўзбекистон ҳамкорлиги тарихида биринчи марта Вакиллар палатасида “Ўзбекистон бўйича кокус”ни рўйхатга олди.

    Шаклланган амалиётга кўра, кокус ҳар йилда икки марта икки мамлакат ҳамкорлигини янада ривожлантириш йўлларини муҳокама қилиш мақсадида йиғилиб туради. Кокуснинг илк мажлиси келгуси йилнинг январь ойида янги халқ вакиллари иштирокида бўлиб ўтади.

    Бундан ташқари, АҚШ конгрессида Ўзбекистон ҳақида хабардорликни ошириш мақсадида кокус ҳамраислари мамлакатимизга делегация сафарини уюштиради.

    Трент Келлининг айтишича, конгресс аъзолари Ўзбекистонга бўлажак ташрифга катта умид билан қарашмоқда. Ташриф Ўзбекистон ички ва ташқи сиёсати йўналишларини ҳамда икки мамлакатнинг федерал ва ҳудудлар даражасида ҳамкорлиги истиқболларини белгилаб олиш имконини беради.

    Америкалик конгресменлар Тошкентга ташрифи давомида ўз штатлари билан ҳам ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича ҳам аниқ таклифларни илгари суриши кутилаяпти.

    Умуман, кокуснинг тузилиши ва ўзаро ташрифлар фаоллашгани парламентлараро ҳамкорлик жадал ривожланаётганидан далолат беради. Тошкентга режалаштирилаётган ташриф эса Ўзбекистон бўйича кокус аъзоларининг кўпайишига ҳамда Капитолийда унинг таъсирчан тузилмалардан бирига айланишига туртки беради.