Шавкат Мирзиёевни 2019 йил бошида Брюсселда кутишмоқда

    Европа Иттифоқи бош қароргоҳи Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнин Брюсселга ташрифи 2019 йил бошида бўлишига умид қилмоқда. «Брюссель Президентингизни кутмоқда — агар имкони бўлса, ташриф келаси йил бошида бўлса, айни муддао бўларди», — деди Тошкентда бўлиб турган Европарламент делегацияси раҳбари Ивета Григуле-Петерсе.

    Европа парламенти депутатининг фикрича, Шавкат Мирзиёевнинг ташрифи Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги яқин 5—10 йилга мўлжалланган ҳамкорликни аниқлаштириб олиш имконини берган бўларди. «Уни яна бир йил кейинга қолдирмаган маъқул. Бу мен олиб келган Европа Ташқи алоқалар хизматининг бир тилагидир», — деди асли латвиялик депутат.

    Ивета Григуле-Петерсенинг қўшимча қилишича, Европа Иттифоқи Шавкат Мирзиёевнинг 8—9 октябрь кунлари Францияга амалга оширган ташрифини диққат билан кузатиб борган ва ушбу ташриф «Европа Иттифоқи оммавий ахборот воситаларида яхши ёритилди», деб ҳисоблайди. «Францияга ташриф жуда яхши, жуда муваффақиятли бўлди», — деди у.

    Аввалроқ Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2019 йил январида Германияга сафар қилиши деярли аниқлиги ҳақида хабар берилган эди.

    Европа Иттифоқининг Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорликнинг янги Стратегияси 2019 йилда қабул қилинади.

    Шунингдек, Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик битимини янгилаш кўзда тутилаяпти

    Европа вакилларининг фикрича, Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик битими иқтисодий характерга эга ҳужжат бўлади ва у қонунчиликни такомиллаштириш, халқаро меъёрлар ва стандартларни қўллаш, Ўзбекистонда ишбилармонлик муҳитини яхшилашни кўзда тутади. Европа Иттифоқи мамлакатимиз маҳсулотларининг Европа бозоридаги ўрнини кенгайтиришга тайёр экани қайд этилди.