Ўзбекистонда AirB&B тизими бўйича квартиралар бериш механизмлари жорий этилади

    2018 йилнинг илк тўққиз ойида хорижий мамлакатлардан Ўзбекистонга ташриф буюраётганлар фуқаролар сони 3,9 миллион нафарга ошди, ўтган йилнинг худди шу даврида эса бу кўрсаткич 1,9 миллион нафарни қайд этган. Шунга қарамай, Ўзбекистоннинг мавжуд салоҳиятини инобатга олган ҳолда, бу кўрсаткичларни янада яхшилашга киришилди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 2 ноябрь куни “Туризм соҳасини жадал ривожлантириш масалаларини ўрганиш бўйича гуруҳ тузиш тўғрисида”ги топшириғида соҳани ривожлантиришдаги асосий йўналишлар белгилаб берилди. Бу ҳақда Kun.uz Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимовга асосланиб маълумот берди.

    Энг аввало сўнгги йилда бошланган ишларни давом эттириш кўзда тутилган. Шу билан бирга, Президент Шавкат Миромонович алоҳида эътибор қаратилиши лозим бўлган тўрт йўналишни белгилаб бердилар.

    1. Жойлашув воситалари

    Замонавий ва бренд меҳмонхоналар ҳамда  хостел, оилавий меҳмон уйлари каби ҳамёнбоп жойлашув воситалари қурилишини тезлаштириш, шунингдек AirB&B тизими бўйича квартиралар бериш механизмларини татбиқ қилиш.

    1. Транспорт логистикаси

    Иккинчидан, туристик оқимни ошириш ва диверсификациялаш учун бир-бирини ўзаро тўлдириб турувчи ички ва ташқи транспорт турларини ҳисобга олган ҳолда, ягона, хавфсиз ва инновацион транспорт логистикасини ривожлантириш.

    1. Маданий мерос субъектлари

    Учинчидан, сайёҳлар учун амалий ахборот-маълумотнома тизимини яратиш, смарт-туризм технологияларини татбиқ қилиш, турникетлар ва видеокузатувлар тизимларини ўрнатиш орқали маданий мерос субъектлари, музейлар, театрлар, бадиий галереялар фаолияти самарадорлигини ошириш.

    1. Туризм “монетизацияси”

    Тўртинчидан, энг аввало авиаташувлар, жойлашув воситалари хизматлари, сайёҳларнинг овқатланишини ташкиллаштириш, маданий-кўнгилочар тадбирлар ва ишлаб чиқарилаётган сувенир маҳсулотлар учун мослашувчан нарх сиёсатини ўрнатиш орқали туризм “монетизацияси”ни ошириш.