Самарқандда кекса аёлнинг бошига челак кийдириб, уни дўппослаган безорилар қўлга олинди

Самарқандда кекса аёлнинг ошига челак кийдирган, уни урган, буни тасвирга олган, видеони интернетга жойлаган йигитларга нисбатан жиноят иши очилди.

Куни кеча ижтимоий тармоқларда икки йигит бир кампирнинг бошига челак кийдириб, уни ураётгани акс этган видео тарқалганди. Бу ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг қаҳрининг келтириб, безориларни кескин жазолаш таклифи илгари сурилган.

Бош прокуратура ушбу ҳолат қачон содир бўлганига ва йигитларнинг шахсига аниқлик киритилганини маълум қилди.

Ҳодиса жорий йил май ойи ўрталарида Самарқанд шаҳридаги «Шодиёна» савдо мажмуасининг иккинчи қаватида жойлашган 46-сонли савдо дўкони олдида содир бўлган. Маълум бўлишича, онахоннинг орқа томонидан келиб, бош қисмига челак кийдирилган ва уриб йиқитилган. Безорилар ҳодиса жойидан қочиб кетган.

Ушбу ҳолат безорилардан бирининг таниши томонидан Samsung телефонида видеога олинган ва 6 ноябрь куни бошқа бир киши Instagram ижтимоий тармоғи орқали тарқатилган.

Терговга қадар текширув ҳаракатлари натижасида 2018 йил 10 ноябрь куни тўрт кишига нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси (Безорилик) 2-қисми «б» (бир гуруҳ шахслар томонидан) ва «д»  (ёш бола, қария, ногирон ёки ожиз аҳволдаги шахсларни хўрлаб) бандлари билан жиноят иши қўзғатилди.

Ушбу модда бўйича айбдор деб топилган шахслар уч юз соатдан уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Ҳозирда безорилардан икки нафари ушланган.

Жиноят иши юзасидан ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Терговнинг бориши устидан Бош прокуратура томонидан назорат ўрнатилган.