Мурод Муҳаммад Дўст: «Мустақиллик» сўзини хор қилиб ташламаслик керак»

Турон24 ёзувчи Мурод Муҳаммад Дўст билан суҳбат қурди. Суҳбатда ёзувчи ижодкор ва унинг жамиятда тутган ўрни хусусида сўз юритилди.

Амал одамни бузади

Мен ҳам озгина амалдор бўлиб кўрдим. Ўшандаям шуни сездим. Бир гап бор-ку: “Власть портит человека, а абсолютная власть портит абсолютно ”. Ошнони ҳокимият буздими? Бундай қараганда, ҳокимият мавҳум тушунча. Ҳокимият ёки ҳоким қайдан пайдо бўлади?

Атроф шунақа одамлар билан ўралган. Балки ишонмассиз, лекин энг каззоб одам ҳам Худо ёрлақаб амалга, ҳукумат тепасига келса, яхши ният билан келади. Лекин келгандан кейин унинг мавқеи, кучи орқали яхши-ёмон ниятларини амалга оширишга интиладиган гуруҳлар пайдо бўлади. Тушунганим шуки, мавқега олийжаноб орзулар билан келган одам, эзгу ниятларини амалга ошириш ўрнига, ҳокимиятини ҳимоя қилиш ҳақида ўйлай бошлайди. Ҳаммаёққа шубҳа билан қарай бошлайди. Унинг умри хароб қишлоқни лолазор қилиш эмас, ўзини ҳимоя қилиш билан ўтади. Ўзи билан ўзи овора бўлиб қолади. Атрофдагиларни биласиз, сиз зўрсиз, сиздан яхшиси бўлиши мумкин эмас, деб мадҳия ўқийди. Хуллас, ҳокимиятнинг моҳияти ҳеч қачон ўзгармайди.

Бир кун Ислом ака раҳматли “Мурод, мен баъзида қўрқиб кетаман, ҳеч ким менга эътироз билдирмайди. Ахир, мен Худо эмасман-ку” деб қолди. “Чекингизга тушгани шу, сизга ҳеч ким рост гапирмайди”, дедим. Балким одам ўзини ўзи кўпроқ тергаши керакдир. Дастлабки пайтларда у одамларни эшита оларди. Тўқсонинчи йилларда “федерацияга ўтамизми ёки конфедерациягами” деган савол туғилди. У киши гўё федерация тарафдори бўлди. Биз конфедерация деб туриб олдик. Тўрт киши эътироз билдиравердик. Ниҳоят “сизлар енгдиларинг, конфедерация бўлгани маъқул экан”, деганди. Бир–икки марта мени мақтаманглар, хушомад қилманглар, танқид қилинглар деб ҳам айтганди. “Йўқ, эътироз билдирамиз! Сиз қилаётган тарихий ишларга муносиб баҳо бериш керак”, деб тескариси қилинди. Туппа-тузук одамни ҳам йўлдан урамиз.

 Авжига чиққан саводсизлик ҳақида

Бизнинг одамларимиз характерида чапанилик бор. Лекин бу на адабиётимизда, на киномизда чиққан. Асарларимизда одамларимиз қўйдай ювош бўлиб қолган. Зора, бизнинг ёзганларимиз далада сепилган ўғитга айланса, яъни гўнгга ўхшатиб сепилса, шу ерда янги оғочлар, янги гуллар ўсиб чиқса, бизнинг хатоларимиздан хулоса чиқарган авлод етишиб чиқса.

Асосий муаммо адабий-маданий муҳитнинг йўқлигида. Ҳозир саводсизлик тантана қилаётган давр. Савия жуда паст. Коэло билан Муракамини катта ёзувчи, деб айтишади. Менимча, буюк ёзувчилар Маркес билан тугаган. Лекин Пауло Коэло ёки Харуки Мураками етишиб чиқиши учун ҳам муҳит керак. Бу жамиятнинг умумий саводи билан боғлиқ. Адабий муҳитни ёки кинематографик муҳитнинг ёзувчилар ёки киночилар уюшмаси доирасида яратилишига ишонмайман. Ҳар бир одам саводи, диди юксалаётганини ўзи сезсин. Барибир бу масалада оптимистман. Биз қўйдай ювош қилиб тасвирлаган халқ аслида асов ва чапани. У ўз сўзини барибир айтади.

Бунинг учун ички цензурани енгиб ўтиш керак. Лекин менда бўлмаган. Биласизми, шўро давридан бошлаб жамиятни ҳадик билан яшашга ўргатиб қўйдик. Бу ҳадик ҳали кўнгилдан чиқиб кетгани йўқ. Ижтимоий-сиёсий пассивликни оқлайдиган ўзбек халқининг мақоллари кўп: “Оч қорним – тинч қулоғим” , “Яримта нон – роҳати жон”. Буларни фазилат санашади. Аслида бу фазилат эмас, қусур.

Менимча, бу раҳбарларнинг қўрқоқлиги билан боғлиқ. Қўрқоқ. Масалан, мен неча марта кўрдим, бизнинг фильмларимизни —ўзим ёзган сценарийларни телевидения қирқиб ташлаган. Тўлиқ-тўлиқ эпизодларни қирқиб кўрсатади. Эпизод тушиб қолгандан кейин фильм тўлиқ бўлмай қолади-ку! Жуда бўлмаса “пий-пий” қўйиб, сигнал бериб қўй. “Бир нарса бўлиб қолмасин-да, бир нарса бўлиб қолмасин”. Қачон биз дадилликни ўрганамиз? Қачон?! Ўзим ҳам бир нарсани олиб ташлаганман. Шукур Холмирзаев ҳақида ҳужжатли фильм қилишганди. Шукур ака гапириб туриб, “Ёзолмай қолсам, ўзимни отиб ташлайман” дедилар. Кейин мен “Шукур акага айтинглар, ёзолмай қолсалар ўзим бориб отиб келаман”, дедим. Қарасам умуман ёпишмаяпти. Ғалати. Азбаройи “ўзимни отаман” деган гапдан қўрққанимдан қилмаганман.Энди биласиз, Шукур акам озгина рол ўйнар эдилар. Лекин яхши ёзувчи. Ёзганларидаям артистизм сезилади-да.

“Кучукваччанинг кўзини ўтини олиб қўй, қўрқадиган бўлади”, дейишади. Журналистларга бундай муомала қилмасдан, эрк бериш керак. Умуман телевидение дидни тарбиялашига ишонмайман. Телевидение ўзининг вазифасини бажаряпти. Хоҳлаймизми-йўқми, ҳокимиятнинг ғояларини халққа сингдириш учун хизмат қилади. Биттагина умид — ҳокимиятнинг ғоялари юқорироқ, яхшироқ бўлишни одам хоҳлайди. Яъниким кинога, адабиётга, телевидениега қўйиладиган талабнинг юқорироқ бўлишини хоҳлайсан.

Яхши кўрган одам жиннига ўхшайди

Одам бутун умрини қайтадан титкилашига тўғри келади. Муҳаббат ҳақида ёзган ягона нарсам “Дашту далалар” бўлса керак. Лекин бу ҳам иддао билан ёзилган. Қаҳрамонни атай оддий чўпон қилиб олганман. Яхшибоевнинг Олияга муҳаббати ҳам кўзёши билан ёзилган. Ҳа, у – ўзим. Лекин буни расшифровка қилиш керак эмас. Ҳар бир одам ўзининг ҳаётидан келиб чиқади. Муҳаббат одамни чиройли қилади. Яхши кўрган одам жиннига ўхшайди. Сенинг кўнглинг дунёнинг марказига айланиб қолади. Ўша пайтдаги ҳолатни эслаб қолиб, кўнгилга жойлаб, кейин ҳам жуда узоқлаб кетмасанг, ўшанда яхши оила туғилса керак.

Яхши асарнинг миллати бўлмайди

Чукча ўқиса ўзининг чукчачасига тушунади, ўзбек ўқиса ўзбекона тушунади. Ўтиш даврида яшаган одамларнинг шўри қурсин, деган гап бор. Сизларнинг авлодларингизнинг чекига шундай давр тушди. Парокандалик бошланди, қалайи-қалбаки даҳолар пайдо бўлди. Ватанпарварликка ортиқча урғу бериб, ҳеч кераксиз фанларни киритиб ташладик. Ура-патриотизм авж олди. “Мустақиллик” сўзини хор қилиб ташламаслик керак. “Мустақиллигимиз” деб бошлаши билан, демак, сен ҳали тўлиқ мустақил эмассан, деб ўйлайман. Нима кераги бор? Сўзнинг қадри йўқолиб кетди. Қанчалик кам ишлатсак, бу тушунчанинг қадри ўшанча баланд бўлади. Дидсизлик расмий даражага кўтарилган, шиорларга айлантирилган. Наҳотки, фаросатли одамлар йўқ? Бор. Лекин айтгани қўрқади.

Ҳукумат, яъни ҳокимият ўзининг манфаатига — ғояларига мослаб байрам ўтказиши мумкин, лекин бунинг учун ярим йил тайёргарлик кўриш керак эмас…

Ҳукумат тепасига ҳалол-тоза одамлар келса халқ ютади

Ютқизганда ёзувчи ютқизди. Амалдор бўлиб гўрам қилганим йўқ. Фақат вақт кетгани қолди. Амалдор-памалдор бўлиб юрган пайтимда ҳам ўзимга ярим мазах билан қарардим. Ўзимга кулиб қараш одати болаликдан бери бор. Доим ўзимни чеккада туриб томоша қилганман. Баъзида эсдан чиққан — ҳаволанган пайтлар ҳам бўлган. Барибир одамга мансаб ёқади. Жиянларим бирам кўпайиб кетган. Қариндош кўпаяди, дўстлар кўпаяди. Кўтариш жуда қийин. Ҳамма сени талантлисан, дейди. Ўзимнинг талантли эмаслигимни билардим-у, лекин ёқарди-да. Ишонгим келарди. Сиёсатчи Маҳатма Гандига ўхшаши керак. Битта довоти, битта ручкаси, лекин шиппаги иккита бўлган! Йўқ, шиппаги иккита бўлган экан. Яна бир “нотўғри” ишга йўл қўйганлар, Лондонга борганда плашч кийганлар. Чунки совуқ. Одамнинг атрофида қариндош-уруғлар бўлмаса жуда катта ишлар қилиши мумкин. Ўшанда халқ ҳам ишонади. Ганди манфаатларни сидириб ташлаб, ўзини ҳиндиларнинг равнақига бағишлаган ШАХС-да! У – идеал! Етиб бўлмайди. Лекин унга етишиш ҳақида ўйлаш керак. Ҳа, ёзувчи ютқазди. Кўп нарсаларни тушунаверсангиз ҳафасала пир бўла бошларкан, завқ ҳам йўқолади. Шундай қарайсиз-да, бу хатти-ҳаракат тагида нима ётганини тушунасиз. Ҳукумат тепасига ҳалол-тоза одамлар келса халқ ютади. Ҳалолликдан ҳам кўпроқ юксак дид керак. Дунё сиёсатини, дунё маданиятини, дунё цивилизациясини тушунадиган, кенг фикрлайдиган, юксак даражада фикрлайдиган шахслар… Ўшандаям ҳаммаёқ лолазор бўлиб кетмайди. Ҳам маданиятни, ҳам адабиёт ва санъатни, камида дипломатияни тушуниш жуда қийин иш-да.. Путин “Ганди ўлгандан кейин гаплашадиган одам ҳам қолмади”, деганди…

Орзу ҳақида

Яхши боғбон бўлгим келади, яхши уста бўлгим келади. Ёзувчиман деб айтиш мен яхши одамман дейиш билан баробар. Адабиётни, яхши қўшиқни, яхши кинони хуш кўрадиган ҳаваскорман. Маърифатли бўлишга имкон қадар ҳаракат қиламан. Яхши ота бўлишга интиламан. Одам етмишга кирсаям ҳаракат қилавераркан-а…

Унвон, орденлар ҳеч нарса бермайди. Совет давридан ҳам тўғри гапни ёзганларнинг китоби қолди. Тўғонлар, электростанциялар, кенг пахтазорлар ҳақида ёзилган достону романлар қолиб кетди. Одамнинг дардини, жамиятнинг дардини ёзган одам ютади. Амал, унвон — булар ҳеч нарса эмас. Одамзотнинг кўзи бир ҳовуч тупроққа туяди-ку. Қаноат қилган одам ютади. Бир замонлар Қашқадарёда 108 ёшли чол билан учрашган эдим. Қандай қилиб шунча ёшга кирдингиз деб сўраганимда, “Болам, мен ўзимни ҳаммадан паст олдим” деганди. Одамзот озига шукур қилиш керак. Ҳамма нарсага эришишнинг иложи йўқ. Битта яхши ҳикоя ёзсанг ёки ўқисанг, бир шеърдан таъсирлансанг шунга хурсанд бўл. Фақат бадбин бўлмасанг, ҳасадгўй бўлмасанг — бировнинг боғи сеникидан яхшироқ, яшилроқ туюлмаса бўлди.