Ўзбекистонда АҚШ ботаника боғлари тажрибасини қўллаш имкониятлари кўриб чиқилади

7-8 ноябрь кунлари пойтахтдаги Ботаника институтида “АҚШ ботаника боғлари ва Марказий Осиё ботаника муассасалари” биринчи халқаро илмий семинарида ўсимликларнинг глобал муаммоларига ижобий ечим қўллаш юзасидан фойдали келишувларга эришилгани ҳақида ЎзФА матбуот хизмати хабар берди.

Turon24 мухбири ЎзФА Ботаника институти директори, академик Комилжон Тожибоев билан боғланиб, ушбу ишларнинг самараси ҳақида қизиқди.

“Анжуманда ботаника боғлари ўртасидаги манфаатли алоқаларни тиклаш, тажриба алмашиш, илмий тадқиқотларнинг сифатини ошириш ва ўсимликларнинг камёб турларини сақлаб қолишнинг долзарб масалалари бўйича меморандумлар имзоладик.

Семинарда АҚШдан келган олимлар, хусусан, Чикаго, Лонгвуд, Денвер ботаника боғларидан Танкерсли Бойс, Сарада Кришнан, Питер Зэйл ва Қозоғистон таълим ва фан вазирлиги Ботаника ва фитоинтродукция институти директори Гулнора Ситпаева, ушбу институтнинг Остона филиали директори Сауле Мухтабаева, Қирғизистон миллий академияси Биология ва тупроқшунослик институти профессори Георгий Лазков, Тожикистон фанлар академияси Помир биология институти директори Довудшо Наврўзшоев, Тожикистон фанлар академияси Ботаника, физиология ва ўсимликлар генетикаси институти профессори Ҳикмат Хисориевлар иштирок этди”, – деди Комилжон Тожибоев.

Жумладан, учрашувда ҳар икки ҳудуднинг дунё флорасида тутган ўрни, Марказий Осиё маданий ўсимликларнинг келиб чиқиш марказларидан бири эканлиги, хўжалик аҳамиятига эга бўлган ўсимликларга бойлиги боис уларни сақлаб қолиш ҳамда барқарор фойдаланишда ботаника институтлари ва ботаника боғларида олиб борилаётган илмий тадқиқотларнинг муҳим аҳамиятга эгалиги таъкидланди. Келажакда амалга оширилиши мумкин бўлган лойиҳалар муҳокама этилди.

Бу борада АҚШ ботаника боғларининг улкан тажрибага эга эканлиги ва уни Марказий Осиё мамлакатларида татбиқ этиш борасида фикр алмашилди. Турли мамлакатлар ботаника боғлари ўртасида доимий ҳамкорлик ўрнатиш бўйича меморандум имзоланди.

Қолаверса, анжуман доирасида меҳмонлар Тошкент ботаника боғига ташриф буюриб, бу ерда олиб борилаётган илмий тадқиқотлар ва Марказий Осиёда ўсимликлар хилма-хиллигини сақлаб қолиш борасида олиб борилаётган изланишлар билан таништирилди.