Ўзбекистонда 18 ёшга тўлмаганларга энергетик ичимликлар сотилмайди

Ўзбекистонда апрелдан бошлаб 18 ёшга тўлмаганларга энергетик ичимликлар сотилмайди. Бундай ичимликларнинг рекламаси ҳам чекланади

Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 9 январь куни имзоланган ва 10 январь куни эълон қилинган қонунга мувофиқ, Ўзбекистонда 18 ёшдан кичик шахсларга энергетик ичимликлар сотишга тақиқ ва бундай ичимликларнинг рекламасига чекловлар жорий этилади. Ушбу тақиқ ва чекловлар уч ойдан сўнг кучга киради.

Давлат рақобат қўмитасининг аниқлик киритишича, қонун билан «Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида»ги ва «Реклама тўғрисида»ги қонунларга, шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга тузатишлар киритилган. Хусусан, «Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида»ги қонунда энергетик ичимликларга доир шундай таъриф пайдо бўлган: «таркибида 150 мг/л.дан ортиқ миқдорда кофеин ва (ёки) инсон организмига тонусни ўзгартирувчи таъсир кўрсатиш учун етарли миқдордаги бошқа компонентлар мавжуд бўлган ичимликлар».

Ва худди шу қонуннинг 14-моддасида қуйидаги жумла пайдо бўлган: «Энергетик ичимликларнинг ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларга реализация қилинишига йўл қўйилмайди». Мабодо бирор сотувчи шу қонуннинг шу моддасини бузиб қўйса борми, энди Маъмурий жавобгарлик кодексининг 164-моддасига қўшилган янги бир (олтинчи) қисм асосида қуйидаги жазолардан бирига тортилиши мумкин — фуқароларга энг кам иш ҳақининг беш баравари (10 январь ҳолатига — 1 013 650 сўм)дан 10 баравари (2 027 300 сўм)гача, мансабдор шахсларга эса — етти баравари (1 419 110 сўм)дан 15 баравари (3 040 950 сўм)гача миқдорда жарима.

«Реклама тўғрисида»ги қонунга эса «Энергетик ичимликлар рекламаси» номли 22-1-модда қўшилган. Унга кўра, соат 7:00 дан 22:00 гача ТВ ва радио орқали энергетик ичимликларни реклама қилиш, реклама мақсадида энергетик ичимликлар намуналарини 18 ёшга тўлмаганлар орасида текин тарқатиш, асосан 18 ёшга тўлмаганлар учун мўлжалланган тадбирларга ҳомийлик қилиш, 18 ёшга тўлмаганлар орасида энергетик ичимликларнинг номи, товар белгиси ёки тасвири туширилган футболкалар, бош кийимлар, ўйинларни ва шу кабиларни тарқатиш, асосан болалар ва ўсмирлар учун мўлжалланган босма нашрларда, шунингдек тиббиёт, спорт ва таълим муассасаларида энергетик ичимликларни реклама қилиш тақиқланади.

Шу билан бирга энергетик ичимликлар рекламасида бундай ичимликларни ҳаддан зиёд истеъмол қилишнинг зарари тўғрисидаги огоҳлантириш, шунингдек бундай ичимликларни истеъмол қилиш тавсия этилмайдиган шахслар ҳақидаги ахборот мавжуд бўлиши керак. Айни вақтда рекламада ичимликларни истеъмол қилиш жараёнларини намойиш этмаслиги, ушбу жараёнлар истеъмолчиларнинг ижтимоий ва спортга оид муваффақиятга эришиши ёки жисмоний ҳамда руҳий ҳолати яхшиланиши учун муҳим аҳамиятга эга деган таассуротни юзага келтирмаслиги керак.