Financial Times: АЭС қурилиши Ўзбекистонга нуфузли клубга кириш имконини беради

    АЭС қурилиши Ўзбекистонга нуфузли клубга қўшилиш имконини беради, дея ёзмоқда Financial Times «Ўзатом» агентлиги раҳбари Жўрабек Мирзамаҳмудовга таянган ҳолда.

    Нашрнинг эслатишича, жаҳонда уран ишлаб чиқариш бўйича энг етакчи давлатлардан бири ҳисобланувчи Қозоғистон СССР даврида Семипалатинск полигонидаги ядро синовлар экологик оқибатларини эслатиб турган жамоатчиликнинг норозилиги сабабли янги ядро реакторларини деярли ишга туширмаяпти.

    Аммо дунёда уран ишлаб чиқариш бўйича еттинчи ўринда турган Ўзбекистон ядро энергетикасини «нуфузли клуб»га ўтиш сифатида кўрмоқда.

    «Биз тинч атом энергетикаси мамлакатлари клубига қўшиламиз. Бу нуфузли клуб. Бу мутлақо янги даража, муносабатларнинг бошқача тури, янги технологиялар, илм-фан ва таълимнинг ривожи», – деди Мирзамаҳмудов нашрга берган интервьюсида.

    Россия Фанлар академияси Шарқшунослик институтининг Марказий Осиё, Кавказ ва Урал-Волгабўйи ҳудудларини ўрганиш маркази илмий ходими Станислав Притчин ҳам шундай фикрда. Унинг маълум қилишича, Ўзбекистон минтақада ўз АЭСига эга бўлган биринчи мамлакатга айланади. Унинг фикрига кўра, АЭС пайдо бўлиши нафақат мамлакат обрўсини мустаҳкамлайди, балки бир қатор муаммоларни ҳал қилади.

    «Ўзбекистонга электр энергияси керак. Мамлакат кўпинча газ танқислигига дуч келади, АЭС эса бу муаммони ҳал қилади. Қудратли минтақавий кучга айланиш ва инвесторларни жалб қилиш учун республикага электр энергияси барқарор етказиб берилиши керак», – дея қайд этиб ўтди Притчин нашрга интервьюсида.

    Ўзбекистон ўзи уран қазиб олиши туфайли атом энергетикаси фойдасига танлов амалга оширилди, боз устига, бу энг арзон энергия манбаларидан бири.

    Ҳозирги вақтда Ўзбекистон кўмир, газ, нефть ва гидроэлектр энергияга боғланган, аммо бу 2030 йилга бориб гидроэлектр станциялар томонидан ишлаб чиқариладиган энергияни икки баробарга ошириш режаларини ҳисобга олган ҳолда ҳам, ортиб бораётган талабни қондиришга етмайди.

    Тахминларга кўра, АЭСга энергетик мувозанатнинг 15 фоизга яқини тўғри келади, бу ҳаттоки талаб ўша вақт келиб икки баробарга ўсадиган бўлса ҳам (шу кутиляпти), барқарор энергия таъминотини беради.

    FT’нинг Мирзамаҳмудовга таянган ҳолда ёзишича, Ўзбекистон қуёш ва шамол энергетикасини ҳам ривожлантириш ниятида, аммо уларнинг ҳиссасига мамлакатдаги барча ишлаб чиқарилувчи энергиянинг қарийб 3%и тўғри келади. Рақамнинг бу қадар кичиклигига асосий сабаб – қайта тикланадиган манбалар етарли даражада барқарор эмаслиги.

    АЭС қурилиши 2022 йилда бошланади, ишга тушириш эса 2028 йилда рўй беради. Иккинчи реактор шундан 18 ой ўтиб ишга тушади.