Ўзбекистон барибир «финалга чиқди»: Равшан Эрматов Осиё Кубоги финалида ҳакамлик қилади

Ўзбекистонлик Равшан Эрматов бошчилигидаги ҳакамлар бригадаси Япония ва Қатар терма жамоалари ўртасидаги футбол бўйича 2019 йилги Осиё Кубоги финал учрашувида ишлайди.

Бу Равшан Эрматов учун ҳакамлик фаолиятидаги иккинчи Осиё Кубоги финалидир. У 2011 йили Қатарда бўлиб ўтган Осиё Кубоги финалида Австралия ва Япония терма жамоалари ўртасидаги ўйинда ҳакамлик қилганди (ўша ўйинда японлар 1:0 ҳисобида ғалаба қозонган).

Эрматов Осиё Кубоги—2019 да финалга қадар гуруҳ босқичидаги Сурия — Фаластин (0:0), Эрон — Ироқ (0:0), нимчорак финалдаги Япония — Саудия Арабистони (1:0), шунингдек, чорак финалда Жанубий Корея — Қатар (0:1) ўйинларида бош ҳакам сифатида ишлади.

Бўлажак финалда Равшан Эрматовга қанотларда ўзбекистонлик Абдуҳамидулло Расулов ва Жаҳонгир Саидов ёрдам беради. Хитойлик Ма Нинг захира ҳаками этиб тайинланган, италиялик Паоло Валери, сингапурлик Муҳаммад Тоқи Бин Жаҳари ва австралиялик Кристофер Бит эса видеоёрдамчилик қилади.

Маълумот учун, Осиё Кубоги—2019 финали 1 февраль куни Абу-Дабидаги «Шайх Зайд» стадионида бўлиб ўтади. Ўйин Тошкент вақти билан 19:00 да бошланади.