Тарихда илк бор Америка штати губернатори Ўзбекистонга келади

АҚШнинг Миссисипи штати губернатори апрелнинг биринчи ярмида Ўзбекистонга ташриф буюради. У Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилгандан кейин Ўзбекистонга ташриф буюрувчи илк Америка губернатори бўлади.

Ўзбекистон Сенати раиси биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси 11 февраль куни Миссисипи штати пойтахти Жексон шаҳрига бориб, шу куннинг ўзида губернатор билан учрашди, дея хабар бермоқда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги.

Фил Брайант Ўзбекистон ва Миссисипи штати ўртасида кўплаб ўхшашликлар мавжудлигини, жумладан ҳар иккисининг ҳам қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик-пахта саноати ривожлангани, қулай географик жойлашуви ва меҳнатсевар халқлари борлигини таъкидлаган.

Учрашувда томонлар Америка делегацияси таркибига Ўзбекистон билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга қизиқиш билдирган Миссисипи штатининг қишлоқ хўжалиги, саноат, нефть-газ ва машинасозлик соҳаларидаги етакчи компаниялари вакиллари киришини шартлашган.

Миссисипи қишлоқ хўжалиги соҳасида АҚШда етакчи ўринларни эгаллайди — ушбу штатда 36 мингдан ортиқ фермер хўжаликлари фаолият кўрсатади. 2018 йил якунларига кўра, ҳудуднинг ялпи миллий маҳсулоти ҳажми 113 миллиард долларни ташкил этган.