АҚШнинг Вебстер университети делегацияси Ўзбекистонга ташриф буюрди

Бугун, 18 февраль куни Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида АҚШнинг Вебстер университети вице-президенти Дж.Шустер раҳбарлигида делегация қабул қилинди.

Музокараларда Тошкент шаҳрида АҚШнинг Вебстер университети филиалини ташкил этиш ва 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб абитуриентларни қабул қилинишни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.

2019 йил 5 февраль куни олий ва ўрта махсус таълим вазири И.Маджидов ҳамда Вебстер университети проректори Дж.Шустер томонидан Келишув битими имзоланган эди.

Вебстер университети делегацияси Битимда белгиланган вазифалар ҳамда Тошкент шаҳрида Вебстер университети филиалини ташкил қилиш бўйича амалий чоралар кўриш мақсадида жорий йил 18-21 февраль кунлари юртимизда расмий ташриф билан бўлади.

Ташриф жараёнида АҚШ делегацияси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари ва Тошкент давлат иқтисодиёт университетлари ҳамда бошқа ОТМларга ташриф буюради.