Голландия полицияси Утрехтдаги отишма гумондорини ушлади

Голландия полицияси душанба куни Утрехт шаҳрида трамвайда уч кишини отиб ўлдирганликда гумон қилинган туркиялик шахсни ҳибсга олди. Бу ҳақда Рейтерс ахборот агентлиги хабар берди.

Полиция маълумотига кўра, 37 ёшли Гокмен Танис, кўп соатлик қидирувдан кейин ҳибсга олинган.

Шаҳар блокланганидан сўнг полиция Танис тасвирини тарқатди ва жамоатчиликни унга яқинлашмаслик ҳақида огоҳлантирди. Шундан кейин бир неча жойда рейд ўтказиш натижасида гумондор қўлга олинган.

Аммо, дастлабки суриштирувлардан бир неча соат ўтгач ҳам жангарининг мотиви номаълум бўлиб қолаётган эди. Прокурор, бу «оилавий сабабларга кўра» бўлиши мумкинлигини айтди.

Туркиянинг «Анадолу» давлат ахборот агентлиги гумондор Таниснинг қариндошларини гапидан иқтибос келтириб айтишича, гумонланувчи трамвайда аввал қариндошини отган ва кейин унга ёрдам беришга ҳаракат қилаётганларни отиб ўлдирган.

Туркия Президенти Таййип Эрдоған «Туркия разведка агентлиги, ҳужумнинг шахсий мақсаддаги жиноятми ёки террористик ҳаракат эканлигини текширади» деди.

Утрехт ҳокими Жан ван Занен айтишича, отишмада уч киши ҳалок бўлган, беш нафар инсон жароҳат олганини, улардан учтасининг аҳволи оғирлигини айтган.

Маълумот учун, Нидерландиянинг тўртинчи йирик шаҳри ҳисобланган  Утрехтда қарийб 340 минг кишилик аҳоли истиқомат қилади. У ўзининг чиройли каналлари ва талабалар кўп яшайдиган шаҳарлиги билан машҳур. Нидерландиянинг бошқа жойларида бўлгани каби Утрехтда ҳам қуролли қотилликлар кам учрайди.