Нурсултон Назарбоев истеъфога чиқди

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев ўз ваколатларини топширди. Бу ҳақда у 19 март куни телевидение орқали миллатга махсус мурожаатида эълон қилди.

«Мен президент сифатидаги ўз ваколатларимни тугатишга қарор қилдим. Бу йил энг олий лавозимни эгаллаб турганимга 30 йил тўлади. Халқ менга мустақил Қозоғистоннинг биринчи президенти бўлиш имкониятини берди», — деди Нурсултон Назарбоев жонли эфирга намойиш этилган мурожаатида. 

Энди сайловгача Қозоғистон Президенти вазифасини Парламент Сенати спикери Қосим-Жомарт Токаев бажариб туради. Нурсултон Назарбоев ўз мурожаатида Токаевга юксак ишонч билдиришини таъкидлаб ўтган. 

20 март куни маҳаллий вақт билан соат 12:00да, Касим-Жомарт Токаев Қозоғистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи сифатида Парламент палаталарининг умумий мажлисида қасамёд қабул қилади.