Янги Зеландияда террор: исломофоб 49 та мусулмонни ўлдирди

Жума куни Христчўрч шаҳрида жойлашган икки масжидда оммавий отиб ўлдириш орқали террорчилик ҳужуми содир этилди. Guardian хабарига кўра ўлдирилганлар 49 киши, ярадорлар сони 48 киши дейилмоқда.

Мусулмонлар масжидга одатий жума намозини адо қилишга келишган ва келаётган бўлган.

Бу Янги Зеландияда 1943 йилдан бери содир этилган энг оммавий ва даҳшатли террор ҳисобланади. Ўша вақтда ҳарбий асирлар қамоқхонасида бошланган қўзғалонда 48 та япон аскари ва 1 та Янги Зеландиялик ўлдирилган эди.

Янги Зеландия бош вазири Жасинда Ардерн бўлиб ўтган фожиани террорчилик акти деб баҳолади ва “бу жума куни Янги Зеландиянинг энг қора кунларидан бири бўлди” деди.

Жиноят бўйича 3 та гумонланувчи қўлга олинган. Полиция гумонланувчиларнинг исмларни айтмади. Бироқ гумонланучилардан бири, асли Австралияда туғилган 28 ёшли Брентон Таррант исмли ирқчи экстремист христиан эканлиги айтилмоқда. У олдиндан пухта тайёргарлик кўрган ва режали ҳаракат қилган, у масжидга бостириб кириб, кўзига кўринган барчани автоматик ўқ отар қуролдан ота бошлаган ва бу жараённи ўзининг Facebook саҳифасидан жонли эфирга узатиб кўрсатиб турган.

Полиция жиноят тафсилотларини ўрганмоқда.

Дунёнинг энг тинч ва хавфсиз давлатларидан бири ҳисобланган Янги Зеландияда ҳозир хавфсизлик чоралари кучайтирилган.