«Ўзбекистон ҳаво йўллари» авиақатновларда пулли интернет хизматини йўлга қўйди

UzAirways.com

«O’zbekiston havo yo’llari» самолётлари пулли Wi-Fi хизмати ишга туширилди. Бу ҳақда компания матбуот хизмати маълум қилди.

Компания самолёт бортида фойдаланиш мумкин бўлган шундай тарифларни тақдим этди ва уларнинг нархини эълон қилди. Унга кўра, энг арзон интернет пакет 20 мб бўлиб, у 256 Кб/с тезликда тақдим этилади. 20 мб учун нарх 49 826 сўмни ($5,95)ни ташкил қилади. Энг қиммат пакет 52,95 долларни ташкил этиб, бу нархга (512 Кб/с тезлик) 220 мб интернет трафики тақдим этилади.

Миллий авиакомпания бортида Wi-Fi ўрнатилиши Президент қарори билан 2018 йил бошида режалаштирилган, лекин бунинг учун янги самолётлар зарур эди.

Шундай самолётлардан бири Airbus A320neo жорий йилнинг март ойида Ўзбекистонга олиб келинди. 2019 йилнинг иккинчи ярмида эса Wi-Fi билан жиҳозланувчи яна иккита янги Boeing 787 Dreamliner самолётлари келтирилиши кутилмоқда.

Uzcard тўлов тизими Uzbekistan Airways биллинг марказига бирлаштирилган бўлиб, эндиликда йўловчилар айни парвоз вақтида пластик карта орқали керакли трафикка эга интернет пакетларни сотиб олишлари мумкин.