Диққат акция: АҚШдаги ватандошлар китоб йиғишни бошлади

Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёевнинг тавсияси ва ташаббуси билан ҳукумат ва идораларнинг раҳбарлари, шунингдек ташаббусни қўллаб-қувватлаган кўплаб инсонлар ўзи ўқиган мактабларга, кутубхоналарга китоб хайрия қилиб беришни бошлаб юборишди.

Ушбу ташаббусдан руҳланган, ўз ҳиссасини қўшишни истаган АҚШда яшаётган ватандошлар ҳам Ўзбекистоннинг мактаб ва кутубхоналарига, ўқувчиларга китоб етказиб бериш тадбирини ташкил қилишди.

Тадбир ташаббускори АҚШда истиқомат қиладиган юртдошимиз Нур Парпиев ҳисобланади. У ўзининг Facebook ижтимоий тармоғидаги шахсий саҳифасида барчани китоб хайрия акциясига чақириб пост қолдирган.

Нур Парпиевнинг Facebookдаги пости: “Ўзбекистондаги ўқувчиларга китоб юбориш мақсадида АҚШда яшаётган ватандошлар уйларида, иш жойларида, ўқишларида қўйингки ҳар қандай ишлатилмаётган китоблари бўлса бизга юборишингизни илтимос қиламиз!!!

Ҳозирда анашу китоб йиғиш акцияси масаласида ташкиллаштириш ишларини бошлаганмиз ва тез орада эълон қиламиз. Бирор таклифларингиз бўлса албатта менга Facebook орқали мурожаат қилинг.  

Йиғилган китобларни Ўзбекистон ҳаво йўллари орқали бепул ватанга етказиш йўлга қўйилмоқда.

Қуйида эса бир қўшнимизнинг фарзанди хонасидан чиққан ёш болалар китоби. Ўйлайманки ҳали бошқа қўшниларим ва дўстларимдан ҳам кўп китоб чиқади. Албатта, бошқа давлатларда ҳам тез орада шундай акцияни бошлаймиз.”

Фото: Нур Парпиев саҳифасидан олинган.

Китоб йиғиш акциясида қатнашишни хоҳлаган ватандошларимиз Нур Парпиев билан боғланиши ва ўз китобларини юбориши мумкин.

Бу хайрли ишни оммалаштириб ва ҳар ким ўз ҳиссасини қўшишга, қўллаб-қувватлашга чақириб қоламиз. Зеро, давлатнинг ривожланиши ва тараққиёти унинг фуқаролари, халқининг дунёқараши ва билимининг юксалиши билан амалга ошади.

Унутманг, Сизнинг жавонингизда турган китобингиз қайсидир ўқувчининг келажагини ижобий томонга ўзгартириши, омад ва муваффақиятга етказиши, умуман уни бахтли қилиши мумкин.