Исроил ва Америкада истиқомат қилаётган фарғоналик ватандош Фарғонада ювелир заводини қуради

Ўзбекистонда тадбиркорлик ва бизнесни ривожлантиришда хорижда яшаётган ватандошлар билан ҳакорлик қилишга катта эътибор берилмоқда. Шундай тадбирлардан бири Фарғона вилоятида ўтказилибди. Бу ҳақда Фарғона вилояти ҳокимлигининг ахборот хизмати хабар бермоқда.

“Фарғона вилоятига кейинги пайтда жуда кўп чет эллик дўстлар, ҳамкорлар ташриф буюрмоқда. Куни кеча эса ҳозирги кунда Исроил ва Америкада истиқомат қилаётган фарғоналик собиқ ватандошларимизнинг бир гуруҳи вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг таклифига биноан бизнесмен аёл Наргиз Қодирова бошчилигида Фарғонага етиб келдилар”, – дейилади хабарда. 
Вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев меҳмонларни қабул қилиб, уларга таклифга жавоб берганликлари учун миннатдорчилик билдирган, ҳамда Фарғонанинг ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги, ҳунармандчилик соҳасидаги ютуқларини, шунингдек, инвестицион муҳит учун қулайлик жиҳатларини санаб ўтган.

Меҳмонлар Ўзбекистонда кечаётган ўзгаришларни кузатиб бораётганликларини, дўст, биродар бўлган ўзбек халқига шу заминдан олганларини, хох молиявий бўлсин, хоҳ ғоя бўлсин, қайтара олиш, ҳисса қўшиш имкони туғилганидан хурсандликларини билдирдилар. 
Меҳмонлар ўз фикрлари, режаларини билдиришган.

Игорь Якубов, Исроилдаги Ўзбекистонлик ватандошлар уюшмаси раиси:

– Сиз агар инвестиция билан ўзимизнинг илк ватанимиз бўлган Ўзбекистонга киришимизга рухсат берсангиз, бу биз учун улкан ишонч деб биламиз. Ҳозир Исроил ва Америка билан Ўзбекистон ўртасида илиқ муносабатлар пайдо бўлди, бу демократия белгисидир. Биз ватандошларингиз доимо бу йўналишни ёдда тутамиз ва сизлар билан бирга иш олиб борамиз. Бизнинг қалбимиз ҳам дарё каби. Ҳаммаси қўшилиб, улкан уммон бўлади. Барча миллат бирлашиб, дўстона алоқалар юзага чиқса, мамлакат гуллаб-яшнайди. Биз ўзимизни яна уйимиздагидек ҳис қиляпмиз. Фарғонада қариялар уйи, болалар уйларига ёрдам қилишни, ишлаб чиқариш билан ривожлантиришни истаймиз. Эшикларни очиб беришга давлатларимиз ёрдам бермоқда. Қадимдан мавжуд бўлган Ипак йўли бугун ҳам бор. Биз сиз билан биргаликда Хитойдан, Туркиядан кўра арзон товар ишлаб чиқара олишимиз мумкин. Илгари қандай биродар бўлган бўлсак, шундай ишлай оламиз.

Жанна Кадирова, “Шарқ юлдузи” рақс ансамбли раҳбари, хореограф:

– Марғилонда туғилганман, 25 йил ўзбек мактабида ишлаганман. Иккинчи касбим хореограф бўлгани учун ўзбек миллий рақсларини ўргатганман. Бу ердан 48 ёшимда кетган эдим. Эндиликда “Шарқ юлдузи” ансамбли билан ўзбек рақсларини дунёда тараннум этмоқдамиз, бугун Европанинг ярмини айланиб чиқдик. Одамда Ватан битта бўлади. Ўша ягона Ватаним – Ўзбекистон. Исроил, Америкада яшаганимиз билан анъаналаримиз бир хил. Ҳозир кўпчиликни биринчи марта кўриб турган бўлсам ҳам, худди илгаридан биладиганга ўхшайман. Сизнинг таклифингиз мен учун кутилмаган бўлди ва мен бундан жуда хурсандман. Дўстлигимиз мустаҳкамланишини, гуллашини, Сизларни Исроилда кўришни истаймиз.

Наргиз Кадирова, инвестор – тадбиркор:

– Отам Тошкентда, онам Марғилонда туғилган. Мен ҳам Марғилонда катта бўлганман, кейинчалик Тошкентда ўқишни давом эттирдим. Ҳозир иккинчи касбим бўйича заргарлик иши билан, бизнеснинг кўп турлари билан шуғулланаман. Фарғонага бир неча инвестицион лойиҳалар билан келганман. Биз Ўзбек-Исроил қўшма компаниясини туздик, бугунги кунда Ўзбекистонда биринчи бўладиган ювелир заводи қурилишини бошлаяпмиз. Айнан Фарғонада заргарлар мактабини очишни, “Oltin vodiy jevellery” брендимизни йўлга қўйишни истаймиз. 2 ой олдин 4 та таъсисчи – маҳаллий компаньон Ғайрат Обиджонов ва мен билан яна икки исроиллик бу ишга бел боғладик. Мақсад – маҳаллий хом ашёдан фойдаланиб, таннархи арзон бўлган рақобатбардош товар ишлаб чиқариш. Биз заргарлик саноатида Туркия, Озарбайжон, Арманистон, Ҳиндистонга нисбатан сифатли ва арзон товар ишлаб чиқара оламиз. Кетаётган пайтимиздаги Фарғона билан ҳозирги Фарғона ўртасида фарқ жуда катта, лекин бир нарса – одамларнинг меҳмондўстлиги ўзгармаган. Бугун жуда кўп жойларда бўлдик, ўша таниш чеҳраларни кўрдик, “Ассалому алайкум” сўзини эшитдик. Бу ҳеч қачон ўзгармайди. Президентимиз Шавкат Миромонович туфайли йўллар очилмоқда, бизнинг тиббиёт, қишлоқ хўжалиги, текстиль бўйича жуда кўп инвестицион лойиҳаларимиз бор. Шахсан мен “Наримтекс” корхонаси билан 5 йилдан бери ҳамкорлик қилиб, унинг маҳсулотини Исроилга экспорт қиламан. 

Учрашув якунида меҳмонлар ва вилоят ҳокимлиги ўртасида эсдалик совғалари алмашилди. Эртаси куни ватандошлар Фарғонадаги яҳудий қабристонини зиёрат қилдилар.

Манба:Фарғона вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати