Маҳалла фуқаролари йиғинининг раиси ишончномаларни тасдиқлаши мумкин бўлди

Ватандошлар учун ҳужжат ишлари билан боғлиқ яна бир масалага ҳуқуқий тартиб ишлаб чиқилди. Албатта, бу тартиб ҳам турли ҳужжат ишларини енгиллаштиради ва фуқароларга қулайлик яратади.

Ҳукумат қарори (328-сон, 18.04.2019 й.) билан Шаҳарчалар, қишлоқлар ва овуллар, шунингдек, шаҳарлардаги, шаҳарчалардаги қишлоқлардаги ҳамда овуллардаги маҳаллалар фуқаролар йиғинларининг раислари (оқсоқоллари) томонидан ишончномаларни тасдиқлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Қонунчиликка мувофиқ фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қуйидагиларни олиш учун ишончномани тасдиқланиши мумкин:
– хат-хабарларни, шу жумладан пул ва посилкаларни;
– иш ҳақини ҳамда меҳнат муносабатлари билан боғлиқ бўлган бошқа тўловларни;
– муаллифлар ва ихтирочиларга тўланадиган ҳақларни;
– пенсиялар, нафақалар ва стипендияларни;
– банк муассасаларидан суммаларни.

Ишончномалар давлат тилида расмийлаштирилади. Ишончнома рус тилида ёки бошқа макбул тилда берилиши мумкин.

Ишончномалар фуқаролар йиғини биносида тасдиқланади. Фуқаро касаллиги, ногиронлиги туфайли ёки бошқа сабабларга кўра фуқаролар йиғинига бора олмаса ишончномалар жисмоний шахс жойлашган жойда тўлдирилиши мумкин.

Қуйидаги холларда ишончнома тасдиқлаш рад этилади:
– бундай ишончномани тасдиқлаш конунга зид бўлса;
– бу ҳаракат нотариус томонида амалга оширилиши керак бўлса;
– муомалага лаёқатсиз фуқаро ёхуд зарур ваколатлари бўлмаган вакил ишончномани тасдиқлашни сўраб мурожаат килган бўлса;
– муомалага лаёқатсиз фуқаро ёхуд зарур ваколатлари бўлмаган вакил ишончномани тасдиқлаш учун такдим этган хужжатлар белгиланган талабларга мувофиқ бўлмаса.

Ишончномалар кўпи билан 3 йилгача берилади, муддат кўрсатилмаган бўлса ишончнома 1 йил амал қилади.

Манба: “Ҳуқуқий ахборот” канали.