Президент ташаббуси билан Ҳаж сафарининг нархи туширилди

Ўзбекистон Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ҳудудида энг кўп сонли мусулмонлар яшайдиган давлат ҳисобланади. Ислом дининг асосий рукнларидан бири бўлган ҳаж сафарига боришни хоҳловчилар ҳам шунга мос равишда кўпчиликни ташкил қилади.

Сўнгги икки йилда ҳаж ва умра сафарларига бориш бўйича давлат томонидан анча имкониятлар ва эркинликлар амалга оширилди.

Фото: Аэропортда, Ҳаж сафарига кетилмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси кеча 2019 йилги Ҳаж сафари харажатларининг нархи туширилганлиги ҳақида хабар берди.

Жумладан, хабарда шундай дейилади:

“Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг шахсий ташаббусларига асосан фуқароларимизга Ҳаж ва Умра сафари мобайнида кўрсатиладиган хизматлар сифатини янада ошириш, сарф-харажатларни арзонлаштириш мақсадида, махсус ишчи гуруҳи ташкил этилиб, Саудия Арабистонидаги ширкатлар билан музокаралар олиб борилди.

2018 йилда фуқароларимиз учун Ҳаж зиёратини амалга ошириш харажатлари 38 миллион сўмни ташкил этган эди. 2019 йилдан Саудия Арабистонида барча хизматларга 5 фоизлик қўшилган қиймат солиғи ва меҳмонхоналарга 2,5 фоизлик солиқ киритилди. Шунга кўра бу йил ҳаж зиёрати сарф-харажатлари тахминан 42-43 миллион сўм бўлиши кутилаётган эди.

Давлатимиз Раҳбарининг иродалари ва саъй-ҳаракатлари натижасида жорий йилдан фуқароларимизнинг ҳаж сафари харажатлари 33,3 миллион сўмгача туширилди, яъни ҳаж ибодатини амалга оширишни қарийб 10 миллион сўмга арзонлаштиришга эришилди. “Ҳаж – 2019” мавсумидан сўнг умра сафари 1,3 миллионга арзонлаштирилди. Шунингдек, “Ҳаж – 2018” тўловидан ортган 926,5 минг сўм миқдоридаги маблағ ҳар бир зиёратчига қайтариб берилди.

Буларнинг барчаси мамлакатимизда фуқаролар манфаатларини кўзлаб амалга оширилаётган халқпарвар сиёсат ва эзгу ишларнинг яна бир ёрқин амалий ифодаси бўлди.”