Стэнфордда дарс бераётган ёш олима ватандошимиз Азиза Шаназарова

Хориждаги ёшларимиз орасида фахрлансак бўладиганлари жуда кўп. Бугунги суҳбатимиз ана шундай ватандошларимиздан бири билан бўлади.

Азиза Шаназарова охирги уч йил мобайнида АҚШнинг энг нуфузли университетларидан бири бўлган Стэнфорд Университетида илмий иш олиб бориш билан бир қаторда дарс бериб келаётган ватандошимиз ҳисобланади.

Ватандош: Азиза, ўзингиз ҳақингизда маълумот берсангиз?

Азиза: Асли Тошкентликман. Тошкент Давлат Шарқшунослик Институтини имтиёзли тамомлаб, Беруний номидаги Шарқшунослик Институтида илмий ходим бўлиб ишладим. У ерда йирик шарқшунос олимлар қўлида ишлашга муваффақ бўлдим ва қўлёзмалар оламига кириб бордим. Кейин эса АҚШда Индиана университетида ўқишимни давом эттирдим. Дастлаб магистратура ва кейин докторантура йўналишларида ўқидим. Ҳозирда докторлик диссертациямни ҳимоя қилиш арафасида турибман.

Азиза Шаназарованинг шахсий фотоальбомидан

Ватандош: Нега айнан Индиана университетини танладингиз?

Азиза: Индиана университети ўзининг бир қанча мактаблари билан дунёга машҳур. Уларнинг орасида Марказий Осиёни ўрганиш бўйича факультети ҳам бор. Бундан ташқари, ушбу факультетда шарқшунослик соҳасидаги нуфузли профессорлар дарс бериб келишади. Шулардан бири Сўфизм бўйича энг машҳур олимлардан саналган профессор Девин ДеВис бор. Мен айнан профессор ДеВиснинг шогирди бўлиш учун Индиана университетига кирганман.

Ватандош: Илмий ишингиз ҳақида гапириб берсангиз.

Азиза: Мен дастлаб Марказий Осиёда жадидчилик ҳаракати тарихи бўйича ишладим ва магистирлик ишимни асли Тошкентлик жадид ёзувчиси бўлган Лазиз Азиззоданинг «Туркистоннинг уйғониш тарихи» асари устида ишладим ва шу асарни инглиз тилига таржима қилдим. Кейин, менга жуда қизиқ бўлган мавзу, тасаввуф ва аёллар тарихига илмий шўнғидим. Айниқса, мен Марказий Осиёда тасаввуфнинг ривожланишида аёлларнинг қўшган ҳиссаси мавзусига қизиқаман. Менинг докторлик диссертациям Марказий Осиёда сўфий аёллар ва гендер тарихи билан боғлиқ.

Ватанимизнинг дунё илмига қўшган ҳиссасини талабаларга ўргатиш менга завқ беради.

Азиза Шаназарова

Ватандош: Илмий иш билан бирга дарс бериш билан ҳам шуғулланиб келасиз. Қандай мавзуларда дарс берасиз?

Азиза: Дарс беришни Индиана университетида бошладим. У ерда Буюк Ипак Йўли, Марказий Осиёда аёллар тарихи ва Араб тили бўйича дарс бердим. Ҳозирда эса, Стэнфорд университетида Исломда аёлларнинг ўрни ва Сўфизм мавзуларида маърузалар ўқиб келаяпман. Талабаларга дарс беришни яхши кўраман. Маърузаларимда Марказий Осиё ҳақида сўзлаб бераман, айниқса Ўзбекистонни кўп ёдга оламан. Ватанимизнинг дунё илмига қўшган ҳиссасини талабаларга ўргатиш менга завқ беради.

Азиза Шаназарованинг шахсий фотоальбомидан

Ватандош: Талабаларнинг, умуман университет илмий доирасининг Исломга, Марказий Осиё, хусусан Ўзбекистонга қизиқиши қандай?

Азиза: Талабаларнинг Ислом ва Марказий Осиёга қизиқиши турлича. Талабалар орасида Марказий Осиё ёки Ўзбекистон номларини биринчи марта эшитиб турганлари ҳам учрайди, бошқалари борки улар бутун ҳаётини Марказий Осиёни ўрганишга бағишлашни хоҳлайди. Умумий олиб қарасак, Марказий Осиёнинг ўтган асрдаги Совет тарихи уни ғарб илмий-академик доирасида «аросат» ҳолатида турганлигининг сабаби эканлигига амин бўламиз. Масалан, Стэнфорд университетида Марказий Осиёни ўрганиш йўналиши Рус ва Шарқий Европани ўрганиш илмий марказининг ичида. Аслида, бу марказнинг фаолиятини синчиклаб кузатсак, Марказий Осиё бўйича деярлик ҳеч нарса қилинмаётганлигини кўрамиз. Шу қаторда, кўпчилик университетларнинг Исломшунослик кафедраларининг фаолиятини текширсак, у ерда жуда кам ҳолатда Марказий Осиёга тегишли илмий фаолият олиб борилаётганини кузатишимиз мумкин. АҚШнинг ичида Марказий Осиё бўйича мукаммал мутахассис тайёрлайдиган ягона илмий маскан бу Индиана университетининг CEUS (Central Eurasian Studies Department) факультетидир. Бундан ташқари, баъзи бир университетларда Марказий Осиёга доир дарслар ва тиллар ўргатилса ҳам, улар Марказий Осиё бўйича тўлақонлик мутахассис тайёрлашмайди.

Ватандош: Биласиз, бугунги кунда Исломофобия яна жиддий мавзуга айланди. Афсуски, бунинг салбий оқибатлари ҳам юз бериб турибди. Мана сиз ўқиган, ишлаган илмий даргоҳларда Исломга ва бошқа маданиятларга муносабат қандай?

Азиза: Бу саволга сиёсатшуносларимиз тўлиқ жавоб бера олади, деб ўйлайман. Лекин, шуни таъкидлаб ўтиш керакки, сиёсий ва илмий даргоҳларда Исломофобия бир хилда эмас.

Мен фаолият кўрсатган университетларда ва илмий марказларда деярлик бу муаммога дуч келмаганман. Лекин, илмий масканларда расизмнинг қолдиқлари бутунлигича бартараф этилган деб айта олмайман.

Ватандош: Сизга ўхшаб хорижда, хусусан докторантура – PhDда ўқишни режалаштириб, орзу қилиб юрган ватандошларимизга қандай маслаҳатлар берасиз?

Азиза: Маслаҳатим доимо мақсаб сари интилиш. Аслида, PhDга кириш қийин эмас, лекин ҳар хил чиғириқлардан ўтиб уни якунлаш одамда матонат ва сабрни талаб қилади. Чет элда PhD қилишни орзу қилаётган ёшлар учун маслаҳатим ўзларининг илмий тадқиқот мавзуларини олдиндан белгилашни ва шу мавзу доирасида конференциялар, илмий анжуманларда қатнашишини тавсия қиламан. Бу эса уларга шу соҳада иш олиб бораётган мутахассислар ва илмий марказлар билан танишишларига ёрдам беради. Мен аминманки, Ўзбекистондаги ёшлар қўрқмасдан Европа ва АҚШ университетларига магистратура ва докторантурага топширишлари керак ва улар буни уддалай олишади. Бир мисол, ўтган йили менинг укам Тошкентда туриб ўндан зиёд АҚШдаги нуфузли университетларга MBA (Masters degree) учун қабул қилинди, умумий ҳисобда 500000$ гранд (scholarship) асосида. Ҳозирда укам Йел университети талабаси ҳисобланади. Укамнинг мисоли Ўзбекистон ёшлари учун «Интилганга толе ёр» мақолининг тўлақонлик исботи дейишим мумкин.

Азиза Шаназарованинг шахсий фотоальбомидан

Ватандош: Докторлик ҳимоянгиз шу кунларда экан. Ундан кейинги режаларингизда нималар бор.

Азиза: Ҳозирда Оксфорд ва Питтсбург университетларидан «постдокторлик»ликка таклиф олдим. Питтсбург университетида ҳозирда Марказий Осиё бўйича янги лойиҳалар ташкил қилинмоқда. У ерда илмий ишимни давом эттириш билан бир қаторда дарс беришда ҳам давом этаман. Оксфорд университетида биринчи китобим устида изланиш олиб бориш ниятим бор.

Ватандош: Китобингиз нима мавзуда бўлади?

Азиза: Биринчи китобим диссертациямга асосланган бўлиб, унга кирмаган қўшимча манбаларни ҳам қамраб олади. Ҳозирча ишчи мавзу “Female Religiosity and Gender History in Early Modern Central Asia” (Марказий Осиё илк модерн тарихида аёлларнинг диндорлик масаласи ва гендер тарихи) деб номланган.

Ватандош: Китобингизни кутиб қоламиз ва келгуси ишларингизда ҳам омад ёр бўлсин!