Фаррух ФАТТОЕВ: Коинотимизнинг бор йўғи 5 фоизини тушунамиз

“Ядровий моддалар ҳолат тенгламаси ҳамда нейтрон терисининг ӯлчамини аниқлаган, ватандошимиз, ёш физик олим, профессор Фаррух ФАТТОЕВ билан суҳбат”

Vatandosh:   Фаррух ака, аввало ўзингиз ҳақингизда гапириб берсангиз. Фаррух Фаттоевнинг физик олим бўлиб етишиш тарихи қандай бўлган? Ким катта рол ўйнаган.

Фаррух Фаттоев: Мен Сурхондарё вилояти, Сариосиё тумани, Янгиҳаёт қишлоғида (ҳозир Янгиҳаёт шаҳарчаси) туғилиб ўсганман. Бошланғич таълимни Жалолиддин Румий номли 9-ўрта мактабда олганман. Ёшлигимдан барча мактаб фанларига қизиқишим бир хил бўлган. Ўзим катта бўлсам журналист ёки ёзувчи бўламан деб орзу қилар эдим. Шу билан бирга риёзиёт (алгебра), ҳандаса (геометрия), физика, кимё (химия) ва биология фанларига ҳам қизиқишим жуда кучли эди. Физика фундаментал фан бўлганлиги боис, физик олим бўлиб етишимга ҳам айнан барча фанларга универсал қизиқишим борлиги сабаб бўлган. Қолаверса, отам Фаттоев Жаббор, республикамиз миқёсида жуда таниқли физика фани ўқитувчиси ҳисобланадилар. У кишининг роллари албатта жуда катта бӯлган ва ўзлари бизлар учун ҳамиша намунавий модел ролини ўйнаб келганлар. Адабиётга қизиқишим опамдан ўтган бўлса, ҳандасани ўрганишимда онам катта рол ўйнаганлар, табиий фанларда эса отам ва акаларим катта рол ўйнаганлар. Албатта мактабдаги ўқитувчиларимнинг, айниқса физика фани бўйича ўқитувчимиз Ҳасан Бобоевнинг роллари ҳам катта бўлган. Бу шунчаки узоқ илмий изланишларнинг бошланиши эди, албатта. Мен бакалавр таълимини Самарқанд давлат университети, физика факультетида олганман. У ердаги барча устозларимнинг ролини муҳим деб санайман. Айниқса, Профессор А. Жумабоев ҳамда Доцент Ш. Умидуллаевларни ўринларини алоҳида эслатиб ўтмоқчиман. Мен бу кишилардан илмий изланиш нима эканлиги моҳиятини тушуниб етганман. Кейинчалик магистратура таълимини Ўзбекистон миллий университетида олганман. Ҳақиқий олимлик ишларим ҳам шу ерда бошланган. Мен Ядро физикаси институтида Профессор Бобомурод Аҳмедов илмий раҳбарлиги остида кўп нарсаларни ўргандим. Назарий физикани чуқурроқ ўрганишимда эса барча профессорларим муҳим рол ўйнаганлар. Айниқса, Профессор Беруний Файзуллаевдан жуда кўп сабоқлар олганман. 

Vatandosh:   АҚШга келиш тарихингиз ҳақида гапириб берсангиз. Ва илк келган вақтингизда таълим олиш ва илмий фаолиятда қандай қийинчиликлар бўлган ва уларни қандай енгиб ўтгансиз?

Фаррух Фаттоев: Магистратурани битиргандан сўнг, мен бир йили Ядро Физикаси ҳамда Астрономия Институтларида илмий ходим бўлиб ишладим. Бу орада икки ойга Ҳиндистонга илмий сафарга бориб келдим. Режа бўйича ёки Ўзбекистонда ёки Ҳиндистонда докторлик ишимни битиришим лозим бўлган. Ўша йили Италиянинг Халқаро Назарий Физика Марказида махсус бир илғор магистратура курси очилди ва мен билан бирга Камерун, Украина ва Хитойдан тўрт кишига стипендия таклиф этишди. Икки йил у ерда ўқиб ҳамда илмий иш билан шуғуллангач, 2007 йили АҚШга докторантурага ўқиш учун отландим. Флорида Штати Университетида таълим олиш жараёни мен учун анча осон кечди. Биз оладиган фанларни мен аллақачон Ўзбекистон ва Италияда олган эдим, шунга ҳаммаси гўё хамирдан қил суғургандай эди. Докторантуранинг биринчи икки йилини ўқиш ва дарс бериш билан ўтказдик. Кейин эса назарий ядро физикаси гуруҳида илмий фаъолиятимни бошладим. Икки йил давомида илмий раҳбарим Профессор Хорхе Пиэкаревич билан бирга беш илмий мақолани нашр этдик ва мен 2011 йилда докторлик диссертациямни ёқладим. 2012-2014 йилларда Техас Агро-Механик Университетида, 2015-2018 йилларда эса Индиана Университетида постдокторлик вазифасида илмий ишлар қилиб келдим. Бу орада 30 дан ошиқ илмий изланишларим нашр этилди ва қолаверса дунё назарий физиклар ҳамжамиятида ўз ўрнимни эгаллаб олдим, десам адашмаган бўламан. Албатта ҳеч нарсага қийинчиликларсиз эришиб бўлмайди. Уларни енгиб ўтишда эса яқинларимнинг, айниқса рафиқам Зебо Фаттоеванинг ҳамиша қўллаб-қувватлашлари ёрдам берган. Бу орада биргаликда уч фарзандни катта қилдик. Ёш болалар билан илмий изланишлар олиб бориш албатта машаққат талаб қилади. Шуларга қарамай рафиқам ҳам яқинда Индиана Университетидан ҳуқушунослик бўйича докторлик даражасини олди.

Фото: Фаррух Фаттоев оиласи билан

Vatandosh:   Ҳозирда қандай илмий ишлар, изланишлар билан бандсиз? Устозларингиз, ҳамкасб ва шогирдларингиз, иш жараёнингиз ҳақида гапириб берсангиз?

Фаррух Фаттоев: Мен ҳозирда Манхэттен Коллиж университетининг физика факультетида профессорлик лавозимида ишлаб келаман. Асосан физика предметларидан дарс бераман. Дарсдан ташқари эса нейтрон юлдузлари астрофизикаси соҳасида илмий изланишлар олиб бораман. Биз асосан маълум бир илмий проектлар устида ойлаб ишлаймиз. Ҳозирнинг ўзида бу ердаги студентим билан бирга нейтрон юлдузи қобиғи физикаси устида ишлаяпмиз. Яна бир қанча ҳамкасбларим билан коллаборацион илмий ишлар олиб бораяпман. Канадалик ҳамкасбим билан ядровий пасталар ҳақида ишлаётган бўлсам, америкалик олимлар билан нейтрон юлдузларнинг гелгит (маддий) деформацияси устида ишлаяпмиз.

Бизда иш одатда эрталаб соат саккиздан бошланади. Ҳафтада икки куни дарс ўтаман. Қолган кунлари эса факультет ва университет ишлари билан шуғулланаман, студентларни қабул қиламан ва илмий изланишларни олиб бораман. Физика факультетимизда 10 та профессор ишлайди. Шундан мен ядро физикаси ва астрофизикаси соҳасида ишласам, қолган ҳамкасбларим заррачалар физикаси, космология, оптика, статистик физика, ҳамда қаттиқ жисмлар физикаси соҳаларида ишлайдилар.

Vatandosh:   Фаррух ака, ўтган йили шов-шувга сабаб бўлган илмий кашфиётингиз мазмуни ҳақида гапириб берсангиз. Бу мавзу, яъни гравитациявий тўлқинлар, атом ядроси бўйича изланишлар қандай кечди?

Фаррух Фаттоев: Бу навбатдаги илмий изланишимизлардан бири эди. Бундан юз йил муқаддам Алберт Эйнштейн гравитация назариясини кашф қилганида бу назария бир қанча физик жумбоқларни ечган эди. Ўшанда бу назария гравитацион тўлқинларнинг мавжудлиги ҳақида ҳам башорат қилган эди. Бундай тўлқинларнинг ўлчами жуда кичик бўлганлиги боис уни тўғридан тўғри қайд этиш учун қилинган сайъ-ҳаракатларга роппа роса 100 йил кетди.  2017 йилда эса икки нейтрон юлдузи жуфтликларидан ҳосил бўлган гравитация тўлқинлари Ер шаридаги детекторларда қайд этилди. Бундай тўлқинлар ўзлари билан бирга бир қанча маълумотларни ҳам олиб келади. Жумладан, бу тўлқинларда нейтрон юлдузининг қанчалик қисувчанлиги ҳақидаги маълумотларнинг излари ҳам мавжуд. Биз ушбу маълумотлардан фойдаланиб нейтрон юлдузи моддаси ҳолат тенгламасининг қандай бўлишилиги ҳақида баъзи бир муҳим кашфиётлар қилдик. Ва жумладан, нейтрон юлдузларининг радиус ўлчами 14 кмдан юқори бўла олмаслигини исботладик.

Vatandosh:   Сўнгги йилларда “Қора туйнук” ҳақида кўп гапирилмоқда. Шу қизиқарли мавзуни қисқача тушунтириб берсангиз. Янги маълумотлар нима деяпди?

Фаррух Фаттоев: Қора туйнукларнинг борлигини 1916 йилда Карл Щварцшилд деган немис олими Эйнштейн тенгламаларини ечганда башорат қилган. Самодаги барча юлдузлар ядровий ёқилғиси тугагандан сўнг массаларига қараб уч қисматга йўлиқишади: оқ митти, нейтрон юлдузи ва қора туйнук. Массаси ўзимизнинг Қуёшимиз тенги юлдузларнинг тақдири оқ митти билан тугайди. Бунда юлдузнинг гравитация кучларига бас келадиган кучлар бўлиб электронларнинг айниган босими хизмат қилади ва юлдузнинг ўлчами Ер ўлчамидек кичкина бўлиб қолади. Агар бошланғич юлдузнинг массаси анча каттароқ, 8-25 Қуёш масссига тенг бўлса, унда унинг қисмати боя таъкидлаганимиздек нейтрон юлдузлари билан тугайди. Яъни, бундай юлдузларнинг ўлчами Тошкент шаҳридек бўлиб қолади. Ва агарда бошланғич юлдузнинг массаси 25 Қуёш массасидан каттароқ бўлса, унда бундай юлдузларнинг қисмати қора туйнук билан тугайди. Қора туйнукларнинг ўлчами мавжуд эмас. Уларни тавсифловчи геометрик ўлчамга “ҳодиса уфқи” дейилади. Қора туйнукнинг марказидан ушбу ҳодиса уфқигача бўлган зонадан ҳеч қандай объект ва ҳатто ёруғлик ҳам қочиб чиқиб кета олмайди. Ҳодиса уфқини ҳатлаб ўтган барча жисмлар қора туйнукка бутунлай асирликка тушиб қоладилар. Шунинг учун улар ҳақида маълумот олиш гўё номумкиндай. 2015 йилда эса биринча маротаба айнан ушбу қора туйнуклари тўқнашуви оқибатида ҳосил бўлган гравитацион тӯлқинлар қайд қилинган эди. Ундан сўнг бу ҳодиса яна бошқа 10 қора туйнук жуфтликлари тўқнашувлари ҳосил қилган гравитацион мавжлар қайд этилди. Бу мавжлар ҳакида тўхталадиган бўлсак, улар фазо-замон матосининг ҳилпирашлари ҳисобланиб уларнинг амплитудаси жуда кичик. Масалан, икки қора туйнук тўқнашуви оқибатида ҳосил бўлган фазо-замон мавжи Ер шаридан ўтаётганда уни кўндалангига қисқартириб узунасига чўзади. Бундай самаранинг ўлчами жуда кичик бўлиб Ер шари бор йўғи бир протон ўлчамидек ҳилпиррайди, холос.

Ўтган ҳафтада эса биринчи маротаба оламнинг энг катта қора туйнукларидан бири бўлмиш М87 супермассив қора туйнугининг акси олинди. Айтиш жоизки бу қора туйнукнинг массаси тахминан 5 миллиард Қуёш массасига тенг бўлиб унинг ҳодиса уфқи 120 астрономик бирликка тенг.

Vatandosh:   Бугунги кунда қайси давлатнинг физиклар мактаби кучли? Замонамизнинг машҳур физиклари кимлар?

Фаррух Фаттоев: Бугун рақобатбардош мактабларнинг сони талайгина. Менимча, АҚШ, Чин (Хитой), Олмон (Германия), Жопон (Япония), Канада, Инглистон (Англия), Италия, Корея, Россия ва Ҳиндистоннинг мактаблари ҳар доим биринчиликларни эгаллаб келишади. Замонамизнинг машҳур физикларидан деб Эдуард Уиттен ва Хуан Малдасеналарни мисол келтирсам бўлади. Эдуард Уиттен асосан тор назарияси билан машҳур бўлса, Хуан Малдасена ҳолографик тамойил билан барчага маъруф. 

Vatandosh:   Бугунги кунда физикларининг олдида турган энг долзарб муаммо, мавзу нима?

Фаррух Фаттоев: Энг долзарб муаммолар сарасига қоронғу энергия ва қоронғу моддаларни тавсифлаш киради. Биз ҳозирда Коинотимизнинг бор йўғи 5 фоизини тушунамиз, холос. Коинотимиздаги қолган 25 фоиз моддаси жозиба кучларидан бошқа ҳеч қандай қонуниятга бўйсунмаганлиги боис улар ҳақида деярли ҳеч қандай маълумотга эга эмасмиз. Шунга бу моддаларга қоронғу модда дейилади. Албатта бу соҳадаги назарий изланишлар талайгина. Лекин бу назарияларнинг бирортаси ҳали балоғатга етмаган (яъни тўлиқ исботланмаган). Бундан ташқари, коинотимиз ҳозирда тезланиш билан кенгайиб бормоқда. Бу тезланишни тушунириш учун эса маълум бир энергия сабабчи. Бу энергия бутун коинотимизни қамраб олган бўлиб борлиқнинг қолган 75%-ини ташкил қилади. Буни ҳам бутунлай тушунмаганлигимиз боис, бунга ҳозирча қоронғу энергия деб ном беришган.  

Vatandosh:   Компьютер ва ахборот технологияларининг ривожланиши илм-фан ривожига катта таъсир кўрсатди. Мисол учун, дастурлаш орқали самолётлар, ракеталарни учурувчи дастурларни яратиш ривожланди. Илон Маскнинг кашфиётлари, SpaceX ракеталарининг сўнгги имкониятлари хайратли. Физикларнинг тадқиқотларида бу борада яна қандай имкониятлар пайдо бўлди?

Фаррух Фаттоев: Одатда физика ҳар доим бир қадам олдинда юриб келган. XVIII-XIX асрдаги физик кашфиётлар кейинчалик XIX-XX аср технология ривожланишларига асос бўлиб хизмат қилган. Ёки XX-асрлардаги транзисторлар ҳақидаги кашфиётлар кичик ҳажмдаги компьютерлар яратилишида хизмат қилган. Ҳозир ҳам нанометр ўлчамли транзисторлар яратишда физиканинг роли ўта муҳим. Бундай транзисторлар эса биз ва сизнинг компьютерларимизда, ёки смартфонларимизда ишлатилиб келинади. Қолаверса, XX асрнинг бошида қилинган физик кашфиётлар ҳозир Илон Маскнинг SpaceX ракеталарини учириш механикасида  ишлатилиб келинмоқда. Ёки учар магнит поездлари ҳам физик кашфиётларга асосланиб қурилган. Энг қизиғи шуки дастлабки компьютер дастурлари айнан физик масалаларни ечиш учун ёзилган ва ёхуд айнан физик муаммоларни ечиш компьютерлар ривожланишида катта туртки бўлган. Ҳозирда ядровий энергиялар ҳақидаги физик тадқиқотлар яқин келажагимиз энергия муаммосини бартараф этишда хизмат қилиши мумкин. Ёки олиб борилаётган қаттиқ жисмлар ҳақидаги ўта ўтказувчанлик ҳақидаги тадқиқотлар бутунлай янгича технологияларни яратилишида хизмат қилиши мумкин. Тепада қоронғу энергиялар ҳақида гапириб ўтган эдик. Агарда бундай энергиялар ҳосилавий бўлиб юқори фазовий ўлчам таъсирлари оқибатида келиб чиқаётган бўлса, унда бу бутунлай бошқа бир йўналишдаги кашфиётларга олиб келиши мумкин. Албатта физик кашфиётлар шунчаки бир туртки вазифасини бажаради ва бутунлай бир янги соҳанинг келиб чиқиши учун барча олим ва муҳандисларнинг биргаликдаги қилинган  сайъ-ҳаракатлари катта рол ўйнайди.

Шу ўринда битта қизиқ мисол, Илон Маск Пенсилвания Университетида ҳам бизнес ва ҳам физика йӯналишларида бараварига бакалавр дипломларини олган экан. Докторантурани ҳам физика соҳасида Стэнфорд Университетида бошлаган ва кейинчалик проектлари билан банд бӯлиб ташлаб кетган.

Vatandosh:   АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги физика фани, бу соҳадаги илмий ишларда қандай асосий фарқлар бор, ўхшашликлар нимада?

Фаррух Фаттоев: Физика фани фундаментал фан бўлганлиги боис у жой танламайди. Албатта, маълум бир мақсадларга етишишда эса илмий шароит ва мутахассислар лозим. Ҳам АҚШда ҳам Ўзбекистонда назарий физикага оид шароитлар деярли бир хил десам адашмаган бўламан. Назарий илмий тадқиқотларни  бажаришда АҚШда суперкомпьютерлардан фойдаланиш жуда катта йўлга қўйилган. Кўпгина илғор илмий ишлар айнан ушбу суперкомпьютерларда қилинади. Бу ердаги соҳа мутахассислари ҳам етарлидан сал ортиқ десам муболаға бўлмайди. Тажрибавий физика ишларида эса имкониятлар нуқтаи назаридан АҚШнинг қўллари анча узунроқ. Бу ернинг лабораториялари дунёнинг энг илғор лабораториялари ҳисобланади. Албатта бундай лабораторияларни яратишда катта маблағ ажратилади. Ҳозир Ўзбекистонда ҳам табиий фанларга катта эътибор бериб келинмоқда. Физик олимларимизнинг физикага қўшган ҳиссалари эътиборга лойиқ.

Vatandosh:   Ўзбекистонда таълимни, илмий ишларни ривожлантириш борасида нима таклифлар берган бўлар эдингиз? Соҳада қандай муаммолар бор деб ўйлайсиз? Хусусан, физика соҳасида.

Фаррух Фаттоев: Ўзбекистонда таълимни ривожлантиришда охирги йилларда кўп ишлар қилиниб келинмоқда. Бизда одатда таълим тизими бутунлай давлат назоратига олинади. АҚШ билан солиштирадиган бўлсак, бу ердаги олийгоҳлар икки туркумга бўлинади: штат ва хусусий олийгоҳлар. Университетлар одатда ўз-ўзларини бошқаришади ва бирор бир юқори муассасага бўйсунишмайди. Бу ерда охирги пайтларда янгича ўқитиш услублари кўп қӯлланилиб келинмоқда. Бу ноанъанавий ўқитиш услубиятларидан бири “тескари синф” ҳисобланади. Бунда профессор-ўқитувчи дарс мавзусини олдиндан эълон қилади ва талабаларга керакли маълумотларни етказади ва дарсга тайёр бўлиб келиш масъулиятини юклайди. Дарс жараёни эса асосан савол-жавоб тариқасида ўтади. Мен Ўзбекистондаги баъзи бир фанларни ўқитишда ушбу услубдан фойдаланишни маслаҳат берган бўлар эдим.

Илмий иш борасида эса, асосан юқорида эслатиб ўтган шарт-шароитларни муҳайё қилиб бериш керак. Масалан, суперкомпьютерлардан ва тезкор интернетдан фойдаланиш, барча керакли илмий журналларга аъзо бўлиш ва кутубхоналарни замонавийлаштириш энг муҳим омиллардан деб ўйлайман. Тез ривожланиб бораётган бир замонда бундай электрон маълумотлар жуда муҳим. Таълим олиш ҳамда илмий иш қилиш жараёнларида пайдо бўладиган барча тўғаноқларни бартараф этишдан бошлаш керак. Мен ишлаб юрган пайтларда, қилинган (ва ёки қилинмаган) илмий ишлар учун ҳар чоракда ҳисобот талаб қилинар эди. Кўп олимларнинг вақти ҳисобот ёзиш билан ўтиб кетар эди. Одатда бир илмий ишни охирига етказишда баъзида ҳафталар кетса, баъзида ойлар ёки йиллар вақт кетади. Шунга ҳар қандай ҳисоботни минималлаштириш муҳим деб ўйлайман. Масалан, АҚШдаги ҳисоботларда бор йўғи мақолалар сони ва адабиёти сўралади, холос. Фонд шартномасининг тугаши арафасида эса тўлиқ ҳисобот талаб қилинади. Буни ҳам фонд агентлиги сўрайди, олийгоҳ эмас.

Vatandosh:   Сўнгги ўқиган китобларингиз? Қайси илмий, ноилмий фойдали сайтларни кузатиб борасиз? Ва умуман ҳоббингиз нима?

Фаррух Фаттоев: Илмий ва илмий-оммабоп асарларни ҳисобга олмасак, яқинда Сю Графтоннинг “Жасад” ва “Далил” романларини мириқиб ўқидим. Бундан ташқари ўтган ойда Жеймс Паттерсоннинг “Хусусий” романини ўқиб битирдим. Илмий сайтлардан www.arxiv.org, Science News, Discover, Scientific American, Popular Mechanics, Science, Naturе ва Physics Today ларни кузатиб бораман. Бўш вақтларимда футбол ўйинларини кузатиб бораман ва классик рок мусиқаларини эшитаман.

Фото: Фаррух Фаттоев

Vatandosh:   Ўзбекистонда ёшлар орасида физика йўналиши бўйича хорижда олий таълим олмоқчи бўлганлари бор. Сиз шундай ёшларга нима маслаҳатлар берган бўлар эдингиз?

Фаррух Фаттоев: Ягона берадиган маслаҳатим илм ўрганиб ва ундан завқланишни муттасил равишда канда қилмасдан олиб бориш ва ҳар қандай тўғаноқларни босиб ўтишда ҳеч қачон тан бермаслик бўлар эди. Имконият ва шароитлар тўғри келса, унда хорижда магистрлик ва ёки докторлик таълимларини олсалар тажрибаларига тажриба қўшилади.

Vatandosh:  Келгусидаги режаларингиз, мақсадларингиз нималардан иборат?

Фаррух Фаттоев: Келгусидаги ўзимдан шогирдлар чиқариб янги авлодни физика фанига тайёрлаб бориш, шу билан бирга илмий ишларимни давом эттириб дунё ҳамжамиятининг физика фанига ўз ҳиссамни қўшишда давом эттиришни режалаштирганман. Орзу қиламан, Ўзбекистон ҳам фан ва технология бўйича илғор мамлакатлар сирасига киради ва мен ҳам бунда ўз ҳиссамни қўшиб бораман.

Vatandosh:  Қизиқарли ва илмий фикрларга бой суҳбатингиз учун ташаккур. Келгуси ишларингизда ҳам омад ёр бўлсин.

Ўзбекистонлик ёш физик олим ҳақида қисқача маълумот:

Фаррух Фаттоев 1982-йилнинг 11-февралида Сурхондарё вилояти, Сариосиё туманида туғилган. 1998-2002 йилларда Самарқанд Давлат университети, Физика факультетида, 2002-2004 йиллар Ўзбекистон Миллий университети, Физика факультети магистратурасида таҳсил олган. 2002-2005 йилларда Ўзбекистон Фанлар Академияси Ядро физикаси институти ҳамда Улуғбек номидаги Астрономия институтида компакт объектларнинг электродинамикаси ва умумий нисбийлик назарияси бўйича изланишлар олиб борган. 2005-2007 йилларда Италиянинг Триесте шаҳрида жойлашган Халқаро Назарий Физика Маркази ҳамда Триесте университетида таҳсил олиб, илғор магистр даражасига эришган. Бу пайтда у Инфляцион Космология ва Бран Назарияси соҳаларида илмий иш юритган эди. 2007-2011 йилларда Фаррух Фаттоев АҚШнинг Флорида Штати Университетида таълим олиб, 2011 йилда Назарий Ядро Физикаси ва Ядро Астрофизикаси соҳасида докторлик ишини муваффақиятли тугаллади. 2012-2014 йилларда Техас Агро-Механик Университетида ва 2015-2018 йилларда Индиана Университетининг, «Энергия ва материя устида тадқиқотлар маркази»да илмий фаолият олиб борган. 2018 йилдан бери Манхэттен Коллиж университетида профессорлик лавозимида ишлаб келаяпди.