Хорижда истиқомат қилаётган ватандошларга виза бериш тартиби белгиланди

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ўзининг “Ҳуқуқий ахборот” телеграм канали орқали қонунчиликдаги мазкур янгилик ҳақида хабар берди.  

Ҳукумат қарори (326-сон, 17.04.2019 й.) билан Хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар ва уларнинг оила аъзоларини Ўзбекистон Республикасига таклиф қилишни расмийлаштириш, кўп марталик кириш визаларини бериш ҳамда уларни ички ишлар органлари томонидан вақтинча прописка қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Низомга мувофиқ, ватандошларни Ўзбекистонга таклиф қилиш учун миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаларига, шаҳар бўлимларига (М ва ФР) қуйидагилар тақдим этилади:

  • ариза-анкета;
  • таклиф қилувчининг паспорти;
  • ватандошнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат;
  • таклиф қилувчининг ватандош билан қариндошлигини тасдиқловчи ҳужжат;
  • ватандош Ўзбекистонга оила аъзолари билан келмоқчи бўлса, уларнинг шахсини ва қариндошлигини тасдиқловчи ҳужжатлар;
  • таклиф қилувчининг 3,5х4,5 икки дона расми;
  • давлат божи тўланганлиги ҳақида квитанция (20 минг 273 сўм).

М ва ФР бўлинмаси 3 иш кунида ҳужжатларни текширади. Сўнг аризани келишиш учун ваколатли органга юборади.

М ва ФР ваколатли орган билан келишганидан ва ижобий қарор қабул қилганидан сўнг таклифнома тўлдирилади ва таклиф қилувчига берилади.

Таклиф қилиш ҳақидаги ҳужжатларни кўриб чиқиш муддати 15 иш кунидан ошмаслиги лозим.

Таклифнома 3 ой амал қилади ва у кириш визаларини расмийлаштириш учун Ташқи ишлар вазирлигининг Консуллик-ҳуқуқий департаменти ёки вазирликнинг ҳудудий бўлинмаларига қуйидаги ҳужжатлар билан берилади:

  • виза талаби;
  • e-visa.mfa.uz сайти орқали олинган электрон анкета;
  • ватандошнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат;
  • кириш визалари Тошкент халқаро аэропортида олиниши мўлжалланган ҳолатларда – авиачипта ёки бронь нусхалари;
  • давлат божи тўланганлиги ҳақида квитанция (300 АҚШ доллари).

Ҳужжатлар 5 иш кунида кўриб чиқилади ва амал қилиш муддати 2 йил бўлган кўп марталик “VTD” кириш визалари берилади.

Таклиф қилувчи ватандошни вақтинча прописка қилдириш учун М ва ФРга мурожаат қилади ва М ва ФР бўлинмаси 2 иш кунида 2 йиллик пропискани расмийлаштиради.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан тайёрланган инфографика