Калифорниялик Стефан Браун Ўзбекистонга бориш имкониятини қўлга киритганидан хурсанд

АҚШнинг Калифорния штати, Лос Анжелис шаҳрида яшовчи блогер, машҳур TikTok видеопорталининг менежери Стефан Браун Ўзбекистонда ташкил қилинаётган халқаро саммитда қатнашиш имкониятини қўлга киритганидан хурсанд бўлиб Ўзбекистон ҳақидаги илиқ таассуротларини билдирди. У ўзининг фейсбукдаги саҳифасида хурсандчилигини улашиб қуйидагича пост билан видеохабар қолдирди.

“Мен Тошкентда ўтказиладиган Марказий Осиёдаги энг йирик уч кунлик Халқаро Ёшлар Саммитида Америка Қўшма Штатларининг вакили сифатида танланганимни эълон қилишдан жуда хурсандман! Саммит ташкилотчилари 400 дан ортиқ халқаро номзодлардан ҳужжатлар қабул қилишди ва иштирок этиш учун фақатгина 30 нафарини танлаб олдилар.

Мени доимий қўллаб-қувватлаб турган ва бу имкониятни берган Ўзбекистондан жуда хурсандман, таърифлашга сўз ожиз! Мен тез орада севимли мамлакатимга қайтиб яна  бораман, деб ўйламаган эдим, лекин сиз билан 13 май куни Ўзбекистонда кўришамиз.

Ўзбекистон, кўришгунча!”

Фотоскриншот: Стефан Браун фейсбук саҳифаси.

Дарҳақиқат, Халқаро ёшлар саммити ва шу каби турли мавзулардаги учрашувларни Ўзбекистонда мунтазам ўтказиш, бу каби тадбирларни кўпайтириш мамлакатда туризмни ривожлантиришга, ёшларнинг тажриба алмашиши ва илмий алоқалар ўрнатишига катта имконият яратади.

Шу билан бирга америкалик Стефан Браунга ўхшаб ўзининг ижобий таассуротлари ва хотиралари билан ижтимоий тармоқларда, оммавий ахборот воситаларида ўртоқлашадиган сайёҳлар сонини кўпайиши Ўзбекистоннинг хориждаги ижобий имиджини кўтарилишида катта роль ўйнайди.