Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг илк давлат ташрифи Ўзбекистонга бўлади

Президент Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев 14 апрель куни икки кунлик давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келади. Президент матбуот хизматининг қайд этишича, бу «давлат раҳбарларининг Қосим-Жўмарт Тўқаев Қозоғистон президенти лавозимига киришганидан сўнг илк бор учрашиши»дир.

Тор ва кенгайтирилган таркибда ўтказилиши режалаштирилган музокараларда икки томонлама дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинади, сиёсат, савдо-иқтисодиёт, инвестициялар, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ўзаро ҳамкорликнинг устувор йўналишлари кўриб чиқилади.

Президентлар минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда халқаро аҳамиятга молик муҳим масалалар юзасидан фикр алмашади. Давлат раҳбарларининг Қўшма баёноти қабул қилиниши, шунингдек, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни ривожлантиришга қаратилган икки томонлама ҳужжатлар тўплами имзоланиши кўзда тутилган.

«Президентлар қўшни қардош мамлакатда муваффақиятли якунига етган Ўзбекистон йилининг мантиқий давоми бўладиган Ўзбекистонда Қозоғистон йилининг расмий очилиш маросимида ҳам иштирок этадилар. Мазкур йил тадбирлари Қозоғистон санъат усталарининг концерти билан бошланади», — дейилади расмий ахборотда.

Маълумот учун, Тўқаев аввалроқ расмий ташриф билан Россияда бўлган эди.