ЎЗБЕКНИНГ ОҒРИҒИ – АФҒОНИСТОНДАГИ ЎЗБЕКЛАР!

Бир-бири билан рақобат қилувчи давлатларнинг Афғонистон ички сиёсатига аралашуви натижасида бу мамлакатда турли хил ички низолар ўртага чиқарилди, беҳисоб қуролли тўқнашувлар яратилди ва миллионларча бегуноҳ инсонлар қуролли тўқнашувлар натижасида нобуд бўлди. Дунёнинг энг гўзал табиатига ва бир неча минг йиллик тарихий обидаларга эга ўлка вайронага айлантирилди. Бу мавзу «Афғонистон ҳақида мулоҳазалар» номли мақоланинг биринчи бўлимида батафсил ёритилган. Мақола манзили: Kun.uz.

Охирги пайтларда бузғунчи кучларнинг ҳаракатлари Афғонистонда янада сезиларли даражада кўпайиб кетди. Афғонистоннинг Шимолий вилоятларида яшаб келаётган ўзбекларни ичдан емириш мақсадида ёшлар орасида ҳар хил мутаасиблик билан зўровонликни тарғиб қилиб юрган қуролланган жангарилар ўзбек қишлоқларига, ҳаттоки оилаларигача суқулиб кириб, айнан ўзбек миллатига мансуб бўлганларнигина саралаб йўқотишаётгани ошкор бўлмоқда. Бу масала «Афғонистон ҳақида мулоҳазалар» номли мақоланинг иккинчи бўлимида батафсил ёритилган. Мақола манзили: Kun.uz.

Афғонистонда давом этаётган фожиали воқеалар бутун дунё ўзбекларининг энг оғриқли томони ҳисобланади. Чунки, Ўзбекистон Республикасидан сўнг, энг кўп ўзбеклар яшайдиган минтақа бу Афғонистондир ва у ердаги ўзбекларнинг ҳаёти 40 йилдан буён ҳар доим, кундаликли таҳлика остида кечмоқда.

Камбағаллик, уруш жанжал, йўқчилик ва сафолат билан разолатга олиб борувчи ҳар хил инсон онгини чалғитадиган ҳамлалар билан сурункали тарғибот ишларини қилиб келаётган қора кучлар, нафақат Афғонистондаги ўзбеклар онгига, балки Ўзбекистондаги ўзбекларнинг ҳам, бошқа қўшни республикалардаги ўзбекларнинг онгига ҳам таъсир кўрсатиш учун ҳаракат қилмоқчи бўлган кучлар юзага чиқиши мумкинлиги бир неча марта таниқли ва нуфузли экспертлар томонидан айтиб келинмоқда.

Афғонистоннинг энг катта муаммоси бу ҳар кунги террор, қирғинлар ва зўровонлик оқибатида келтириб чиқарилган даҳшатлар ичида яшагаётган инсонлар орасида саводсизлик авжига чиққанлигидир. Бу муаммони бартараф этмасдан тинчлик ҳақидаги тасаввурга ҳам эга бўлиш имконияти йўқдек кўринади. 

Бир неча минг йиллар давомида шаклланган ўзбекларга хос бўлган миллий зеҳниятини ва миллий ўзлигини англаш туйғуларини ҳали онгига сингдириб улгурмаган, миллий тушунчасини етарлича ўзлаштира олмаган, дунёқарашлари ҳали тўлиқ шаклланмаган, эндигина миллат ҳақидаги ҳис-туйғуларни эгаллаётган ўзбек ёшларининг тафаккурига ҳар хил тарғибот йўллари билан салбий таъсир кўрсатиб, уларни вайрон қилаётган гуруҳлар Афғонистонда бир неча йиллардан бери хунрезликлар уюштириб келмоқда.

Ҳар хил сиёсий мақсадларни амалга ошириш учун ислом динини ниқоб қилиб олган мутаасибликни тарғиб қилувчи қуролланган жангариларнинг бузғунчи ғоялари ва инсон онгини чалғитиш учун махсус тайёрланган сохта илмий назарияларнинг тўқнашуви оқибатида суъний равишда келтириб чиқарилган уруш, миллионларча бегуноҳ инсонларнинг ўлимига сабабчи бўлди ва қанчадан қанча оилаларга фожиалар келтирди. Ҳар кунги қон тўкишлар, зўровонликларга гувоҳ бўлаётган ёшлар қалбидаги умуминсоний меҳр-оқибатга ишонч йўқотилди ва тушкунлик аҳволидаги умидсизликларга мубтало қилинди.

Афғонистондаги ўзбекларнинг аҳволи уруш туфайли жуда ночор аҳволга олиб келинди. Оддийгина ўз она тилида гапириш ҳақ ҳуқуқидан айрилган эди. Таъкидлаш жоизки, Афғонистон Конституциясига кўра 2004 йилдан эътиборан ўзбек тили расмий тил ҳисоблансада, афсуски ўзбек тили Афғонистонда етарлича ривожланмай қолган ва камситилган тил сифатида борлиғини давом этмоқда.

Ўзбек тилига дарий (форс) ва пуштун тилига бўлгани каби эътибор ва дастак Афғонистонда йўқ. Дарий тилини қўлланувчилар асосан Эронда босиб чиқарилган китоблардан фойдаланишади. Пуштунлар эса Покистонда чиқарилган китоблардан фойдаланиб келмоқда. Покистон ва Эрон ҳукумати форс тили ва пуштун тилининг ёйилиши учун Афғонистондаги форсигўйларга ва пуштунларга ҳар томонлама моддий ва маънавий ёрдам кўрсатмоқда. Араб мамлакатлари эса Афғонистонда диний таълимотларни ривожлантириш учун у ердаги баъзи бир гуруҳларга моддий ва маънавий ёрдам қилмоқда.

Белгиланган ташкилотларнинг манфаати йўлидаги сиёсий мақсадни амалга ошириш учун Эрон, Покистон ёки араб мамлакатларидан Афғонистонга кириб келаётган китоблар у ердаги ўзбеклар учун қандай қиймат касб этиши мумкин? Бундай китоблардан илму-ирфон излаган ўзбеклар истаганини топа олмай овора бўлиши аниқ. Чунки, бу китобларда ўзбекчилигимиз учун зарур бўлган маданий, маънавий ёки маърифий масалаларга тегишли ҳеч қандай жозибали мавзу йўқ.

Ўзбек миллатининг маданиятини ва маърифатини инкор этувчи, боз устига, ўзбекларга бегона тилда ёзилиб, сиёсий мақсадлар учун тайёрланган тарғибот китобларнинг ичидан ким ҳам ўзбекчиликни топа оларди.

Агар, эътиқод масаласи ҳақидаги диний китобларга эҳтиёж бўлса, нафақат ўзбекларга, балки Афғонистондаги барча миллатлар учун ўзимизда чиққан китобларни тавсия қилишимиз мумкин. Ўзбекча тушунмаса, марҳамат таржимонларимиз бор, бемалол форсча ва пуштунчага таржима қилиб беришимиз ҳам мумкин.

Ўзбекистонлик диний уламоларнинг асарлари мазмуни жиҳатидан ҳам, масалага илмий ёндашуви билан ҳам, бутун дунё Исломшунос олимлари томонидан нодир илмий асарлар ўлароқ тан олинган. Ўзбекистонда бир йилда бир неча минг китоб нашр қилинади, нега шу китоблардан белгиланган миқдорини Афғонистонлик миллатдошларимизга етказиб беришга ҳаракат қилмаймиз?

Диний мавзулар бўйича ўзбек тилида ижод қиладиган муаллифларнинг китоблари Ўзбекистонда кўп сонда нашр қилинган, Афғонистондаги ўзимизнинг ўзбекларимиз шу асарлар билан таъминланса бўлмайдими?

Тинч аҳолининг осойишталигини вайрон қилиш мақсадида инсонларнинг ҳаётини ҳар хил бўлмағур сиёсий манфаатлар билан булғаб, ақлини чалғитиб онгини заҳарламоқчи бўлган ва бузғунчиликни тарғиб қилувчи ташкилотлар олиб борган зўравонлик таҳдидлари таъсирида юзага чиқадиган фожиали воқеаларнинг олдини олиш мақсадида дунёнинг турли давлатларида истиқомат қилаётган ўзбек зиёлилари бирлашиб маърифий ҳаракатларни амалга оширсалар яхши ижобий натижаларга эга бўлиш мумкин бўлар эди.

Албатта, ўзбекистонликлар орасида ҳам, Ўзбекистон ташқарисида истиқомат қилувчи бошқа ўзбекларимиз орасида ҳам ночор аҳволда қолган ўз миллатдошларига инсонийлик ёрдам кўрсатиш билан бирга маърифий соҳаларда ҳам эзгу ишларда ёрдам кўрсатишни амалга оширишни ният қилиб юрганлар бор. Афсуски, бу инсонларга етарлича эътибор берилмади.

Яхши ниятларнинг амалга ошишига қарши қинғир-қийшиқ иш қилиб юрган, қандайдир мавҳум шум рақибларнинг тўсиқ бўлиб турган қўли бордек туюлади ёки бошқа бир, биз тушунмайдиган, сиёсий масала борми, бу бизга маълум эмас. Бизга маълум бўлгани шулки, Ўзбекистон ташқарисида истиқомат қилувчи ўзбекларга таълим-тарбия ва маърифат-маънавият масалаларида ёрдам беришни истаётган зиёлилар худди кераксиз нарсаларни орзу қилиб юрган ҳаёлпарастларга чиқарилиб, эътибордан ҳоли қолдирилаётган эди. Ўтмишни инкор этиб бўлмайди.

Яқин ўтмишимиздан маълумки, дунёнинг турли хил ўлкаларида яшовчи ўзбекларнинг тилини, маданиятини ва умуман борлиғини сақлаш мақсадида тирикчилиги учун зарур бўлган моддий, маънавий ва маърифий жабҳада ёрдам бериш ниятида тузилган ҳаракат режаларини ҳам, оддийгина таклифларни ҳам йўққа чиқарганлар бўлган.

Баъзи бир ҳолларда, ҳаттоки қўшни давлат фуқоралари бўлган ўзбекларга оддий меҳмон бўлиб бориб ўз маданиятини танитиш учун қилинган чиқишларни ҳам «бошқа давлатнинг ички ишларига аралашув», дея баҳолашни истайдиганлар бор эди. Албатта буларнинг ҳаммаси ўтмишда қолсада, афсуски ҳали ҳам қўшниларимизнинг расмий идораларида ишлайдиган баъзи бир кишиларнинг орасида, ўзбекларнинг миллий масаласига бемаъни муносабат кўрсатиб, ўзларининг бесунақай қилиқлари билан тўғри ниятли инсонлар кўнглига ғулғула солиб, ҳадиксиратиб қўядиганлар ҳам йўқ эмас.

Ҳалигача, кўпчлик ўзбекистонликларнинг хаёлида «Афғонистондаги миллатдошларимизга ёрдам берамиз деб бошқа давлатнинг ички ишларига аралишиб қолмаймизми», «жуда таҳликали вазият юзага чиқишига йўл очган бўлмаймизми», деган тушунчалар мавжуд эди. «Афғонистонда (наркотик) гиёҳванд моддалар ишлаб чиқарилиши авжига чиқиб кетган, агар биз алоқа қила бошласак Ўзбекистонга ҳам (наркотик) гиёҳванд моддалар кириб келиш масаласи ўртага чиқмайдими, бу эса жиддий таҳлика», дейдиганлар ҳали ҳам бор.

Аслида, эҳтиёткорона ёндошувлар ҳам асоссиз эмас. Ҳозирги кунда Афғонистонда, олдингига нисбатан кўп миқдорда ноқонуний наркотик моддалар ишлаб чиқарилиши авжига чиқиб кетган ва террорчи гуруҳлар, қуролли жангарилар ҳаракатлари жонланган. Шу ва бошқа сиёсий вазиятлар сабабли, «Афғонистон билан маънавий ва маърифий соҳаларда борди-келди алоқаларини амалга оширамиз, деб жиноий гуруҳларнинг Ўзбекистонга ҳам кириб келишига йўл очган бўламаймизми, огоҳ бўлганимиз яхшимасми», «Афғонистонга маънавий ва маърифий ёрдам бериш билан биз нимага эришамиз», деган фикрлар кўпчилик Ўзбекистонлик зиёлиларни аросатга солиши турган гап.

Тинчлик ва фаровонликда умр кечираётган одамларда бундай фикрлар бўлиши оддий ҳолат ва эҳтиёткорлик тақоза этадиган масалаларда тадбирли бўлиш кераклигини талаб қилишлари ҳам асосли. Чунки, Афғонистон ҳукуматидан ёки атрофимиздаги қўшни республикаларнинг биронтасидан ҳалигача маданий ва маърифий масалалар бўйича, таълим соҳасини ҳамкорликда ривожлантириш ҳақида Ўзбекистонга расмий шаклда қандайдир таклиф ёки илтимос билан мурожаат қилмаган.

Ўзбекнинг миллий борлиғини йўқ қилиб, ўзбек миллий урф-одатларига мутлоқа ёт бўлган иллатларни миллатдош ёшларимизнинг онгига киритиб, уларни заҳарлашга ҳаракат қилаётган ёвуз кучларга қарши, шу вақтгача Ўзбекистон Республикаси ҳукумати томонидан дунё миқиёсида ҳеч қандай илмий-амалий тадбир амалга оширилмади. Фақат Ўзбекистон ичкарисидаги ўзбекларнинг ҳавфсизлигини таъминлаш билан овора бўлиб яшаб келдик.

Миллий масалада, шунча ечилмаган муаммо бўла туриб, шу вақтгача Тожикистонда, Қирғизистонда, Туркманистонда ёки Қозоғистонда яшаб келаётган миллатдошларимиз учун, улар яшаётган давлатларда ўзбек тили ва адабиётини ривожлантириш ёки ўзбек миллий маданиятини кенг оммага танитиш мақсадида биронта бир кўзга кўринарлик расмий фаолият Ўзбекистон томонидан сезилмади.

Айнан, фитначи иғвогар унсурларнинг провокацияларидан эҳтиёт бўлиш учун, халқаро ҳуқуқ меъёрларига кўра қандайдир сафсаталарни юзага чиқариб, дунё ҳамжамияти олдида Ўзбекистон Республикасини шарманда қилишни бошлаб юборишга шай турганларнинг қилиқларига қурбон бўлиб қолмаслик мақсадида яқингача ҳеч қандай амалий ҳаракат қилинмади. Бу ҳам, инкор қилиб бўлмайдиган ҳақиқатлардан биридир.

Қўшни давлатлардаги миллатдошларимиз Ўзбекистондан нон ёки кийим-кечак сўраётгани йўқ, қандайдир моддий ёрдам сўраб, уйимни тузатиб бер, боламга тўй қилиб бер, қизимни узатишга ёрдам бер, деб тургани йўқ. Ўзбекистон ташқарисидаги ўзбеклар ўзининг тилини, маданиятини, тарихини ўрганишни истамоқда. Бу масалада, Ўзбекистондан маърифий ёрдам сўрашга ҳам, ўқув дарсликларни исташга ҳам, ҳаттоки мактаблар қуриб берилишини талаб қилишга ҳам маънавий жиҳатдан ҳар бир ўзбекнинг ҳаққи бор. Лекин, Ўзбекистон ташқарисида яшаётган ўзбеклар ҳеч кимдан ёрдам олмасдан, фақат ўзларининг истаги ва куч-қудрати билан амалга оширган маърифатчилик ҳаракатлари эвазига ўзбек тилини яшатиб турибди. Биз бу билан фахрланишимиз керак.

Эсдан чиқармайлик, дунёда Ўзбекистон Республикасининг ичкарисидан кўра унинг ташқарисида яшайдиган ўзбеклар сони кўпроқ. Ўзбекистон атрофидаги қўшни республикаларда яшовчи ўзбеклар, ўзлари яшайдиган мамлакат аҳолиси орасида сони бўйича иккинчи ёки учунчи ўринда туради. Ўзбекистон Республикасида яшаб турган ўзбекларнинг тақдири Ўзбекистон ташқарисида, бошқа давлатларнинг фуқаролари бўлиб яшаётган барча ўзбеклар билан чамбарчас боғланган. Буни инкор етиб бўлмайди, инкор этсак, худди ойни етак билан ёпишга ҳаракат қилгандек бўлиб кўриниб қолмаймизми?

Тасаввур қилинг, қўшни давлатда бўлсада ёнгинамизда истиқомат қилувчи битта ёки иккита оила эмас, миллионларча миллатдошимиз ўз тилини, маданиятини, тарихини билмайдиган жоҳил бўлиб қолса, бу Ўзбекистондаги ўзбекларга ҳам таълуқли масала сифатида ҳисобланмайдими?

Миллионларча ўзбек бечоралари моддий ва маънавий фаровонлик ва барқарорликдан мосуво бўлиб, саводсизликдан хўрланиб, нонга зор бўлиб яшаётган бўлса унда ўзбек миллатининг дунё ҳамжамияти кўз олдида қандай обрў ва эътибори бўлиши мумкин?

Бир кун келиб, қайсидир сиёсатчи, давлат арбоби ёки журналист миллионларча саводсиз, жоҳилликдан хўрланган бечораларни Ўзбекистондаги ўзбекларга кўрсатиб, «мана, сенларнинг ўзбегингни аҳволи», деб юзимизга солса уялмаймизми ёки булар биздан эмас деймизми?

Ўзбекистонликлар қанчалик ўқимишли, саводли, илғор фикрли фуқаролар жамиятида ва кучли салоҳиятга эга ривожланган, тараққий топган давлатда яшамасин ёнидаги қўшни давлатда ўзбеклар паст назар билан қаралаётган бўлса, уларнинг ҳаётида фожиалар юзага чиқарилиб, хўрланаётган бўлса бундай аҳволлар Ўзбекистондаги ўзбекларнинг орига ёки нафсониятига тегмайдими, ўзбекнинг миллий ғурури пастга урилган бўлмайдими?

Замонавий дунё ҳамжамияти кўз ўнгида бизнинг ўзбек деган номимиз қанчалик қадрга эга бўлгани дунёдаги барча давлатларда яшовчи ўзбек деган ном остида танилган миллатдошларимизнинг иқтисодий, ижтимоий, сиёсий, маданий, маърифий аҳволи билан ўлчанади.

Албатта, нафақат Афғонистондаги ўзбекларнинг фожиаларга тўлиб тошган тақдири ва аҳволи, балки ўз маданиятини, тарихини ўрганишни истаган, ўз тилида гапиришни ва таълим олишни орзу-ҳаваслар қилиб, армонига етишга имкон топа олмай ачинарли вазиятни бошидан кечираётган ҳар бир бечоранинг аҳволи инсон қалбида ҳасратли маҳзунлик яратиши аниқ.

Ўзбекистон Республикасида яшаётган оддий халқнинг ўз миллатдошларига нисбатан меҳр-оқибати ҳамиша бўлган ва бўлаверади. Бу ҳис туйғу бутун дунё ўзбекларига таълуқли бўлган ўзбекона зеҳният билан боғлиқ тарбиявий жиҳатимиздир. Ўзбекнинг табиати ҳам, тарбияси ҳам шундай бўлиши шарт.

Ўзбек тили ва адабиёти учун жонбозлик кўрсатаётган зиёлиларнинг таълим масаласи ҳақидаги истак ва орзулари асосида юзага чиққан шахсий ташаббуслари бир неча марта Ўзбекистон Республикасининг расмий ташкилотларига тақдим қилинган эди ва бу мурожаатлар жавобсиз қолмади. Ўзбекистон ҳукумати томонидан таълим масаласида расмий шаклда амалий ҳаракатлар бошлатилиши билан кўпчилик эзгу ниятли кишиларга тўғри йўл кўрсатилди.

Ўзбекнинг бағри кенглиги ва ўз миллатдошига бўлган ҳамдардлиги бир неча юз Афғонистонлик ўзбек ёшлари таълим олиш учун Ўзбекистонга олиб келинганда намоён бўлди. Албатта, бу воқеани келажакда содир бўладиган буюк ҳодисаларнинг бошланиши ўлароқ қабул қиламиз.

Фото: ЎзА. Термиз шаҳрида таълим олаётган Афғонистонлик талабалар

Интернет ва ижтимоий тармоқлар жамиятимизнинг ажралмас бир бўлаги сифатида кундалик ҳаётимизда ўрин олиши билан ақл бовар қилмайдиган оламшумул воқеалар юзага чиқмоқда. Илмий мавзуларни чуқурроқ ўрганишни истаган ҳар бир инсон ҳаётида юксак ахборот технологиялардан фойдаланиш зарурияти салмоқли ўрин тутган замонда яшамоқдамиз.

Илм-маърифат хазинасидан ўзига керакли бўлган маънавий бойликларни олиш мақсадида ижтимоий тармоқларига боғланиб, ўзбек миллатининг тарихига ва тил-адабиётига тааллуқли мавзуларни муҳокама қиладиган гуруҳларда қатнашиб, қисқа муддат ичида кирилл ва лотин ҳарфларида ёзилган ўзбекча асарларни ҳам ўзлаштириб олган Ўзбекистон ташқарисида истиқомат қилувчи бошқа давлатларнинг фуқоралари ҳам кўпайиб қолди.

Ўзбек тили ва адабиёти катта бир илм уммони эканини тушуниб етган ва уммон тубидаги дуру-гавҳарларни ғаввос бўлиб, шўнғиб олгиси келиб юрган дунёнинг турли хил давлатларида яшаётган миллатдошларимиз ўзбек ёзувчи-шоирларининг асарларини ва ўзбек тилида ёзилган бошқа китобларни ҳам интернет ёрдамида Ўзбекистон кутубхоналарининг сайтларига кириб ўқиш, юклаб олиш имкониятига муяссар бўлишди.

Ўзбекистон Республикаси, дунёнинг турли ўлкаларида истиқомат қилувчи ўзбеклар орасида миллий онг, миллий ғурур ва миллий руҳ тушунчаларини ривожлантириш ҳаракатларини расмий шаклда янада юксак савияга чиқариш устида кенг кўламли ишлар олиб бориш зарурияти замон талабига айланди ва энг долзарб мавзу сифатида кенг жамоатчилик томонидан ҳар хил тадбирларда муҳокама қилинмоқда.

Марказий Осиё минтақасида юзага чиқиши мумкин бўлган тинчликни бузувчи кўпгина вазиятларнинг сабабларини аниқлашнинг ва уларнинг ечимларини топишнинг имкониятини яратиш мақсадда Ўзбекистонда бир қатор анжуманлар уюштирилса ижобий натижаларга эга бўлар эдик, деган таклифлар кўпчилик ёшлар томонидан ижтимоий тармоқларда айитилмоқда. Чунки, нафқақат Афғонистонда, балки бутун дунёда истиқомат қилувчи ўзбеклар ҳаётида содир бўлган тарихий воқеалар сабабли пайдо бўлган сиёсий-ижтимоий вазиятлар илмий-амалий тадқиқот ёрдамида ўрганиб чиқилиб, натижалари кенг жамоатчилик эътиборига тақдим этилса бир неча йиллардан бери ҳал бўлмай ётган кўпчилик масалаларнинг ечими топилар эди.

Шухрат Саломов БАРЛОС,
Тарихчи публицист.