Зомин тоғида яна бир 150 ўринли санаторий фойдаланишга топширилди

Зомин тоғлари Ўзбекистоннинг энг баҳаво жойларидан бири ҳисобланади. Ҳудудда экотуризмни ривожлантириш борасида бир қанча ишлар амалга оширилмоқда.

2019 йил 25 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан Зомин туманида барпо этилган 150 ўринли “Навоий кон-металлургия комбинати” санаторийсининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди.

Бу ҳақда НКМК матбуот маркази ўз сайтида хабар берди.

Маросимда НКМК меҳнат жамоаси вакиллари, таниқли ёзувчи-шоирлар, ёш ижодкорлар, маҳаллий аҳоли ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси – спичрайтери Х.Султонов, Навоий кон-металлургия комбинати бош директори, Ўзбекистон Қаҳрамони Қ.Санақулов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси С.Саййид, Жиззах вилояти ҳокими Э.Салиев ва бошқалар сўзга чиқишди.

Санаторийнинг рамзий калити Зарафшон қурилиш бошқармаси бошлиғи А.Эшонқулов томонидан санаторий маъмуриятига тантанали топширилди. Шундан сўнг тадбир иштирокчилари бу ерда яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар.