Икки фуқаролик ўзбеклар учун нима беради?

Ўзбекистон ташқарисида жуда кўп ўзбекистонликлар истиқомат қилади. Уларнинг катта қисми хорижда доимий яшайди ва яшаётган давлатининг фуқаролигини олишган.

Ватанимиз юз тутаётган бугунги ижтимоий ва сиёсий ислоҳотлар, табиийки, хориждаги ўзбекистонликларнинг ҳам диққат марказида. Ёнларида бошқа давлатнинг паспорти бўлсада, улар Ўзбекистон паспортини асраб авайлашади, ўзларини Ватаннинг бир бўлаги деб билишади. Улар учун истаган пайтда, оиласи ва қариндош уруғлари яшаётган мамлакатга бемалол, ҳеч қандай таъқиқсиз бориб келиш муҳим масала.

Нур Парпиев

Ўзбекистон ҳукумати хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар ва оила аъзоларининг туғилиб ўсган юртига эмин-эркин келиб кетишлари учун имкониятлар яратаяпти.

17 апрел куни ҳукумат томонидан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикасига таклиф қилишни расмийлаштириш, кўп марталик кириш визаларини бериш ҳамда уларни ички ишлар органлари томонидан вақтинча прописка қилиш» тартиби тўғрисидаги низом яратилаётган ана шундай имкониятлардан бири.

Ўзбекистонга бугун янги технологиялар, инвестициялар, ғоялар керак. АҚШ, Голландия, Германия, Австралия ва бошқа илғор давлатлар фуқаролигини олган, ўз бизнесига эга бўлаётган ўзбеклар бугун Ўзбекистонга тўсиқларсиз, қоғозбозликларсиз бориб, ўша ерда ҳам мамлакат ривожи учун далда бўладиган лойиҳаларини амалга оширишлари керак.

Агар Ўзбекистон ҳукумати икки фуқароликка рухсат берса, бошқа давлат фуқаролигини олган кўплаб ўзбекистонликлар мамлакат иқтисодига, ривожига катта ҳисса қўша олади.

Хорижда яшаб, ўша ерда ўзини тиклаб олиб, ўз бизнесини яратган, ўзи ва яқинлари учун тўкин-сочин ҳаёт ва осуда шароит яратиб, бир неча юз одамни иш билан таъминлаган ватандошлар оз эмас.

Шундай бўлса ҳам, уларнинг ўй-хаёллари ватанда. Улар Ўзбекистонда ҳам ўз бизнесларини очиб юритишни, инсонларга фаровонлик келтиришни ўйлаб яшашади. Бунинг учун эса Ўзбекистонда шунга яраша қонунлар ва қарорлар қабул қилиниши керак.

Икки фуқаролик бугун хорижда яшаётган жуда кўп ўзбекистонликлар учун долзарб бўлиб турган мавзу. Баъзи маълумотларга кўра, ҳозиргача АҚШнинг “грин карта” дастури ғолиби сифатида бу мамлакатга 100 мингдан зиёд ўзбекистонликлар кириб келган. Уларнинг орасида АҚШ фуқаролигини олганлар йилдан йилга кўпайиб бормоқда. АҚШга қўшни Канадада ҳам минглаб ўзбекистонликлар “канадалик” бўлиб улгуришган. Европа мамлакатлари, Россия, Австралияда ҳам маҳаллий фуқароликни олиб, нафақа ёшига қараб кетаётган ўзбекистонликлар кўп.

Айни пайтда улар ўз тарихий ватани бўлган Ўзбекистон фуқаролигидан воз кечишни тасаввур ҳам қила олмайди. Улар нафақага чиққач, Ўзбекистонга қайтиб бориб, ўзи туғилиб ўсган жойларда умргузоронлик қилишни орзу қилишади.

АҚШ, Канада ва бошқа мамлакатларда нафақага чиққан ўзбекистонликларда икки фуқаролик бўлса, улар Ўзбекистонга нима беради дерсиз?

Гап шундаки, АҚШ, Канада каби тараққий этган мамлакатлар фуқароларининг нафақасини, улар қайси мамлакатда бўлса, ўша давлатга етказиб беради. Ривожланган мамлакатлар фуқаролигини олган кўплаб муҳожирлар ўша мамлакатда нафақага чиқади. Уларнинг аксарияти нафақага чиққач, ўзи туғилиб ўсган юртга чиқиб кетади. Улар ўз нафақаларини ўз тарихий ватанида олиб, ўша ерда сарфлашади.

Ана энди тасаввур қилинг, чет элларда яшаб, ўша давлат фуқаролигини олган ўзбекистонликлар Ўзбекистонга қайтиб, чет элдаги нафақасини Ўзбекистон банклари орқали олиб турса, мамлакат иқтисодига қанчалик далда бўлишини.

Ривожланган мамлакатлардаги нафақа миқдори эса, ишонинг, кам эмас…

Хуллас, хорижда нафақага чиққан ўзбекистонликларни ватанга бемалол бориб келишлари учун Ўзбекистон ҳукумати ҳозирдан тадбир олиб қўйса, фойдадан холи бўлмас эди.

Ўзбекистон ўзининг тарихий-меъморий обидалари, ажойиб иқлими ва географик жойлашуви билан дунёдаги ривожланган мамлакатлар диққатини тортмоқда. Азалдан шундай бўлиб келган аслида. Асрлар мобайнида бу юрт Буюк ипак йўлининг муҳим бўғини сифатида илм ва савдо аҳлининг, турли саркаркардаю буюк уламоларнинг қадами етган маскан эди. Бугун тарих яна такрорланмоқда. Мафтункор сайёҳлик йўналишига айланиб бораётган мамлакатни айни пайтда жаҳон илмий, маданий ва тарихий йўналишлари туташган энг жозибали нуқта деб аташмоқда.

Ўзбекистонда икки фуқароликка рухсат берилса, унинг хориждаги ижобий имижи янада ошади. Бунинг оқибатида эса мамлакатга келаётган туристлар оқими янада кўпаяди ва бу сайёҳларнинг катта қисмини хорижда яшаётган ўзбекистонликларнинг ўзи ташкил қилади. Таътилни тарихий ватанда, оила аъзолари, дўсту биродар даврасида ўтказишга нима етсин! Чет элда доимий яшаётган ўзбекистонликларнинг жуда кўплиги ҳисобга олинса, Ўзбекистонга ҳар йили туристик сармоянинг мўътадил оқими кириб келадиган бўлади.

Сармояси бор ўзбекистонлик ватанига боргач нима қилади? Албатта, у биринчи навбатда чиройли уй-жой қилади, яқинларининг яшаш шароитини яхшилайди, автомобил олади, савдо-сотиқни йўлга қўяди, ўзи ва яқинларининг фарзандларининг илм олишини кафолатлайди. Бундан ташқари, икки фуқароликка эга ўзбекистонликлар учун янги солиқ турини йўлга қўйиш мумкин – икки фуқаролик солиғи.

Баъзилар икки фуқароликка рухсат берилиши Марказий Осиёдаги геосиёсий вазиятга салбий таъсир қилади деб ўйлаши мумкин, бироқ АҚШ, Франция, Швейцария каби илғор ва ривожланган давлатлар тажрибаси бундай хавотирларнинг асоссиз эканини кўрсатмоқда.

Исроил тажрибаси эса шуни кўрсатмоқдаки, икки фуқароликка эга ватандошлар қаерда бўлмасин, тарихий ватани фойдасини ўйлаб иш қилади; иккинчи ватанда юқори мартабаларга эришиб ҳам Исроил манфаатларини унутмайди.

Ўзбеклар азалдан юртини, туғилган ерини қадрлайдиган халқ. “Ўлсам, ўз Ватанимга олиб бориб кўминглар”, дейишади хориждагилари.

Икки фуқароликка рухсат берилса, миллат бирлиги сақланади, сўнгги пайтларда хориждаги ва Ўзбекистондаги ўзбеклар орасида кузатилаётган тарқоқликка барҳам берилади.

Мен “Буюк келажак” экспертлар гуруҳининг аъзоси сифатида икки фуқаролик ҳақидаги ушбу таклифни ўртага ташлар эканман, ўйлайманки, барчамиз бирлашган ҳолда таклифимни ҳар томонлама ўрганиб, уни янги ғоялар билан тўлдирамиз.

Нур Парпиев,
«Буюк келажак»
экспертлар гуруҳининг аъзоси.