ТАНАЗЗУЛГА ВА ИНҚИРОЗГА ЕТАКЛОВЧИ ЭЪТИБОРСИЗЛИК

(Фикр ва мулоҳазалар)

Одамий эрсанг демагил одамий, оники йўқ халқ ғамидин ғами!

Алишер Навоий.

Инсоният тарихидан маълумки, бир миллат номи атрофида бирлашиб, ўз мустақил давлатига эга бўлишни уддалай олган ва умуммиллий тафаккурига кўра жамият тараққиётини мақсад қилиб олган инсонлар мажмуаси томонидан ижтимоий, сиёсий, маърифий ва маданий жабҳаларда олиб борилган ҳаракатлар эвазига турли хил қавмлар бир халқ бўлиб бирлашиб, муштарак қўлланадиган ўз адабий тилига эга бўлишади. Бунинг натижасида, аввал тарқоқ ва бир бирига зиддиятли ёв бўлган қавмлар маънавий жиҳатдан бирлашади, тараққиёт йўлида юксак марраларни эгаллашга қодир жамият бўлиб шаклланиб бошлайди.

Миллий ҳамжиҳатлик, тинчлик ва фаровонликда яшаётган эзгу ниятли инсонлар жамиятигина умуминсоний ва дунёвий маданиятга эгалик қила оладиган, ривожланган давлат яратиш салоҳиятига эгадир. Бу исбот қилиниши талаб қилинмайдиган ҳақиқатдир. Балки, шунинг учун ҳам, барча фаҳму фаросати бор, ақли жойида бўлган инсонларнинг орзу, умидлари ва энг эзгу мақсадлари, асосан оиласида, давлатида ва бутун дунёда барқарорлик ва фаровонликка эришишдан иборатдир. Ҳаётий аҳамиятга эга бўлган бундай мақсадлар кўпчилик инсонларга ижобий таъсир кўрсатиб, тараққиёт сари интилувчи миллий бирликни юзага чиқаришга ундайди.

Сиёсий ва маданий томондан кучли эканини халқаро ҳамжамият олдида исботлашни истайдиган ҳар бир халқ энг аввало ўзининг миллий тилини ва миллий маданиятини асраб, авайлаб, ривожлантириши зарур. Чунки, миллатнинг тили ва миллий адабиёти ривожланган бўлиши ҳар қандай сиёсий ва ижтимоий фаолиятни самарали қилувчи муҳим омилдир.

Ўзининг миллий давлат тилига эга бўлган миллат, бутун дунё кўз олдида маданий, маънавий ва маърифий жабҳаларда салоҳиятли ва кучли жамият сифатида ойдек равшан бўлиб кўриниб тураверади. Айнан шу сабабли, халқдан чиққан зиёлилар ўз миллий тилини ривожлантириш йўлида фидокорлик билан хизмат қилади. Зиёлилар кўнглидаги миллий тилни ривожлантириш ҳаёжони ва истаги давлатчиликдаги энг муҳим ижтимоий-сиёсий заруриятдан келиб чиққан ҳаётий масала бўлиб ҳисобланади.

Агар, одамлар ўз миллий тилини қўлланишга интилмаса, ўз тилида ёзилган адабий асарларга етарлича қизиқмаса ва ўзлари яшаб турган муҳитда ўз тилида ўқиб илм олишни уддалай олмаса унда бу миллатнинг келажак ҳаётида ўзлигини инкор этадиган авлод саҳнага чиқа бошлайди. Натижада, жамият ичида маънавий ва маърифий жабҳаларда хизмат қилувчи зиёлилар камайиб бошлайди, бундай аҳвол юзага чиқиши билан ҳар қандай бахтли ва фаровон яшаётган жамият ҳам инқирозга учраши аниқ.

Миллатнинг борлиғини сақлайдиган ва уни йўқ қиладиган, бир-бирига зиддиятли кўпгина омиллар бор. Бир ғоя ва бир тил атрофида бирикишни уддалай олмаган қавмлар йиғиндиси истиқболида ҳамиша йўқ бўлиб кетиш таҳликаси туради. Сабаби қавмлар ўртасидаги ҳамжиҳатлик ва бир-бирининг қайғу ва ҳасратларига дахлдорлик ҳис-туйғулари емирилиши билан ўзаро рақобатни ўртага чиқарувчи ва бирлик тушунчаларини яксон қилувчи унсурлар пайдо бўла бошлайди.

Мамлакатда ички уруш-жанжалларнинг келиб чиқишига сабабчи бўладиган инсонлардаги ҳасад, бахиллик, бир-бирини камситиш каби маънавий нуқсонлар ва ижтимоий иллатлар жамиятда кўпайиши оқибатида миллий тараққиётни йўқ қиладиган ғайриинсоний ҳодисалар бўлмиш турли фитналар, иғволар юзага чиқа бошлайди ва жамиятни таназзулга олиб келади.

Таназзулга учраган давлатнинг бошқарув тизимида ишлайдиган нопок амалдорлар ҳар хил кўрсатмалар ва буюртмалар асосида суъний яратилган эртаклар ва ҳикоялар ёрдамида фуқоралар ўртасида табақаланиш, бир-бирининг қавмини, келиб чиқишини ёки ирқини пастга уриш, қайсидир қавмни юксакларга кўтариш йўли билан миллатлараро ва қавмлараро иноқликни маҳв қилувчи вазиятни ўзлари атайлаб авжига чиқариб, бир муддат мамлакат ичкарисида чиққан фуқоралар ўртасидаги зиддиятларни ҳал қилаётган «жанжалсоз» сифатида ҳаётини давом эттириши ҳам мумкин.

Миллат тушунчаси нима эканлигини ҳам билмайдиган, ўзлигини умуман унутган, миллий онги йўқ ва маданиятсиз инсонларнинг тарғиботи ва ташвиқоти эвазига яратилган иғво ва фитналар гирдобига кириб кетган оддий халқ онгида жамият тушунчаси буткул йўқолади ва бу омма, инсонларга хос меҳр-шафқат, ҳамжиҳатлик, эзгу ниятлилик каби тушунчалардан маҳрум бўлган ташқи кучларга жуда таъсирчан одамсимонлар подасига айланиб қолади.

Тарихий ҳақиқатларни билмасдан миллий ўзлигини инкор қиладиган, ўзларини алоҳида бир қавм дея ҳисоблаб, миллат ва халқ тушунчаларини инкор этадиган ва тутуруқсиз иддаолар асосида ташкил топган жиноий гуруҳлар, ўзларининг бу хом хаёллари атрофида бирлашувчи тарафдорларига ҳам эга бўлиши мумкин.

Саводсиз ва соддадил одамларни ўзаро ички низолар гирдобига тортиб бораверадиган усуллар билан бошқариладиган инсонлар йиғиндиси дунё ҳамжамияти кўз олдида фақат умуминсоний тараққиётга тўсқинлик қилувчи унсурлар дея баҳоланиб, ҳурмат ва эътиборга лойиқ бўлмаган жиноий тўда сифатида баҳоланади.

Парокандаликка мубтало бўлган жамият, тақдир тақозоси билан инсонларга хос ижтимоий-сиёсий тараққиёт йўлидан оғиб қолади ва дунё ҳамжамиятининг диққат-эътиборидан улоқтириб ташланади. Бундай жамиятда яшовчи инсонларнинг аҳволи эса жуда ачинарли вазиятга кириб қолади.

Давлат бошқарув тизимидаги инқироз оқибатида келиб чиққан сиёсий-ижтимоий парокандалик тўхтатилмаса унда бу мамлакат халқининг тили оддий қавмларнинг тили, яъни шеваларнинг йиғиндиси савиясидан чиқа олмай ривожланишдан ташқарида қолиб кетади. Бунинг натижасида, миллат тили давлатчилик тушунчаларидан йироқ, чет қишлоқларда қолиб кетаверган қавмларнинг эскилик сарқитларини тарғиб қилувчи мутаасиб тўдаларнинг тилига айланади.

Таназзул ва инқирозга дучор бўлган давлатнинг оддий фуқоралари ўзаро зиддиятли қутбларга бўлиниб, сурункали уруш ва жанжалларни юзага чиқараверадиган одамлар тўдасига айланиб, ички низолар гирдобига кириб кетади. Оқибатда, ижтимоий-сиёсий ривожланишни фалаж қилувчи ва тараққиётни орқага тортувчи мутаассиблик ботқоғига улоқтириб ташланади.

Инсоннинг ўз миллий тилига, тарихига, қолаверса миллий ўзлигига бўлган эътиборсизлиги унинг маданиятсизлигини белгилайдиган нуқсони ҳисобланади ва бундай камчиликларга эга одамлар кўпаяверган сари жамият ичида ижтимоий-сиёсий муаммолар чиқавериши сурункали тус олиб бошлаши билан бирга етарлича илмга эга бўлмаган, саводсиз ёки мутаассибликни тарғиб қилувчи одамлар давлат лавозимларига чиқиб олиб, таниш-билишчилик ёки порахўрлик эвазига жамиятнинг ижтимоий онгини бошқариб бошлайди.

Соғлом ғоялар мажмуи асосида тузилган мафкурага эга бўлишни уддалай олмаган ҳамда эзгу ниятли инсоний тафаккурдан йироқ тушунчалар асосида яшаётган ҳар қандай жамият ўзини ўзи ичкаридан барбод этади. Чунки, келажак сари интилувчи тараққийпарвар зиёлиларнинг олдига тўсиқлар қўйилиб, тараққиёт йўлидан қайтарилганда давлатчилик тамойиллари бузилади. Вайрон қилинган давлат бошқарув тизими ўрнини ички ва ташқи сиёсий ҳамлаларга жавоб қайтара олмайдиган, қўрқоқлик, сотқинлик ва касбий номутаносиблик чатишмасидан юзага чиққан дурагай тизим тараққиётини вайронага айлантириб, бутун соҳалардаги ривожланишни бир неча юз йиллар орқага ташлаб юборади, ҳатто инсонлар ҳаётида ўчмас қонли излар қолдириши ҳам мумкин.

Тараққиёт – бир жойда тўхтаб қолмайдиган ҳаракатчан жараён ва тизимли равишда, босқичма босқич амалга ошириладиган ижтимоий ҳодисалардаги мувоффақиятлар мажмуидир. Сиёсат аҳли, жамиятни орқага судровчи ва ижтимоий-сиёсий қолоқликни келтириб чиқарадиган мавзуларга михланиб қолишдан ўзини қутқаришни билиши зарур ва бу иллатдан эҳтиёт бўлиши шарт.

Шухрат Саломов БАРЛОС,

Тарихчи публицист.