Истанбулдаги фабрикада юз берган ёнғинда Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлди

Мамлакатимизнинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси берган маълумотга кўра 2019-йил 22-июн куни эрта тонгда Буюкчекмеже туманида жойлашган фабрикада юз берган ёнғин оқибатида 1981-йил 15-мартда туғилган Ўзбекистон фуқароси Ғофур Тўраевич Турсунов ҳалок бўлди.

Туркия ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари мазкур ҳолат юзасидан текширув ишларини бошлаган. Бош консулхона вазиятни назоратга олган ва ҳозирги вақтда марҳумнинг қариндошлари билан фуқаромиз жасадини дафн этиш учун Ўзбекистонга юбориш билан боғлиқ консуллик-ҳуқуқий масалалар устида ишлар олиб бормоқда.

Консуллик-ҳуқуқий департамент марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик изҳор этади ҳамда Туркия, Болгария, Руминия ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларига улар зарурат туғилган ҳолатларда Истанбул шаҳридаги мамлакатимиз Бош консулхонасига қуйидаги телефон рақамлари орқали мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатиб ўтади: +90 212-323-20-37, +90 212-229-00-75.