Мирзиёев Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо бўлиш ёки бўлмаслиги ҳақида гапирди

Ўзбекистон жаҳон бозорида ўз ўрнига эга бўлиши учун рақобатбардош бўлиши керак. Бунинг учун сифатли, замон талабига муносиб маҳсулотларни ишлаб чиқариш лозим. Аммо энг катта муаммо, Президент Мирзиёевга кўра, ишлаб чиқилган маҳсулотларнинг бозорини топишдир. У, Сенатнинг 20-мажлисида сенаторларга мурожаат қилар экан, айни масалалар, Евроосиё иқтисодий ҳамжамиятига аъзо бўлиш ва бўлмаслик ортидан келиб чиқадиган фойда-зарарлар хусусида ҳам фикр билдирди, деб хабар қилмоқда Kun.uz мухбири.

«Сифатли, жаҳон бозорига мос, экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқариш бир муаммо бўлса, унинг бозорини топиш 10 муаммо. Россия ва ЕврАзЕС (Евроосиё иқтисодий иттифоқи) истаймизми-йўқми, асосий ҳамкорларимиздир. 70 фоиз олди-сотдимиз шулар билан боғлиқ. 

Мана яқинда ЕврАзЕС маҳсулотларини бир хил маркировка (тамғалаш) қилишга ўтади. Биз маҳсулотларимизни ушбу иттифоқ ҳудудидан ўтказаётганимизда алоҳида кўзга ташланиб қолади ва муносабат ҳам шунга яраша бўлади. Бундан ким зарар кўради? 

Аммо, бу ташкилотга аъзо бўлсак, чегараларни очишга тўғри келади ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар иттифоқ талабига мослашгунча, чегараларни очганимиз туфайли касодга учрайди. Ҳар томонини ўйлаб, манфаатларимизга мос жиҳатини танлашимиз керак», – деди давлат раҳбари. 

Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) минтақавий иқтисодий интеграция халқаро ташкилоти бўлиб, бугунги кунда ушбу ташкилотга Арманистон, Белоруссия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Россия аъзодир. Молдова кузатувчи давлат ҳисобланса, Вьетнам, Эрон, Хитой, Куба билан эркин савдо ҳудуди тўғрисидаги келишувлар имзоланган. 

Айни вақтда Миср, Тайланд, Мўғилистон, Сербия, Ҳиндистон ва Сингапур билан ташкилот ва ушбу мамлакатлар ўртасида эркин савдо ҳудудини ташкил этишга доир музокаралар олиб борилмоқда. 10 мамлакат, жумладан, Венгрия, Корея республикаси, Индонезия ва Япония каби мамлакатлар ушбу иттифоқ билан ҳамкорлик масалаларига қизиқиш билдирмоқда. 

Умуман олганда, дунёнинг 50га яқин мамлакати ЕОИИ билан ҳамкорлик қилиш истагини билдирган.