Президент Мирзиёев Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш саммитида иштирок этди

Душанбе шаҳридаги «Кўҳи Наврўз» саройида Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг навбатдаги саммити бўлиб ўтди.

Унда кенгашга аъзо ва кузатувчи мамлакатлар, шунингдек, халқаро ва минтақавий ташкилотлар вакилларидан иборат 30 дан зиёд делегация иштирок этди.

Тадбир олдидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон самимий қутлади.

president.uz

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев саммитда нутқ сўзлади ҳамда иштирокчи мамлакатларнинг тинчликни мустаҳкамлаш, ижтимоий-иқтисодий тараққиётни рағбатлантириш борасидаги саъй-ҳаракатларини бирлаштиришга қаратилган қатор муҳим ташаббусларни илгари сурди.

president.uz

– Бугунги кунда жаҳон ишонч инқирозига юз тутмоқда. Аслида, мамлакатлар ва халқлар ўртасидаги ишонч хавфсизлик ва барқарорликнинг энг муҳим шартидир, – деди Шавкат Мирзиёев. – Назаримизда, ишонч инқирозини бартараф этиш  ва хавфсизликни мустаҳкамлаш учун биринчи навбатда инсон капиталини ривожлантиришга қулай шароитлар яратиш зарур. Шу муносабат билан ўзаро ҳурмат ва жамоавий масъулиятга асосланган кенгашимиз фаолияти ҳар қачонгидан ҳам муҳим бўлиб бормоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон тинчликка эришишга қаратилган ҳар қандай форматдаги музокараларни қўллаб-қувватлашини таъкидлади. Афғонистонда тинчлик ўрнатиш ва ушбу мамлакатда йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш бутун минтақа учун янги стратегик имкониятлар очади.

Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясининг “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюцияси қабул қилингани, шунингдек, Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенция лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.

Шу муносабат билан Ўзбекистон фан, таълим соҳаларидаги ва маданий-гуманитар йўналишдаги ҳамкорликнинг мувофиқлаштирувчиси бўлишга тайёр эканини билдирди. Мамлакатимиз халқ дипломатияси доирасидаги алоқаларни, жумладан, туризм бўйича форумларни ташкил этиш орқали фаоллаштиришни муҳим, деб ҳисоблайди.

“Шубҳасиз, бу халқларимиз ўртасидаги ишонч ва ўзаро англашувнинг ошишига хизмат қилади”, – деб таъкидлади Президент Шавкат Мирзиёев.

Шавкат Мирзиёев динлараро ҳамжиҳатликни сақлаш, маърифат ва маданиятларни ўзаро бойитиш масалалари бўйича тизимли мулоқотни йўлга қўйишни таклиф этди.

Тошкентдаги Ўзбекистон ислом цивилизацияси маркази ва Самарқанддаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази бунинг учун самарали платформа бўлиб хизмат қилиши мумкинлиги таъкидланди.

Иқтисодий ўзаро боғликлик ва минтақавий савдони ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатларни кучайтириш лозимлиги қайд этилди. Бунда аввало бутун минтақанинг транзит ва иқтисодий салоҳиятини рўёбга чиқариш имконини берадиган устувор инфратузилма лойиҳаларига эътибор қаратиш лозим. 

president.uz

ОҲИЧК қитъамизда тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, ҳамкорликни мустаҳкамлаш, мамлакатлар ва халқлар фаровонлигини оширишга қаратилган халқаро форумдир. 

Кенгашга бугунги кунда минтақа ҳудуди ва аҳолисининг 90 фоизини қамраган 27 давлат аъзо. Саккиз мамлакат ва бешта нуфузли халқаро тузилма – Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Араб давлатлари лигаси, Халқаро миграция ташкилоти, Туркий тилли мамлакатлар Парламент ассамблеяси унинг кузатувчиларидир. 

Ўтган йилларда ушбу тузилманинг Қозоғистон, Туркия ва Хитой раислигида тўртта саммити бӯлиб ӯтган. Бу галги учрашув “Хавфсиз ва янада равнақ топган минтақа сари ягона ёндашув» мавзусида ўтказилди.

Мажлисда минтақада тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш бўйича ўзаро келишилган ёндашувларни ишлаб чиқиш, терроризм ва экстремизмга, наркотик моддаларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашиш, аъзо давлатлар ўртасида савдо-иқтисодий ва гуманитар соҳаларда, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича ҳамкорликни кенгайтиришга доир долзарб масалалар муҳокама қилинди.