«ЎЗБЕК МИЛЛИЙ МАФКУРАСИ». Маданий-маърифий ва ижтимоий-сиёсий ҳаракатлар дастури (лойиҳа таклифи)

I-БЎЛИМ

Муҳтарам азизлар!

Дунёда содир бўлаётган ижобий ўзгаришларга уйғун шаклда маданий-маърифий ва ижтимоий-сиёсий тараққиёт сари ҳаракат қила олишимиз учун ва салбий оқибатларга олиб келувчи ташқи таҳдидлардан ҳимояланишимиз учун зарур бўлган халқимиз ҳамжиҳатлигини шакллантириш мавзуси жамиятимиз олдида турган энг долзарб масалалардан бирига айланиб улгурди.

Умуммиллий тараққиётга интилаётган инсонлар Ватан равнақи ва халқнинг фаровонлиги учун керакли бўлган маданий-маърифий ва ижтимоий-сиёсий ҳаракатларни ўз миллатининг тафаккур маҳсули бўлмиш миллий мафкурасида кўрсатилган қойидалар, тамойиллар ва тушунчаларга руҳан таянган ҳолдагина амалга ошириши мумкин.

Таъкидлаш жойизки, дунёдаги барча ривожланган давлатларда (деярли ҳаммасида) ўз миллатини тараққий эттириш учун зарур бўлган йўриқномалар жамланмаси бўлмиш миллий мафкураси мавжуд.

Бутун дунё бўйлаб тарқалиб кетган ўзбекларнинг умуммиллий тараққиётга эришиш йўлидаги орзу-умидларини ҳамфикрликда ва ҳамжиҳатликда амалга ошириш учун йўриқнома сифатида зарур бўладиган «Ўзбек миллий мафкураси» номли маданий-маърифий ва ижтимоий-сиёсий ҳаракатлар дастурини яратиш мақсадида олиб борилаётган тадқиқот натижалари омма эътиборига туркум мақолалар шаклида ижтимоий тармоқларда ва ўзбек тилида фаолият олиб борадиган интернет ресурсларда тақдим этилиб, ижтимоий фикр, баҳс-мунозаралардаги тавсиялар ва мурожаатлар ўрганилган эди.

«ТАНАЗЗУЛГА ВА ИНҚИРОЗГА ЕТАКЛОВЧИ ЭЪТИБОРСИЗЛИК»

Мақола манзили:

«КЕЧАГИ ТАРИХ, БУГУНГИ КЕЛАЖАК»

Мақола манзили:

«ЎЗБЕКНИНГ ОҒРИҒИ – АФҒОНИСТОНДАГИ ЎЗБЕКЛАР!»

Мақола манзили:

Замонавий дунёмизда юз бераётган ҳодисалар ва ўзгаришларни инобатга олган ҳолда «Ўзбек Миллий Мафкураси» яратилиш зарурияти бугунги кунга келиб, жамиятимиздаги энг муҳим ва долзарб масалага айлангани ижтимоий-сиёсий ва маданий-маърифий ҳаётимизда ойданда аниқ кўриниб бошлади. Шу боистан, дунёнинг қайси давлатида яшашидан қатъий назар ўзини ўзбекман деб ҳисоблайдиган, ақл-заковатли ва фикр мулоҳазали ҳар бир инсон ушбу таклифдаги масалаларга эътиборли бўлади деган умиддамиз.

Миллий мафкура нима учун керак?

Ҳозирги кунда, халқимизнинг ижтимоий-сиёсий ва маданий-маърифий онгини юксалтириш мақсадида замонавий дунё талабларига кўра амалга ошириладиган тарғибот ва таблиғот ишлари учун керакли бўлган янгича усуллар ва йўриқномалар мажмуи бўлмиш «Ўзбек Миллий Мафкураси» номи остида ижтимоий-сиёсий ва маданий-маърифий ҳаракатлар дастури ярататилиши мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Дунё ҳамжамияти томонидан тан олинган сиёсий институтлар, етакчи нуфузга эга бўлган ривожланган давлатларнинг мафкуралари ва тарихда катта ижобий ўзгаришларга сабабчи бўлган фикрлар билан тушунчалар ва тамойиллар хилма-хиллиги асосида ишлаб чиқилган ўзбек халқининг миллий мафкураси яратилиш зарурияти умуммиллий масалага айланиб бораётгани яққол сезилмоқда.

«Ўзбек Миллий Мафкураси» ижтимоий-сиёсий ва маданий-маърифий ҳаракатлар дастури мамлакатимизнинг геосиёсий ва геостратегик манфаатларидан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Республикасида ва дунёнинг турли хил давлатларида яшовчи Ватандошларимизнинг миллий онгини ва ўзлигини англаш жараёнини ривожлантириш мақсадида яратилиши кўзда тутулмоқда.

«Ўзбек Миллий Мафкураси» ижтимоий-сиёсий ва маданий-маърифий ҳаракатлар дастури замон талабига айланиб улгурган заруриятлардан келиб чиққан ҳолда, халқимиз тақдирида бўлиб ўтган тарихий воқеалардан сабоқ олиб, тарихий сабоқларни халқимизнинг келажак ҳаётини барқарор ва фаравон қилиш ниятида тарғиб қилиш учун керакли бўлган кўрсатмалар ва тамойиллар жамланмаси сифатида омма эътиборига тақдим қилинади.

Хусусан, яратилиши режалаштирилиаётган «Ўзбек Миллий Мафкураси» маданий-маърифий ва ижтимоий-сиёсий ҳаракатлар дастури Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, II боб, 12-моддасига биноан: «Ўзбекистон Республикасида ижтимоий ҳаёт сиёсий институтлар, мафкуралар ва фикрларнинг хилма-хиллиги асосида ривожланади. Ҳеч қайси мафкура давлат мафкураси сифатида ўрнатилиши мумкин эмас», деб кўрсатилган бандлар инобатга олинган ҳолда ишлаб чиқилади.

Ўзбекистон Республикасининг асосий Қонуни бўлмиш Конституцияда кўрсатилган ушбу моддадаги: «Ҳеч қайси мафкура давлат мафкураси сифатида ўрнатилиши мумкин эмас», дейилган талабдан келиб чиқиб, «Ўзбек Миллий Мафкураси» маданий-маърифий ва ижтимоий-сиёсий ҳаракатлар дастури Ўзбекистон Республикасининг якка мафкураси сифатида эмас, балки дунёнинг бошқа давлатларида, турли хил миллатлар орасида яшаётган Ватандошларимизнинг Ўзбекистон Республикаси билан бўлган маданий-маърифий ва ижтимоий-сиёсий алоқаларини ривожлантириш дастури сифатида яратилиши мақсад қилиб олинади.

Ўзбекистонда шаклланган ўзига хос миллий турмуш тарзини, бир неча минг йиллар давомида шаклланган ўзбек миллий зеҳниятидан келиб чиққан миллий маданияти асосида ўзбек халқининг миллий борлиғини ҳимоя қилиб, миллий руҳини, миллий ўзлигини асраб, авайлаб, сақлаб билишлари учун керакли бўлган «Ўзбек Миллий Мафкураси» маданий-маърифий ва ижтимоий-сиёсий ҳаракатлар дастурини тузишда Ватандошларимиз ичидан чиққан олимлар, давлат ва фан арбоблари билан бирга жамоатчилик ташкилотларининг таклифлари, фикр ва мулоҳазалари инобатга олинади.

Тараққиёт – бир жойда тўхтаб қолмайдиган ҳаракатчан жараён ва тизимли равишда, босқичма босқич амалга ошириладиган ижтимоий ҳодисалардаги муваффақиятлар мажмуидир. Шу боисдан, умуммиллий тараққиётга етакловчи орзу-умидларнинг ва буюк мақсадларнинг амалга ошиши учун инсонларни улуғвор ишларга сафарбар этадиган миллий тушунча, бунёдкорликка асосланган ғоялар мажмуи энг аввало Ватандошларимиз яшаётган муҳит талабларидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилади.

(ДАВОМИ БОР)

Шухрат Саломов БАРЛОС,
Тарихчи публицист.