«ЎЗБЕК МИЛЛИЙ МАФКУРАСИ». Маданий-маърифий ва ижтимоий-сиёсий ҳаракатлар дастури (лойиҳа таклифининг якуний қисми)

Дастур лойиҳасининг I-бўлими ва II-бўлими ёритилган мақолалар олдинроқ сайтимизда эълон қилинган эди.

III-БЎЛИМ

Миллий адолат

Ўзбекистон ташқарисида истиқомат қилувчи Ватандошларимиз ичидан чиққан зиёли ва инсофли кишиларнинг билим ва тажрибаларидан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқилган «Миллий адолат қоидалари» мажмуи асосида амалга оширилиши шарт бўлган кўрсатмалар.

Зиёлилар, улуғ ёшдаги кишилар жамоаси ўз халқи учун адолатни талаб қилиш йўлида миллий ижтимоий уюшмалар, жамиятлар ва ташкилотлар яратиб, яшаётган давлати ичкарисида яшаётган халқлар билан кўпчилик қўллаб қувватловчи бағрикенгликка асосланган ҳолда иш олиб боришлари лозим.

Ушбу қоидалар мажмуи асосида ижтимоий тартибни сақлаш учун керакли бўлган назорат усуллари Ватандошларимиз яшаётган давлатнинг қонунларига кўра ишлаб чиқилган кенг қамровли кўрсатмаларга ва йўриқномаларга асосланган ҳолда олиб бориладиган ижтимоий ва сиёсий ҳаракатлар билан амалга оширилиши зарур.

1. Ватандошларимиз, ўзлари яшаб турган мамлакатда тинчлик ва фаровонликни сақлаш учун ҳамда инсонларнинг иқтисодий чорасизлик аҳволга тушиб қолишининг олдини олиш мақсадида амалга ошириладиган тадбирларни уруш-жанжалларсиз ва ҳар хил ғалаёнларсиз амалга оширишга ҳаракат қилиши шарт. Ҳар қандай тадбирни амалга ошириш учун, энг аввало пухта ишлаб чиқилган ҳаракат дастури яратилган бўлиши керак. Ҳаракат дастурини ишлаб чиқишда эса ўзлари яшаётган давлатнинг, жамиятнинг, халқнинг ичидаги сиёсий-ижтимоий вазиятни аниқ ва тўғри баҳолайдиган усулларга, тартиб ва қоидаларга эътибор беришлари шарт.

2. Ўзбекистон ташқарисида истиқомат қилувчи Ватандошларимиз ўз ҳақ ҳуқуқини қонунга кўра талаб қилиб, оммавий намойишлар ташкил қилмоқчи бўлсалар, ўзлари яшаб турган давлатининг қонунларига бўйсинган ҳолда амалга оширишлари шарт. Чунки, ортиқча ҳиссиётларга берилиш оқибатида юзага чиққан ҳар қандай ғалаён инсонларни орзу-умидларидан, армон этилган эзгу ниятли юксак мақсадларидан узоқлаштириб фалокатларга олиб келиши мумкин. Ноҳақликларнинг олдини олиш мақсадида ҳар бир Ватандошларимиз ўз ҳақ-ҳуқуқларини сиёсий ва ижтимоий йўллар билан, халқаро ҳуқуқ ташкилотлари ёрдамида ҳимоя қилиши шарт.

3. Жамиятнинг сиёсий-иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш жараёни салбий тус олмаслиги учун ҳар бир Ватандошимиз энг аввало шахснинг миллий онгини шакллантиришда керакли бўладиган тушунчаларни англаб тушуниб етиши шарт.

4. Миллат борлиғини сақлаш мақсадида ҳаракатланаётган Ватандошларимиз миллий таҳлика яратувчи ҳар қандай вазиятга қарши чиқиш учун энг аввало илмий-амалий тадқиқотлар асосида ишлаб чиқилган маданий-маърифий йўл билан кураш олиб боришлари шарт. Бунинг учун, Ватандошларимизнинг миллий ҳақ-ҳуқуқларини таъминловчи ижтимоий-сиёсий тизим қоидаларини барпо этиш зарур.

5. Миллий адолатни таъминловчи қоидалар аҳоли ичидаги ва давлат тизимидаги муҳим ижтимоий-сиёсий ва маданий-маърифий муаммоларга диққат этилган ҳолда Ватандошларимиз томонидан ташкил этилган партиялар, уюшмалари ва жамиятларнинг дастурларида, қўлланмаларида ва низомларида кўрсатилиши зарур.

Дунёда бўлаётган сиёсий-ижтимоий вазиятларни ҳисобга олган ҳолда Ватандошларимиз ўз миллий онгини ва миллий ўзлигини асраш йўлида ҳаракат қилиш билан бирга ўз ҳақ ва ҳуқуқларини ҳам дунё ҳамжамияти томонидан тан олинган усул ва тартибларга кўра ҳимоя қилишни уддалай олишлари лозим. Айнан мана шу ҳаракатларнинг бирикими, дунёнинг барча давлатларида истиқомат қилувчи Ватандошларимизга нисбатан «Миллий адолат» таъминланиши йўлидаги ҳаракат дея баҳоланмоғи зарур.

Умуммиллий Кенгаш

Ўзбекистон Республикаси ташқарисида яшаётган Ватандошларимизга нисбатан миллий адолатнинг таъминланишини, халқаро ҳуқуқ меъёрларига кўра ва улар яшаётган давлатнинг қонун-қоидаларга кўра ижтимоий-сиёсий ва маданий-маърифий масалаларни назорат қилишни ташкил қилиш ишларида фаолият кўрсатадиган уюшмалар, жамиятлар билан ташкилотларнинг бошлиқлари ва аъзолари ичидан «Умуммилий Кенгаш» тузулиши таклиф қилинади.

Кенгаш аъзолари қуйидаги зиёли кишилар қатламидан ташкил топган бўлиши зарур:

1. Ўқитувчи ва устозлар.

2. Ўқимишли ва саводли кишилар.

3. Ҳаётий тажрибага эга ёши улуғ нуроний ёшдаги кишилар.

4. Миллат вакиллари ва давлат лавозимида ишлаётган шахслар.

5. Давлат ва жамият арбоблари.

Ўз халқига хизмат қилишнинг асл моҳияти нимадан иборат эканлигини тушунадиган зиёли энг аввало инсонлар ҳаётида юзага чиқиши мумкин бўлган сиёсий-ижтимоий ва маданий-маърифий масалаларга маъсулият билан ёндошади. Айнан, ўзи яшаб турган жамият ичидаги долзарб ижтимоий-сиёсий ва маданий-маърифий муаммоларнинг ечимини излаб топиб, масалани тинчлик ва одамгарчилик йўли билан ҳал етишни уддасидан чиқиб билган жамоат ва давлат арбоблари нафақат ўз халқининг, балки инсониятнинг ҳимоячилари ҳисобланади.

Умуммиллий Кенгашнинг ташкилий ишлари

Юксак инсоний фазилатларни ва ҳис-туйғуларни ўзида мужассам қила олган Ватандошларимиз томонидан яратилган «Умуммиллий Кенгаш» аъзолари қуйидаги тамойиллар асосида иш олиб бориши таъминланади:

1. Ватандошларнинг иқтисодий фаровонлик даражасини юксалтириш.

2. Ватандошлар орасида саводсизликга қарши умуммиллий маърифий тадбирлар ташкил қилиш.

3. Бошқа миллатлар ичида ўзбекларга нисбатан адоват чиқаришга ҳаракат қиладиган гуруҳларга қарши маърифий-маънавий йўл билан ҳаракатланиб, ўзбекларга нисбатан адолатли ҳақ ва ҳуқуқ ўрантилиши учун фаолият олиб бориш.

4. Бошқа миллат намояндаларига ўзбек халқига хос бўлган эзгу ниятли зеҳниятнинг асл моҳиятини тушунтириш.

5. Кенг жамоатчилик орасида ўзбек маданиятини, адабиётини ва санъатини тарғиб қилиш, ўзбек миллатининг тарихига бўлган ҳурматни ошириш.

6. Таълим-тарбия асосида ўзбек ёшларида миллий ўзлигини англаш онгини тарбиялаш.

7. Мутахассислар томонидан олиб борилган илмий-амалий тадқиқот натижаларига кўра ўзлари яшаётган давлатнинг бошқарув тизимидаги Ватандошларга қарши суъний яратилган ёки мавжуд бўлган тўсиқларни ва муаммоларни аниқлайдиган, муаммоларнинг сиёсий, ижтимоий ва ҳуқуқий ечимини таъминлашга қаратилган тадбирларни амалга ошириш.

Юқорида таъкидланган фаолият турлари Ватандошларимиз орасида умуминсоний меҳр оқибат ва инсонийлик тамойилларига кўра уйғун шакилда олиб борилаётган бўлса бундай ижобий вазият оддий инсонларнинг эзгулик учун фидокор бўлишини таъминлаши ва Ватандошларимизга нисбатан ижобий ижтимоий фикр яратилишига васила бўлиб хизмат қилади.

Умуммиллий Кенгашнинг фаолияти

Ҳар бир Ватандошимиз Ўзбекистон Республикасида бўлаётган ижтимоий-сиёсий жараёндан ҳам воқиф бўлиб туришлари учун қўйидаги масалалар устида ташкилий ишлар олиб борилиши мақсадга мувофиқ бўлади:

1. Дунёнинг турли хил давлатларида истиқомат қилувчи ўзбекларнинг ўз миллий тилига, адабиётига, маданиятига ва тарихига бўлган ҳурмат ва эътибори Ўзбекистонда яшаётган ўзбек миллати билан чамбарчас боғланган бўлиши тавсия қилинади.

2. Ўзбек миллатининг жаҳондаги обрў ва мавқеини ошириш мақсадида амалга оширилиши зарур бўлган ижтимоий-сиёсий ҳаракатлар ва маданий-маърифий тадбирлар эвазига ўзбек халқининг миллий борлиғи юксак мавқеъга эга бўлиши таъминланади.

3. Ўзбек миллатининг ўтмиши, бугунги куни, истиқболи, манфаатлари, орзулари, мақсадлари ифодаланган қарашлар ва тушунчаларни ҳаётга татбиқ қилиш учун ўз ифодасини топган мафкуравий таълимот тарғиб қилинади.

4. Ёвуз ниятли кишиларнинг фаолияти оқибатида миллий мансубиятига кўра ўзбеклар камситилиб четлатилмаслиги учун ва оддий авом халқнинг чорасиз камбағал бўлиб қолиш хавфининг олдини олиш мақсадида зиёли кишилар таълим сохасида ўзбеклар орасида маърифатландириш ишларини ташкил қилади.

5. Маданий-маърифий ва ижтимоий-сиёсий масалаларни ҳал қила оладиган даражада чуқур билим салоҳиятига эга зиёлилар эса ўзлари яшаётган мамлакатнинг ичидаги ҳар хил миллат, дин ва турли хил ижтимоий қатламлардан ташкил топган халқнинг ҳамжиҳатлигини асраб, ҳимоя қилиш учун хизмат қиладиган эзгу ниятли тараққийпарвар фидокорларни етиштириб чиқаришда муҳим ўринга эга бўлган маърифатпарвар қатлам ҳисобланади.

6. Одамларда ўз миллатининг ҳозирги аҳволига нисбатан даҳлдорлик ҳис-туйғуси бўлмаса ва улар ўз миллатининг ўтмиши билан келажагига нисбатан бефарқ бўлиб яшасалар бундай мамлакатда ижтимоий назорат кучсиз бўлади. Натижада, халқ ичида ижтимоий тартибсизликлар ва одамлар ўртасида ўзаро келишмовчиликлар келиб чиқади. Бундай ғалаёнлар ҳар қандай миллат учун ҳалокатлидир. Зеро, ўзига хос миллий мақсади, миллий ғояси ва миллий мафкураси бўлмаган ҳар қандай давлат ва миллат, ҳаттоки ҳар қандай инсон ҳам ўз йўлини йуқотиб, таназзулга дучор бўлиши муқаррардир.

7. Мамлакат ичкарисида рўй берган ички низоларнинг оқибатида юзага чиқадиган ижтимоий тартибсизликлар эса инсонлар ўлимига сабабчи бўлиши мумкин. Бундай вазият, нафақат ҳар бир инсоннинг давлат қонунларига ҳамда иқтидордаги ҳукуматга нисбатан ҳурмати ва ишончи йўқолишига олиб келади, балки мамлакат ичкарисида ҳар хил хунрезликларнинг ва қуролли тўқнашувларнинг ҳам юзага чиқишига сабабчи бўлади.

8. Ҳар хил келишмовчиликлар, таназзул ва инсонлар орасидаги зиддиятларни бартараф қилиш учун ишлаб чиқилган миллий мафкура асосида ҳаракатланаётган халқнинг энг олий мақсадга эришиши бутун дунёда яшаётган ўз Ватандошлари онгида юксак инсоний фазилатлар шакллантиришни умуммиллий даражада тарғиб қилишидан бошланади.

Мақсад ва натижа

«Ўзбек Миллий Мафкураси» маданий-маърифий ва ижтимоий-сиёсий ҳаракатлар дастури бир неча юз йиллардан бери, дунёнинг бир биридан анча узоқ жойлашган, фарқли давлатларда, айри ҳолда яшаётган Ватандошларимиз томонидан тан олинган тушунчалар ва тамойиллар мажмуаси сифатида тасдиқланишига умид қиламиз.

«Ўзбек Миллий Мафкураси» маданий-маърифий ва ижтимоий-сиёсий ҳаракатлар дастури миллий ўзлигимизни сақлаб қолиш билан бирга ҳар бир Ватандошимиз учун миллий тикланишдан миллий юксалиш сари ҳаракатланишга хизмат қилувчи фикр ҳаракатининг қўлланма дастури бўлиб шаклланишига ишончимиз комил.

«Ўзбек Миллий Мафкураси» маданий-маърифий ва ижтимоий-сиёсий ҳаракатлар дастури асосида бошланган миллатни тараққий эттириш йўлидаги тадбирлар албатта кўпчилик инсонларга ижобий таъсир кўрсатиб, ҳаётий аҳамиятга эга бўлган миллий тараққиёт сари олиб борувчи миллий бирликни юзага чиқаришига аминмиз.

Шухрат Саломов БАРЛОС,
Тарихчи публицист.