Қорақалпоғистон Республикасида янги Бўзатов тумани ташкил этилади

27 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтган. Депутатлар дастлаб Қорақалпоғистон Республикаси таркибида Бўзатов туманини тузиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқишган.

Халқ вакиллари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Қарорини кўриб чиқиб, «Ўзбекистон Республикасида маъмурий-ҳудудий тузилиш масалаларини ҳал этиш тартиби тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 2-моддасига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига Кегейли тумани «Қусқанатов», «Еркиндарья», «Аспантай» овулларининг, «Бўзатов» шаҳарчасининг ҳамда Чимбой тумани «Кўк-сув» овулининг ҳудудларини бирлаштириб, Бўзатов туманини тузишга розилик бериш тўғрисидаги қарорни қабул қилдилар.