Баҳодир америкаликларнинг нигоҳида: нокаут уларга қаттиқ алам қилди

Профессионал боксчининг ҳаваскор боксчини даҳшатли нокаутга учратиши бокс дунёсида баҳсларни авжига чиқарди.
Россиянинг Екатеринбург шаҳрида ўтказилган жаҳон чемпионати доирасида Америкалик боксчи Ричард Торрес Ўзбекистонлик рақиби Баҳодир Жалоловнинг зарбасидан сўнг рингга қулади ва чуқур нокаутга тушди. Ҳушидан кетган Торресни рингдан замбилда олиб чиқиб кетишган.

Торрез нокаутда

Профессионал боксда 6-0 жанг ўтказиб енгилмай келаётган ўзбек боскчисининг ғалабаси рақибларга, америкалик ва европалик баъзи журналист ва бокс мутахассисларга алам қилди.

Улар ўз мақолалари ва ижтимоий тармоқдаги чиқишларида 2016 йилгача профессионалларга жаҳон чемпионатида иштирок этишга рухсат берилмагани, лекин кейин уларга ҳам олимпиадада иштирок этишлари учун рухсат берилганини, бу нотўғри қарор бўлган, деган гапларни кўтаришди.

Лекин, холис мутахассислар ҳаваскор боксда 100 дан ошиқ жанг ўтказган 20 ёшли Торресда ҳам агар ўзи хоҳласа профессионалга ўтиш имконияти бўлганлигини айтиб, мантиқий фикр билдирмоқда.

Бугун 20-жаҳон чемпионати ўз якунига етди. Мусобақанинг энг сўнгги финали ҳамюртимиз Баҳодир Жалолов (+91 кг) ва қозоғистонлик Камшибек Конкабаев ўртасида бўлди. Жангда Баҳодир енгиб фаолиятида илк бор Жаҳон чемпиони бўлди ва олтин медални қўлга киритди.

Сурхондарёнинг Саросиё туманида туғилган ўзбек полвони Баҳодир Жалолов ҳозирда АҚШда профессионал бокс йўналишида фаолиятини давом эттирмоқда. Ҳозиргача енгилмай, фақат ғалаба қозониб келмоқда.