“Омадли лоторея”

Диёра юзига тушган қаттиқ муштдан ўзини йўқотди. Қорнига, оёқларига тепаётган эрининг кўзи қонга тўлганди. Диёра қўллари билан юзини беркитганча лом-лим демай жим ётди. Эри хотинини сўкканча ошхона томон юрди. Диёра миясига келган ўйдан жонлангандай бўлдида, амаллаб ўрнидан турди, сумкасини қучоқлади, бахтига эри ошхонада телефон орқали ким биландир гаплашаётганди. Диёра оёқ учида секингина юриб, пойабзалини илдида ўзини ташқарига отди. У шу қадар тез юрар эдики, бир зумда метро бекати ёнида пайдо бўлди. У эридан қочиб қутулганига шукрона айтар, ҳозиргина саваланган танаси ҳеч қандай оғриқни сезмасди. У метро бекатида тураркан, атрофга алангларди. Назарида қаҳрга чўмган эри уни топиб келади-ю, яна савалашда давом этадигандек эди.

Бир зум ўтмай, шамолдай елиб вагон етиб келди. Диёра шошганча вагон ичига ўзини отди. Ўриндиққа ўтирди, ўзича бошидан ўтган воқеаларни бирин-кетин ўтказа бошлади. Не-не орзулар билан бу давлатга келгани, Грин Карт лотореясини ютиб олганида қувончи ичига сиғмаганини ёд олди. Минг афсуски Америкага келиб олиш илинжида унга уйланган Зафардан бугун итдай калтак ейишини билганмиди? Чиройли гаплар, орзу-умидлар саробга айландими? Вужудидаги жажжи боласини қандай кўзи қийди? Наҳотки “Ниятимга эришдим, энди керак эмассан” дейиш қийин бўлса. Шунчалик зулм ўтказиш шартмиди? Диёра бир нуқтага тикилганча шуларни ўйларди. Шаҳар тун оғушида, зулматга чўмган…

Тонгга яқин вагонни ўзига макон айлаган уйсизлардан икки киши ҳамда Диёра қолганди холос. Туни билан қатнаган вагон Диёрани хаёлларини чалғита олмади, кўзига уйқу келмаган, хўрланган аёл қорнининг паст қисмида қаттиқ оғриқни сезди. Бу оғриқдан хаёллари бир зумда ҳар ерга тарқади. Диёра вагондан ташқарига чиқишга аранг улгурди. У юз тубан ерга йиқилди. Диёра кўзларини очганида у клиникада эди. Кўнгил бўшлиғи билан вужудидаги бўшлиқни сезди, қўллари билан қорнини тутди. У билан нималар рўй бергани ҳусусида эслашга уринди. Фақатгина ҳушини йўқотганини эслади холос. Докторлар унга фарзандини йўқотганини, кўпгина тан жароҳатларини олганини айтишди. Шунингдек, полиция маҳкамасидан вакиллар келиб, бу зўравонликни ким қилганлиги ҳусусида қизиққанлиги маълум бўлди. Диёра эридан шунча зулм кўрса ҳамки, у ҳақда полицияга айтгиси келмади, сабаби бу эрига салбий оқибатлар олиб келиши тайин эди. Бироқ, полиция учун Диёранинг кўрсатмалари у қадар муҳим эмасди, воқеа тафсилотлари шундоқ ҳам аниқ ва равшан эдида. Полиция улар яшаб турган манзилга етиб келганида, Зафарнинг қораси ҳам йўқ эди. Шу кундан бошлаб Зафар у давлатда жиноятчи – қочоқ тамғасини олганди.

Диёра клиникадан даволаниб чиққандан сўнг ўз Ватани Ўзбекистонга қайтиб кетишни дилдан хоҳлади. Ижарада яшаб турган уйига қайтгач бир ҳафта уйдан хатлаб кўчага чиқишни ҳам истамади. Фикрларини бир жойга жамлаб, Ватанига айни вақтда қайтиш ниятини кейинроқ амалга ошириш керак, деб ўйлади. Оёққа туриб, ҳамма аламини ишдан олди. Шу зайлда орадан бир йил ўтди. Ҳайриятки, эридан шу вақтгача хабар бўлмади. Бугун ишидан эртароқ қайтган Диёра шу қадар Бруклиндаги Брайтон Бичга шошилардики, бунга муҳим сабаб бор, Ватанига бориш учун авиачипта олиш истагида эди. У чипта сотиб олди, яна 10 кундан кейин уйига, оиласига тандир аралаш ноннинг иси келадиган онасининг бағрида бўлади.

Ва ниҳоят самолёт Тошкент аэропортига келиб қўнди, уни аэропортда акаси қарши олди, бир неча соатдан сўнг Водийда бўлишади. Диёра Америкадалигида ҳамма дард-аламини, бошидан кечирганларини зинҳор уйдагиларга билдирмасликка сўз берганди. Шундай бўлди ҳам. Қадрдон ҳовлисига қадамини қўйган Диёрани Салима ая қарши олди. Назарида қизи озиб-тўзиб кетган, ранги ҳам оппоқ эди. Диёранинг юраги қинидан чиқиб кетгудек бўлди. У онасининг юз-кўзидан ўпар экан, ўша таниш исни туйди. Ҳовли бир зум қариндошу, қўни-қўшниларга тўлди. Диёра шошганча катта жамадонни очиб, ҳаммага совға улаша бошлади…

Онаси куёви билан қизининг ҳаёти бўлмаганини зимдан сезса ҳамки, Диёрадан бу ҳақда сўрашга ботина олмади. Диёра қийналаётган онасини яна ҳам дилини ҳуфтон қилгиси келмасди. Бир куни она-бола ёлғиз қолишганида Диёра оғиз жуфтлади:
Ҳа, ойи турмушим бўлмади. Бир-биримизни тушуна олмадик. Хуллас тақдир эмас экан.
– У ўзи қаерда? Сен келмасингдан аввал қудалар келишганди, “Зафардан хабар йўқ, хавотирдамиз” дейишди.
– Билмайман ойи, уйдан чиқиб кетганича ғойиб бўлди, чиндан ҳам хабарим йўқ.
– Бояқиш эшигимизни тагига ётиб олганди, “Диёрасиз ўламан” деб, “сигирнинг югургани самонхонагача” эканда. Ҳа, майли ҳайрли бўлганида ёнингда бўларди, ўзга юртда ёлғиз ўзингни ташлаб кетган эркакдан яхшилик кутиб бўлмайди.
– Майли ойи, буларни қўя туринг, ўзингиздан гапиринг. Пул олиб келдим, ҳовлини таъмирласак ҳам бўлади. Акам ҳурсанд бўлади. Ёрдамим тегсин дейман.
– Ўзини эмас, бизларни ўйлаган қизимдан айланай.

Орадан уч ой вақт ўтди. Ниятга кўра ҳовли таъмирдан чиқди. Диёра ўйига қайтиб кўнгли анча ёзилди. Америкага қайтиши кераклиги эслаб бироз кўнгли чўкарди. Бир куни даҳлиз деразасида турган радиода Диёранинг севимли қўшиғи янгради. Диёра шу чоғда ҳамма муаммоларни унутиб, ўзини энг бахтли одамдек ҳис қила бошлади. У қўлидаги супургисини бир четга ташлаб шунақанги рақсга тушдики, тандир бошида турган Салима ая ҳам қизининг бу рақсидан ҳангу-манг бўлиб қолди. У анчадан бери қизини бунчалик қувонганини кўрмаганди. Диёра ҳовлининг ўртасида рақсга тушар, айланар, уни томоша қилиб турган онасининг қўлидан тортиб рақсга чорларди. 12 ёшга кирган укаси Акмал Диёрани телефонда тасвирга тушириш билан овора эди. Диёра бу рақси билан Ватан соғинчи, яқинларининг қадрини туйганди. У ҳақиқатдан бахтиёр эди.

Қизини яна ортга қайтишини эшитган Салима ая ҳафа бўлди. Диёрага кетмаслигини, ўзга юртда яна Зафарни учратиб қолиши мумкинлиги ҳақида айтди. Диёра Грин Карт қоидасига кўра қайтиши шартлигини, ишлаб турса уларга ёрдам бериши ҳусусида куйиниб гапирди.

Диёра Ватанидан узоқлади. Ишга жойлашиб яна аввалгидек ҳаёт кечира бошлади.Бироқ атрофида уйланиш истагида бўлган йигитлар кўпая бошлади. Диёра бир марта оғзи куйиб, иккинчи маротаба қатиқни ҳам пуфлаб ичадиган бўлди.

Яшаб турадиган еридан анчагина узоқда жойлашган Манхэттенда Севдо исмли кекса турк аёлига энагалик қиларди. Бу аёл Диёранинг ҳаётидан хабардор эди. У доим Грин Карт эгаларини кўп ҳолларда шундай аянчли воқеалар кутиши, алданиб қолиш ҳолатлари ҳақида айтарди. Диёра у билан бўлиб ўтган нохушликлар уни таъқиб қилаётгандек туюларди.

Бу воқеани Диёранинг ўз оғзидан эшитдим. Мен ўзим ҳам бир муҳожир аёл бўлганим учун унинг дардини тушунишим осон кечди. У ёш, чиройли, самимий ва қувноқ эди. Ёш бўлишига қарамай бошидан кўп кўргуликлар ўтганди. Мен Зафарнинг тақдири ҳусусида сўраганимда, у ҳали ҳам қидирувда эканлиги агар уни ушлаб олишса жазо олиши ҳамда Грин Карт у учун бекор қилиниши, лотореянинг ҳамма имкониятларидан маҳрум бўлиши муқаррар эканлигини тушунтирди. Яхшигина даромад топиш мумкин бўлган диёрда ўзига яраша қатъий жазо чоралари, қонун-қоидаларига амал қилиш шартлигини яна бир карра тушуниб етдим.

Дилдора Салоҳиддин қизи Рустамова.