Ушалмаган орзу…

Мусофир-муҳожир бўлиш, хорижда ишлаб нон ейишнинг нечоғли мушкул эканлигини бир неча хонандалар куйлашган. Ўзини мағрур бадавлат тутиб, сизга назар-писандлик билан қараганлар, қанчалар оғир синоваларни бошларидан ўтказганларини унутиб юборишган ёки шунчаки эслашни истамайдилар, ваҳоланки илк кунлариданоқ Ватан соғинчини, хўрликларни ҳис қилиб яшаганлар.

Дилшод асли Тошкентдан, мактабда яхши баҳоларга ўқиди. Ўқувчилик даврида тарих ва инглиз тилига қизиқиши баланд эди. Мактабни тамомлагач Миллий Университетининг тарих факультетига ўқишга кирди. Фақат шартнома-контракт асосида, оиласи ўрта ҳол бўлгани боис уни ўқиш ёки ўқимаслик масаласи кўндаланг турарди. Дилшод ота-онасига ўқиш у учун муҳимлигини айтди. Улар кўмак беришса, у албатта ишлаб пулларни ўзи тўлашига сўз берди. Ота-онаси Дилшодни бу фикрини қўллаб-қувватлашди, аввалига қариндошлардан қарз олиб шартнома пулларини биринчи йиллик ўқиши учун тўлаб беришди. Дилшод ваъдага вафо қилган тарзда қўшма корхонага ишга кирди. Бу ерда уни инглиз тилидан хабардор эканлиги қўл келди. У Университетдаги ўқиши билан бирга инглиз тилини мустақил равишда ўргана бошлади. Ўқиш давомида Ўзбекистон  билан бирга Европа давлатлари тарихидан таҳсил олди. Топган пулини тежаб ишлатар, ота-онасига берган ваъдасини устидан чиқишга ҳаракат қиларди. 2-курс ўқиши учун шартнома пулини ўзи тўлашга муваффақ бўлди. Ота-онаси ҳам бундан жуда ҳурсанд бўлишди. Ўзини-ўзи анчагина эплай олган ўғлига 3-курсни тугатаётган вақтида уйлантириш режаси ҳақида гап очишди. Дилшод аввалига рози бўлмади. “Бир йил қолди ўқишни тамомлай кейин бир гап бўлар” деб кўнмади. Бироқ отасининг касали жиддий бўлгани боис уйланиши кераклигини онаси ётиғи билан тушунтирди. Дилшод рози бўлди. Совчиликка юришдан чарчамаган онаси аллақачон бир қизни мўлжаллаб қўйганди. Икки ёш учрашувга чиқишди, тақдир экан тез фурсатда тўй куни белгиланди. Руҳсора Педагогика олий ўқув юртида 2-курс талабаси, бахтга қарши у ҳам “контракт” асосида ўқирди. Қудаларнинг: “Қизимизни ўзимиз ўқитамиз” дейишига қарамасдан Дилшод бунга умуман кўнмади. “Уйландимми, демак Руҳсоранинг кейинги ҳаётига мен масъулман” деб туриб олди. Ёш болаларга инглиз тилидан сабоқ бера бошлади. Институтни тугатиш арафасида, диплом иши, корхонадаги вазифалари, оила ташвишлари, Руҳсоранинг ўқиш пуллари, дадасининг юрак хасталиги учун дори-дармонлар… Икки синглиси ҳали мактаб ўқувчиси. Дадасининг нафақа пуллари-ю, онасининг маоши бу муаммоларни ҳал қилишга етармиди?

Тун. Дилшоднинг кўзига уйқу келмасди. Етишмовчилик унинг бошини банд қилганди. У ўзича: “Уйланиб бекор қилдимми?” дедида ёнида ётган Руҳсорага тикилди. Аёли ширин уйқуда эди. Бир зумда бу ўйидан уялди. Сабаби Руҳсора жуда оқила, тарбияли эди. Онасига, оиласига меҳрибон, ўқишига ҳам уй юмушларига ҳам бирдек улгурарди. Дунё қараши кенг, ақлли қиз эди. “Мен уйланмаганимда бошқаси… йўқ, йўқ” у рашкдан қўлларини мушт қилди. Дилшод муаммолар гирдобида қолганидан бошида минг хил хаёллар чарх урарди.

Тонг отиб, нонушта қилдида, Университетга шошилди. Ўқиш ёнида унинг яқин дўсти Акбар қарши олди.
– Дилшод, яхшимисан. Анчадан бери кузатиб юрибман, уйланганингдан бери ғалатирооо бўлиб қолгансан. Тинчликми оғайни?

Дилшод Акбарга ишонар, синалган дўсти эди.
– Оилам тинч шукр, фақат етишмовчилик қийнаяпти.
– Тушунаман, тиним билмайсан бечора, ўқиш, иш, қўшимча дарслар берасан. Иккита одамнинг “контракт” пуллари, дори, рўзғор, ўзи эмас албатта… Дилшод айтган эдим сенга, Грин Карт учун анкетамни тўлдириб берасан-а?
– Қанақа анкета эди?
– Ҳақиқатдан хаёлинг жойида эмас сени, айтган эдимку сенга октябрь ойида ўйналадиган Грин Карт лотореяси учун анкета. Сен инглиз тилини яхши биласан. Тўрт йилдан бери ўйнайман-ку, бироқ омад кулиб боқмаяпти. Ўқишдан кейин хўпми, ноутбукимни олиб келдим.
– Ҳа, эсладим айтган эдинг. Узр дўстим, ҳақиқатдан хаёлим жойида эмас. Албатта  анкетани тўлдириб бераман, муаммо йўқ.
– Битта илтимосим бор яна.
– Хўш, қанақа?
– Сен ҳам ўйнайсан.
– Эй, менга буни нима кераги бор, уйимда шунча муаммо, улардан қочиб бўлармиди? Ўқишни тамомласам маоши яхшироқ ишга жойлашишга харакат қиламан. Инглиз тилини биламан, дипломим бўлади.
– Ютиб олсанг, Америкага кетасан, тушуняпсанми, имкониятлар мамлакатига, одамлар орзу қилишади. Мен 15 йил давомида лоторея ўйнаб ютиб ололмаётганларни биламан, лекин умидни сўндиришмайди.

Дилшод хахолаб кулиб юборди.
– 15 йил, сабрларига қойилман. Нима кераги бор, мен тушунмайман, тўғриси.
– Бир ойда камида икки минг доллардан олиб турсанг, шунақа тушунадиган бўлиб қоласанки, бу ерда оиланг бағридасан, лекин ёрдам бера олмайсан, сен у ерга боргинда ишлаб пул юбор, муаммолар ҳал бўлади, қолади.

Дилшод бу гапларга умуман эътибор бермади. Дарслар тугагач, ваъда берганидек Акбар учун лоторея ўйнаб берди, дўстини қистови билан ўзи учун ҳам ўйнаб қўйди. Акбар Дилшодни қучоқлаб дилдан унга омад тилади. Акбар дўстининг бу ўйинга шу қадар умидвор эканлигидан ҳайрон бўлди. Дилшод яна муаммолар гирдобига шўнғиди.

Баҳор фасли, май ойи, ўқишни тамомлаш арафасида Акбар ваҳима билан Дилшодга қўнғироқ қилиб, лоторея жавобини чиққанлигини маълум қилди. Дилшод чиндан ҳам бу лоторея ҳақида бутунлай унутганди. Акбар дарслардан кейин кафега боришлари, овқатланиш вақтида лоторея натижасини бирга текширишлари кераклигини гапирди. Дилшод эса дўстининг бу қадар ҳаяжонда эканлигидан ҳайратланарди холос. Улар шундай қилишди ҳам. Лотореяни бирга текширишди. Аввал Акбардан бошлашди, “Узр сиз танлаб олинмадингиз, кейинги йил яна уриниб кўринг, омад тилаймиз” Акбар доимий сўзлардан безганди. “Афсус” деб хўрсинди. Навбат Дилшодга келди, Дилшод мийиғида кулиб, натижани кўришга уринди:

“Табриклаймиз! Сиз танландингиз, эл.почтангизга ҳужжатлар рўйхатини юборамиз” деган ёзувларга кўзи тушди. Акбар буни кўриб, ёзувларни қайта-қайта ўқий бошлади.
– Дилшод, оғайни, сен ютдинг, тушунаяпсанми, ютдинг, суюнчини катта қиласан дўстим, энди ҳамма муаммолар ортда қолади, табриклайман, менга сени йўлингни берсин.

Дилшод, ҳайратда эди, ҳазил-ҳазил билан ютуқ чиқиб турганди. Акбарни қувонганини кўриб, дўсти хасаддан эмас, аксинча ҳавасдан ҳаяжонда эканлигидан қувонарди. Лоторея ютиб олганидан кўра, олдида ҳақиқий дўсти борлигидан бахтиёр эди…

Руҳсора ўқишни тамомламагани ҳамда ҳомиладор эканлиги учун Америкага Дилшоднинг бир ўзи отланганди.

Яқинлари билан ҳайрлашиб аэропортга қириб кетди. Дилшод фақат бир ўй билан Ватанидан узоқлашишга мажбур эди. “Оиламдаги иқтисодий муаммоларни ҳал қилиб олай, кейин албатта қайтаман”, ота-онасига, Руҳсорага ҳам шу ваъдани берганди.

АҚШга етиб келган Дилшод аввалига иш топишда анчагина муаммоларни бошидан кечирди. Уни инглиз тилини яхши ўзлаштиргани бу муаммолар давомий бўлишига йўл қўймади. У АҚШ даги кафелардан бирига буюртма асосида пиццаларни манзилга етказиб берувчи курьер сифатида ишга жойлашди, тез орада ўқиб, ҳайдовчилик гувоҳномасини қўлга киритди. Кредитга автомобил олиб, пиццаларни манзилга етказиш анчагина осонроқ кечди. Орадан бир йил вақт ўтди. Руҳсора кўзи ёриб ўғил фарзанд кўрди. Унга муродимизга етайлик деб Муроджон деб исм беришди. Дилшод бир йил ичида анчагина оёққа туриб олган, уйдаги муаммоларни ҳал қилишга мувафақ бўлганди. Отасини тажрибали шифокорларга кўрсатишди, яхши клиникада даволанишга муваффақ бўлди. Руҳсора она бўлишига қарамасдан муаммосиз ўқишни давом эттирди.

Онасини нафақага чиққанидан кейин ишлашига кўнмаган Дилшод, дадасига ва чақалоққа қараб туришини илтимос қилди.

Кўнглига тўйиб қўйган, уй таъмирлаш, керакли жиҳозлар сотиб олиш каби кўпгина ишларини амалга оширди. Бу лотореяни ўйнашга кўндирган дўсти Акбарни ҳам унутмади. Туғилган кун, байрамларда, совға-саломлар юборарди. Ҳаммаси рисоладигидек эди, айни вақтда қиш фасли, ёзда албатта уйга боришни режа қилиб юрганди.

Одатга кўра иш жойига келган Дилшод, яқинда ишга жойлашган Жавлонни яна бир ишчи Ғайрат билан тортишиб туришгани кўрди. Тортишувга сабаб Ғайрат у бориши керак бўлган манзилга Жавлонни юборишида экан, манзил эса ўта хавфли қора танлилар яшайдиган макон эди. Жавлон ҳали янги эканлиги, қўрқишини билдирди. Ғайрат эса буюртмалар кўплиги ва бу манзилга бормаслигини тушунтирарди. Дилшод Жавлон қўлида тутиб турган манзилни олдида, пиццани ўзи олиб боришини айтди. Ғайрат бошини ирғиди. Дилшод эса бир йилда анчагина тажрибаси борлигини, у ерга Жавлон бориши ноўринлигини тушунтирди. Пиццаларни автомобилига жойлаб манзиллар томон ошиқди. Мана навбат ўша хавфли саналмиш манзилга ҳам етиб келди. “Қоралар райони” деб аталмиш бу ерлардан узоқроқ юришга уринарди ҳамма. У эшик тугмасини босди. Ичкаридан ёши чамаси 25 ёшлардаги йигит чиқди. Дилшод хушмуомилалик билан пиццани унга узатди, кетидан нарх ёзилган чекни ҳам.

Қора танли йигит пиццани олдида, чекка қарамай эшикни ёпди. Дилшод эшик ёнида бир зум жим қолди. Тугмани яна босди. Ҳалиги йигит ичкаридан уни кетишини, йўқса оқибати ёмон бўлишини огоҳлантирди. Дилшод жаҳл билан тугмани яна босиб жиринглатди. Эшик шашт билан очилди, Дилшод пиццани ҳаққини тўламагунича кетмаслигини, бўлмаса полицияни чақиришга мажбур бўлишини тушунтирди. Қора танли йигит уни хақорат қилишга тушди. Шундай Дилшоднинг бошига бир фикр келди. “Пулни ололмас эканман, хақорати учун калтагимни ейди” деб уни юзига мушти билан туширди, йигит эшикдан ичкарига орқаси билан йиқилди. Дилшоднинг кўнгли жойига тушиб, машинаси томон юрди, бироқ… У фақатгина ўқ овозини эшитди, танасидан қон оқаётганини, қаттиқ оғриқни туйди, осмонга қараб ётибди-ю, бу унинг сўнгги дақиқалари эканлигига ишонгиси келмасди. У биргина Ватанига қайтишни, ота-онасини, ҳали қўлига тутмаган гўдагини, сингилларини, Руҳсоранинг руҳсорини кўришни Худодан ёлворди.

Тақдирнинг интиҳосига кўра Дилшоднинг руҳи танани ўзга юртда тарк этишга мажбур бўлди…

Дилдора Салоҳиддин қизи Рустамова
ҳикояси.