Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Нью-Йоркда АҚШнинг халқаро диний эркинликлар бўйича Элчиси билан учрашди

2019 йилнинг 22 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Нью-Йорк шаҳрида АҚШнинг халқаро диний эркинликлар соҳасидаги махсус топшириқлар бўйича Элчиси Самуэл Дейл Браунбэк билан учрашди.

Учрашувда АҚШ томонига жамиятнинг барча жабҳаларини янада либераллаштириш, шунингдек, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашга қаратилган сиёсий-иқтисодий ислоҳотлар жараёни тўғрисида батафсил маълумот берилди. Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида бошланган мамлакатни модернизация қилиш ва демократлаштириш йўналишининг ортга қайтмаслиги алоҳида таъкидланди.

Қайд этилганидек, Семуел Дейл Браунбэкнинг 2018 йил сентябрь ойида Тошкент шаҳрига ташрифи, шунингдек, республика делегациясининг 2018-2019 йилларда жаҳонда диний эркинликни илгари суриш бўйича биринчи ва иккинчи вазирлар конференцияларида иштироки натижаларига кўра эришилган келишувларни амалга оширишга мамлакат Ҳукумати содиқлигига эътибор қаратилди.

Президент Дональд Трамп маъмурияти жаҳонда диний эркинликларни тарғиб қилишга алоҳида эътибор беради. Элчи ушбу йўналиш ташқи сиёсатнинг энг юқори даражасига кўтарилганлигини таъкидлади.

Давлат департаменти вакили таъкидлашича, сўнгги уч йил ичида республикада инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги ютуқлар, шунингдек, икки давлат ўртасидаги стратегик шериклик даражаси Ўзбекистонни “алоҳида хавотир уйғотувчи давлатлар” рўйхатидан олиб ташлашга имкон берди. Унинг фикрича, бу ютуқ Ўзбекистоннинг дин эркинлигини таъминлаш борасидаги раҳбарлиги ва мажбурияти туфайли амалга оширилди. Америкалик дипломат “Жаслиқ” қамоқхонасини ёпиш қарорини олқишлади.

Элчи таъкидлашича, Вашингтон шаҳрида бўлиб ўтган диний эркинликларни илгари суриш бўйича вазирлар конференцияларида Ўзбекистоннинг нуфузли делегацияси иштироки олиб борилаётган ислоҳотларнинг АҚШ томонидан эътироф этилишининг далили бўлди.

Шу ўринда Самуэл Дейл Браунбэк Олий Мажлис депутатлари томонидан янги таҳрирдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонуннинг кўриб чиқилиши бошланганлигини олқишлади. Элчи қонун лойиҳасининг диний эътиқод эркинлигига амал қилиш масалалари борасидаги илғор чет эл тажрибаси ва халқаро стандартларни ўзида акс эттиришига умид билдирди.

Самуэл Дейл Браунбэк Ўзбекистоннинг ўз фуқароларини Яқин Шарқдаги ҳарбий можаролар ҳудудидан қайтариб олиб келиш борасидаги саъй-ҳаракатларини буткул қўллаб-қувватлашини қайд этди. АҚШ репатриация қилинган шахсларни тез муддатларда реабилитация қилиш ва жамиятга қайтариши, жумладан радикал гуруҳларга қўшилишнинг оқибатлари тўғрисида маърифий тадбирларни кучайтириш бўйича мамлакатнинг устувор вазифаларини қўллаб қувватлайди.

Ўзбекистон делегациясининг АҚШга ташрифи доирасида диний эркинликларни ҳимоя қилиш учун Глобал чорловга бағишланган юқори даражали конференцияда ҳамда етакчи Америка компаниялари иштирокида диний эркинликлар масалалари бўйича давра суҳбатида иштирок этиш ҳам режалаштирилмоқда.