Саробга айланган орзу

Мурод учун чироқ қуёшга айланганига анча бўлганди. Мана у яна заррин нурини сочаётган қуёшга тикилиб, кичик қушча каби  қанотларини ёзиб кетаётган самолётга узоқ термилди. Ҳаёлидан яна, ўша мудҳиш кундаги каби ўй ўтди: “Тошкентдаги Ўрдани соғиндим, Чорсу бозоридаги миллий таомларни ҳам, шаҳрим кўчаларини, ҳамммадан ҳам онамни роса соғиндим”.

Мурод мактабни аъло баҳоларга битирди. Уйда тунғич фарзанд бўлгани боис доим оила ташвишларини ўз зиммасига олишни, отаси раҳматли бўлгани сабаб онасига кўмак беришни жуда хоҳларди. Онасини қистовига қарамай ҳужжатларни институтга топширмади. Дўконда сотувчилик қила бошлади, ишдан чиқиб, ўқув марказларидан бирига қоровул бўлиб кирди. “Харнада, ишдан чиқиб уйга бориб ухлаш керак, озгина дам олиб ҳам пул топиш мумкин”, деб фикр қиларди. Ишдан вақтлироқ бўшаган вақтларида ўқув курсларини кузатишни яхши кўрарди. Агар оиладаги ташвишлар бўлмаганида албатта институтга кириши ҳақида ўйларди.

Шунингдек, ўқувчилик давридаги энг катта орзуси Американи ўз кўзи билан бориб кўришни истарди. У доим Американи кашф қилган Христофор Колумб ҳақида ўқир, бу давлатнинг иқтисодий эркинлигига ҳавас қиларди. Вақтни беҳуда ўтказмаслик мақсадида, Мурод инглиз тилини яхши билишига қарамасдан уни мукаммаллаштиришга аҳд қилди. Ўқув курслардаги инглиз тили ўқитувчиларини саволга тутиб қўймасди. Ундаги бу қизиқишни кўрган марказ ўқитувчиси Санобар опа Муродни чет давлатлардаги курсларга имтиҳон топшириб кўришни маслаҳат берди. Шунингдек, юқори балга эга бўлса, йўлкирани ҳам тўлаб беришлари хусусида айтиб ўтди. Мурод бу маслаҳатга қулоқ  осди. Пухта тайёрланиб, Америка ҳамда Англиядаги тил бўйича курсларга ҳужжатларидан нусха ва синов жавобларини юборди.

Муродга Америкадан эмас, балки Англиядан ижобий жавоб хати келди. Унинг қўлида ўқиш учун таклиф хати турибдику, лекин, кўнгли ёришмасди. Унинг кўнглида фақатгина бир савол: “Нима учун Америка эмас?” деган ўй чарх урарди. Шунда худди ўзи синовлардан ўтгандек қувонган Санобар опа Муродга бу имкониятни қўлдан бой бериш мумкин эмаслигини, Англияда ўқиб келса, Америкага эшиклар доим очиқ бўлиши хусусида айтди. Мурод тез фурсатда ҳужжатларни расмийлаштириб, Англияга жўнаб кетди. Ҳаммаси чамаси 6 ойлардан кейин бошланди. Маълум бўлишича 6 ой ўқигач, ўқиш пулли бўлиб, деярли барча талабалар ўқиш харажатини қоплаш мақсадида ишга жойлашар эканлар. Мурод ҳам улардан бирига айланди. Қовоқларини уйиб қуёш чеҳрасини жуда кам кўрсатадиган ўлкада, Муродни ертўлада ишлаши унинг чекига тушганди. Ҳафтасига 4 маротаба ўқишга борар, ўқишдан чиқиб ишга, ишдан ўқишга югурадиган Мурод ақалли қуёшни кўришга зор бўларди. Ўша кундан бошлаб Мурод учун қуёш – бу ертўладаги чироқ эди. Шу зайлда орадан уч йил вақт ўтди. Ўқиш тугаб, уйга кетишни мақсад қилган Муроднинг орзуси олам олам эди. Уйдагиларини бориб кўришни ва тез орада Америка элчихонасига бориб суҳбатдан ўтишни орзу қиларди. У орзиқиб кутган кун яқинлашарди. У Ўзбекистонга қайтиш учун чипта сотиб олди, кўнглида: “Англияни кўрдим, бошқа бу давлатга қадамимни босмайман”, деган фикр ўтарди.

Кечқурун соат саккизларда учадиган самолёт рейси учун Мурод аэропортга тушлик вақти соат ўн иккиларда келиб олди. Диққати ошиб кўча-куйда юргунча, аэропортда самолётларни томоша қилиб, вақт ўтказишни афзал билганди. Аэропортга келиб, багажини топширгач, ойнани олдига бориб самолётларни кузата бошлади, у кўнглида “Учувчи бўлганимда эди, дунё кезардим, Америкага борардим” деб хаёл қиларди. Самолёт учишига вақт етарли, у секин асталик билан самолётларни учиш йўлакчасига яқинроқ боришни истади, лекин бу қоидага зидку! дея бу фикридан қайтди. Кутишдан зериккан Мурод амалга ошмай қолган ниятини рўёбга чиқариш мақсадида, мумкин бўлмаган ва оддий одам учун ҳавфли бўлган самолётларнинг махсус учиш йўлакчаси томон ўтди, бахтига буни ҳеч ким сезмади. У самолётларни учишга тайёргарлик кўришини, ёки манзилга келиб, қўнишини мириқиб кузатарди. Учириб юборгудек шамолга ҳам, қулоқларни гаранг қилиш даражасидаги шовқинга ҳам эътибор қилмасди. Орадан кўп вақт ўтмай уни орқасидан икки киши келиб, қўлларини қайириб, аэропорт биносининг ичкарисига бошлашди. Мурод ҳеч нарсани тушунмай ҳайрон бўлди. Уни аэропорт хавфсизлигини таъминловчи хонага олиб киришди. Уни хавфсизлик хизматидаги полиция офицери сўроққа тута бошлади:

– Сиз нима учун мумкин бўлмаган ерга чиқдингиз? Сизни ким ёллаган? Мақсадингиз нима эди? Қуролларни қаерга беркитдингиз?

Мурод бу саволлардан карахт, кетини ўйламай жиддий муаммо қилганига ақли етарди. Мурод гапириш учун лабларини жуфтлаган эди ҳамки.
Офицер столга мушт тушириб қаттиқ бақира бошлади.
– Қайси давлат айғоқчисисан? Гапир!
– Мен, мен шунчаки самолётни томоша қилиш учун чиққанман. Англияда ўқидим ўқишим тугади, энди уйга қайтишим керак. Илтимос менга ишонинглар, мен уйга қайтишим керак…

Атрофдагилар унинг гапига умуман ишонмаганликлари юзларидан билиниб турарди. Жиддий савол-жавобдан кейин уни аэропортдаги махсус камерага қамадилар. Мурод нималар қилиб қўйганини, уйда уни келишини кутиб ўтирган онасини кўз олдига келтириб йиғларди. Аэропорт қамоғидан Муродни икки кундан кейин олиб кетишди…

Суриштирув ишларига кўра, Мурод ҳеч қандай жиноятчи эмаслиги аниқланди. Суд ҳукмига кўра, у Англия аэропорти қоидаларини бузганликда айбланиб, 6 ойга озодликдан маҳрум қилинди. У жазони у каби қоидаларни бузган одамлар орасида ўтади.Панжара ортида шароит у қадар ёмон бўлмасада, озодликдан маҳрум, яна ўша ертўла ва яна ўша чироқ қуёш ўрнини эгаллагани унга алам қиларди.

6 ой ортда қолди. Ўзбекистонга бориш истаги Америкага бориш орзусидан устунлик қилди.

Ватанига учиб келди. Бахтига онаси, яқинлари сиҳат-саломатликда уни қарши олишди. Шунда онаси:
– Таъзирини едингми болам, фақат Америка, чет эл дердинг, бошинга тушган ташвишлар сенга дарс бўлди, шундайми?
– Ҳа, онажон, мен кўрган кунларни душман ҳам кўрмасин.
– Тирик мурдага айландим ўғлим, борай десам боролмасам, ёрдам қилай десам қўлим етмаса. Эй куйиб тамом бўлдим-ку.

Мурод онасининг юзига тикиларкан, юзини ажинлар эгаллаганини, синиқ юзларидан нур кетганини пайқади. Ҳаётларини яхшилаш мақсадида узоқ юртга кетган Мурод деярли пулсиз уйига қайтганди. Биргина Англияда олган билими уни хориж билан ҳамкорликдаги қўшма компаниялардан бирига ишга жойлашишига ас қотди.

Самода парвоз қилаётган самолётга тикилар экан, кичик болакайлик давридаги Америка орзусини бир-бир эслаб туради.

Шунингдек қовоғини деярли уймайдиган диёрида қуёш заррин нурини ҳеч ҳам қизғонмайди, Ватанида қуёш ўрнини ҳеч маҳал чироқ боса олмайди. У мана шундай табиат инъомлари бисёр бўлган давлатда туғилганига, уни яна бир бор бағрига босганидан бахтиёр эди. Орзусидаги Колумб кашф этган Америка давлатига боришни эса самолётни парвозини кузатганида эслайдиган бўлди холос.

Ушбу ҳикояни менга яхши таниш бўлган аёл айтиб берган эди. Мурод бу аёлнинг жияни, катта опасининг ўғли аслида.

Дилдора Салоҳиддин қизи Рустамова
ҳикояси.