НОМИНГДАН АЙЛАНАЙ ЎЗБЕКИСТОНИМ!

“Ўзбекистонни мустақил деб эълон қиламан”.

Бу сўзлар худди кечагина айтилгандек. Тарих олдида 28 йил арзимас фурсат. Бошқа тарафдан бу сўзлар айтилганда туғилган болалар эр йигит бўлишди. Хўш, 28 йилда нималарга эришдик? Нимага эришган бўлсак, ҳаммаси шундоққина кўз ўнгимизда турибди. Бир назар солайлик.

Яқин орада юртимиз шаҳарлари бўйлаб сафарга чиқдингизми? Йўлларга эътибор бердингизми? Кенг, равон йўллардан кўзингиз қувнайди. Янада кенгайтириш, янада равон қилиш ишлари Республика бўйлаб давом этаётганини кўриб, умидларингиз ғунча очади. Айниқса, сўнгги йилларда юртбошимиз ташаббуси билан шаҳар-қишлоқларнинг ободонлаштирилиши кўзни қувонтириб, қалбни яйратади. Қадимий обидалар қайта тикланиб, таъмирланиб, туризм, саёҳатни ташкиллаштирилиши юртимизнинг биз эшитган бироқ, бориб кўрмаган муқаддас қадамжоларнинг зиёратчилар томонидан йўқланиши Ўзбекистондек кўҳна диёрнинг борлигини, унинг жаннат юрти, улуғ боболар юрти эканлигини бутун дунёга довруғу достон қилмоқда. Осмонга бўй чўзган қадимий минораларнинг мозийдан акс-садо бераётгани, аждодларимизнинг ишлари, тарихи ростмана қад ростлаётганини кўриб, ич-ичингдан шукур келтирасан. Биз бу муваффақиятларнинг ҳаммасига 28 йилда эришдик.

Юртимизнинг Қўқон, Фарғона, Самарқанд, Қарши, Хоразм, Нурота, Бухоро ва бошқа шаҳарларнинг қайта чирой кашф этган қадимий бинолари, марказий кўчаларини кўриб кўзингиз қувнаб, ҳайратингиз лол қолади. Бу муқаддас шаҳарлардаги муқаддас қадамжолар, улуғларимизнинг мақбаралари қандай эъзозланаётганига, обод қилинаётганига эътибор беринг. Омборохона бўлиб ётган Имом Бухорий мажмуасини бутун дунёдан келиб, зиёрат қилишаётганини кўринг. Термизий, Мотуридий, Маҳдумий Аъзам, Нақшбандий ва яна ўнлаб бобокалонларимизнинг мақбаралари гўзал ҳолатда қайта чирой очаётганини кўринг. Биргина ҳолат, Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратнинг мақбарасини зиёрат қилган одам у кишининг оналари ётган маконга ўтишга қўрқарди. Чангалзор бўлиб ётарди. Бугун бу жой табаррук зиёратгоҳга айландики, Нақшбанд мақбараси билан оналарининг мақбараси орасидаги майдон яхлит гулзорга айланди. Ҳаммасига 28 йилда эришдик.

Мана, бизнинг бутун дунёни лол қолдириб, ҳозирги кунда миллионлаб саёҳатчиларни ўзига мафтун айлаб келаётган улуғ шаҳарлар.

Бухорода (Чингизхонни тиз чўктирган) мўъжизалар кўп. Улардан бири Минори Калондир. Минораи Калон шунчаки тошдан бунёд этилган обида эмас, у мўсафид, донишманд Бухоро, у ёғийларга бўйин эгмаган, босқинчиларга тобе бўлмаган, ҳамиша юксакликни кўзлаб, абадийликни бўйлайдиган халқимиз тимсолидир. Минори Калон 1127 йил Қорахонийларнинг сўнгги ҳукмдори Арслон Буғрохон буйруғига мувофиқ қурилган. Ибн Баттутанинг “Саёҳатнома”сида Чингизхон ҳақида шундай маълумот берилган. “Чингиз Моворауннаҳрни босиб олди, Бухоро, Самарқанд, Термизни вайрон қилди. Аммо кейин Бухоро ва Самарқанд аҳолисини афв этиб, уларга тегмади ва Ироққа қайтиб кетди”. Манбаларда зикр этилган бир воқеа бор. 1220 йил мўғул қўшинлари Бухорои шарифга ёпирилиб киради. Ҳукмдорнинг буйруғи билан шаҳарни бир бошдан буза бошлайдилар. Шу жараёнда Чингизхон Арслон минорасига яқиндан келиб томоша қилади. Кутилмаганда, бошидаги тулки терисидан тикилиган қалпоғи учиб кетиб, оти хуркиб, орқага тисарилади. Шунда “Минора илоҳий экан, таъзим бажо келтирмаганим учун менга ғазаб қилди”, деган фикр хаёлига келади. Шундан сўнг Чингизхон бу муқаддас иншоотни буздирмайди ва миноранинг шарофати билан шаҳарнинг марказий, жанубий ва ғарбий қисмлари омон қолади.

Бугунги кунда ноёб ёдгорлик намунаси бўлмиш Минори Калон Ўзбекистон жавоҳирларидан бири сифатида кўз қорачиғидай асраб-авайланмоқда. У сайёҳларнинг диққат марказидаги бетакрор тарихий масканлардан саналади.

Самарқанд. “Мозийга қайтиб иш кўрмоқ хайрликдир”, дейдилар. Зеро, тарих бугунимизнинг ўтмишидир. Ана шундай тарих сир-синоатига тўла муқаддас шаҳарларимиздан бири бу Самарқанддир. Самарқанд шаҳрининг муқаддас зиёратгоҳларидан бири, Ҳазрати Ҳизр масжидидир. У Самарқанддаги биринчи мусулмон масжиди ва меъморий обидаси сифатида эътироф этилади. Масжид Қутайба ибн Муслим томонидан қурилиб, Ҳазрати Ҳизр номи билан аталган. Ривоят қилишларича мазкур масжиднинг биринчи ғиштини қўйган ва меҳробини тўғирлаган Ҳизр алайҳисаллом бўлган экан. Афсоналарга кўра Қутайба ибн Муслим томонидан 712 йилда Самарқанд шаҳри ишғол қилингач, араблар шаҳар қалъасини Арзис дарёсига тўғон ўрнатиб, сувга чўктирмоқчи бўлади. Аммо, кутилмаганда осмондан улкан оққуш тушади ва тўғонни бузиб ташлайди. Шу воқеадан кейин Қутайбанинг саркардаларидан бири Афросиёбнинг жанубий чеккасидаги суғд зардуштийларининг ибодатхонаси ўрнида Ҳазрати Ҳизр масжидини қурдиради.

2016 йил 3 сентябрь Ҳазрати Ҳизр масжиди ҳудудида Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти И.Каримов дафн этилади. Тез орада маданий ёдгорликларни муҳофаза қилиш ва юритиш Бош бошқармаси томонидан Президент қабри устида мақбара қуриш ишлари лойиҳаси тузилди. Мақбара қурилишида 2000га яқин киши, шунингдек, Ҳиндистонлик моҳир усталар иштирок этишди. Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллиги муносабати билан 2018 йил 30 январида бетакрор мақбаранинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унинг илк зиёратчиси эса Президент Шавкат Мирзиёев бўлди.

Икки буюк шахс номи боғланган зиёратгоҳ эртаю кеч дунёнинг турли бурчакларидан келган зиёратчи ва сайёҳлар билан банд. Самарқанд шаҳри ўзининг кўҳна шаҳарлиги билан юртимизнинг мўътабар қадамжоларидан биридир.

Э.Ахмедов