Биз Америкага эмас, балки бизга Америка керак

davletovuz Телеграм канали муаллифи, блогер ва журналист Қобил Хидиров АҚШ бош котиби Майкл Помпеонинг Ўзбекистонга ташрифи хусусида фикрини билдириб “Биз Америкага эмас, балки бизга Америка керак”, дейди. Жумладан, блогер фикрини давом эттириб қуйидаги таҳлилларини келтиради:

2020 йилнинг 2-3 февраль кунлари АҚШ Давлат котиби Майкл Помпео Ўзбекистонда расмий ташриф билан бўлади.

Америка биздан узоқда жойлашган, Ўзбекистон, умуман, Марказий Осиёда устувор манфаатлари йўқ. Яъни минтақамиз Америка учун у даражада муҳим эмас. Қолаверса, АҚШ бизнеси учун Марказий Осиёда бизнес юритиш қизиқ эмас. АҚШ ҳукуматининг у ёки бу минтақага эътибори кўп жиҳатдан бизеснинг талабларидан келиб чиқади. Шундан бўлса керак, ҳалигача АҚШнинг бирор-бир амалдаги президенти Марказий Осиёга келмаган.

Шундай бўлса-да, Помпеонинг минтақага, айниқса, Ўзбекистонга ташрифи жуда муҳим. Тўғри, у бир жамадон инвестиция билан келмайди. Лекин у қанақадир сигнал, сиёсий кўмак билан келади. Бу, айниқса, Хитойнинг минтақадаги иқтисодий ва бошқа экспансияси тобора кенгайиб бораётган, Россиянинг турли ўйинлари фаоллашаётган бир пайтда жуда муҳимдир. Яъни Америка шу ташриф орқали “ёлғиз эмассизлар, қўрқманглар” деган сигнални юборади.

Бизга, айниқса, Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий кенгашига аъзо бўлишга босимлар кучаяётган бир пайтда қанақадир қўллаб-қувватловнинг аҳамияти жуда ошади. Шу маънода биз Америкага эмас, балки бизга Америка керак. ИМҲО, албатта.”

Сиз нима деб ўйлайсиз ватандош, бизнинг ҳудуд Америкага керак эмасми?