КОРОНАВИРУС ВА ДУНЁ

Эртага нима бўлишини билиб бўлмайди. Бутун олам ва коинот Яратганнинг измида…  

2020 йил кириб келиши арафасида барчамиз базм-у жамшидларда, дўстлар даврасида янги йилни шарафлаб, қадаҳларни кўтараётганимизда коронавирус деб аталмиш бир бало ёпирилиб келаётганини биз ғофил бандалар қаердан ҳам билардик.

Мана, коронавирус 3 ойдирки, бутун дунёни ларзага солмоқда. Бой-ю камбағал, шоҳ-у гадо деб ўтиргани йўқ. Мол-дунё, бойлик, амалига ҳам қиё боқмаяпти. Инсон нақадар ожиз эканлигини эслатиб қўяётгандек гўё. 

Ер юзида табиий офатлар, урушлар, турли касалликлар бўлиб туради. Буни ОАВ орқали кўриб-билиб турамиз. Лекин, бундай офатлар бизга рахна сололмайдигандек. Биздан узоқда-ку деб, гўё бизга даҳли йўқдек одатий турмуш ташвишларига кўмиламиз. Дунё тарихида бундай офату балолар, қирғинбарот урушлар бўлиб турган. Инсоният бошига кўп кулфатлар келтирган Иккинчи жаҳон уруши ҳам биздан тобора узоқлашяпти, у фақат хотиралар, фильмлар, китобларда қолмоқда. Унинг бутун даҳшатини ҳис қила олмаймиз. Коронавирус дунё чегараларини бузиб ўтмоқда. Оталаримиз, ака-опаларимиз ҳам ер юзини кенг қамраган бундай офат бўлганини эслай олмайди. Инчунун, биз ҳам. Гўё ҳаммаси тушда бўлаётгандек, уйғониб кетасиз-у, ҳаммаси ўтиб кетадигандек. Афсуски, бу туш эмас.

Шовқинзор мегаполислар бўм-бўш, баҳайбат заводу фабрикалар тўхтаб қолган. Олам сукунатга чўмган…

Коронавирус Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмади. 15 кунки, бу мавзу ОАВларимизнинг асосий мавзусига айланган. Афсуски, касаликка чалинганлар сони ортиб бормоқда. Ҳукуматимиз бу борада бутун чора-тадбирларни кўрмоқда. Лекин, фақат давлатга, ҳукуматга қараб қолиш керак эмас. Буни сабр-тоқат, бирдамликда, берилган тавсияларга амал қилиб енгиш мумкин.

Коронавирусдан кейин дунёда, онгимизда, тафаккуримизда нималар ўзгарди?

Офат одамларни янада жипслаштирди, тозаликка риоя қилишга ундади. Экология яхшиланиб бормоқда, сувлар тобора тиниқлашмоқда.

Аммо… Бу вазиятдан кимдир фойда кўзлаб, чўнтагини қаппайтириш илинжида, кимдир ваҳимага берилиб, қоплаб озиқ-овқат жамламоқда.

Бугун барча ўз уйида, оиласи даврасида. Доим шикоят қилар эдик: иш оғирлигидан, мажлислар кўплигидан. Мана энди иш жойимизни, қадрдон ҳамкасбларимизни соғиняпмиз. Ишни, одамларни, вақтни қадрлашни ўрганяпмиз.

Одамлар дуо қилишмоқда, Аллоҳдан бу офатдан халос қилишни сўраб илтижолар этишмоқда. Бир ҳаётий ҳақиқатга амин бўлмоқдамиз: Одамлар бошига кулфат тушгандагина, Яратганни кўпроқ эсга олади.

Иншоллоҳ, бу офат чекинади. Дардини берган давосини ҳам беради. Буни бир синов сифатида қабул қилиб, ундан ҳам ҳикмат қидиришдан ўзга чорамиз йўқ.

Коронавирус дунёни, одамларни ўзгартиради. Биз ўзимизни нақадар ожиз эканлигимизни англаб етяпмиз. Дунёни эзгулик, яхшилик, бирдамлик сақлаб қолишига инониб бормоқдамиз.

Бугун ҳар биримизда қалбимизга қулоқ солиб, бу воқеалардан хулоса чиқариб, мулоҳаза қилишга вақт ва имкон бор.

Обид ШОФИЕВ