Хорижга чиқиш паспортини консулликда олиш мумкин

Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг чет элга чиқиши тартибини такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш, шунингдек, янги ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда хизматлар кўрсатиш бўйича вазифаларни бажариш доирасида Ташқи ишлар вазирлиги томонидан хорижга чиқиш учун биометрик паспортни расмийлаштириш ва бериш тизимини такомиллаштириш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, 2020-йил 1-мартдан бошлаб МДҲ мамлакатларида истиқомат қилувчи ва консуллик рўйхатида турган Ўзбекистон фуқаролари ушбу мамлакатлардаги дипломатик ваколатхоналар ва консуллик муассасаларида хорижга чиқиш учун биометрик паспорт олишлари мумкин.

Шу ўринда республика фуқаролари хорижга чиқиш учун биометрик паспортни олиш ва қабулга ёзилиш (биографик маълумотлар ва биометрик параметрларни топшириш мақсадида) учун https://consulate.mfa.uz веб-портали орқали электрон ариза тўлдиришлари мумкин.

Шунингдек, вазирлик томонидан чет эл мамлакатларида паспорт расмийлаштириш тизимини босқичма-босқич тадбиқ этиш устида иш олиб борилмоқда ва унинг натижалари тўғрисида ватандошлар ўз вақтида хабардор қилинади.

Бундан ташқари, 1-мартдан бошлаб https://consulate.mfa.uz веб-порталида консуллик рўйхатига олиш интерактив тизими жорий этилган бўлиб, буни фуқаролар масофадан туриб Ўзбекистоннинг чет элдаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасаларига шахсан келмасдан амалга ошириш мумкин.