Байден Трампнинг баъзи мусулмон давлатлари тўғрисидаги фармонини бекор қилди

АҚШнинг янги президенти Жо Байден ўзидан аввалги президент Доналд Трамп томонидан асосан баъзи мусулмон мамлакатлар фуқароларининг АҚШга киришига қўйилган тақиқни бекор қилиш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Ушбу фармон Байден томонидан Оқ уйда биринчи кунида имзоланган дастлабки 15 фармон орасида, шу жумладан, Трампнинг Мексика билан чегарада девор қуриш ва Парижнинг иқлим келишувидан чиқиш тўғрисидаги аввалги буйруқларини бекор қилган фармонлари орасида бўлган.

“Яқин кунлар ва ҳафталарда биз муаммоларни ҳал қилиш ва сайланган Президентнинг Америка халқига берган ваъдаларини амалга ошириш учун кўпроқ чора-тадбирлар тўғрисида эълон қиламиз”, деди Оқ уй матбуот котиби Жейн Псаки.

2017 йилда Трамп Эрон, Ливия, Сурия, Яман, Сомали, Судан ва Ироқ фуқароларининг АҚШга киришини тақиқловчи фармонни имзолаган эди.

Фармон Қўшма Штатларда норозиликларни келтириб чиқарган эди, турли судлар унинг бир неча бор кучга киришини тўхтатишга ҳаракат қилишган эди.

Фармонга тузатишлар ҳам киритилганди, чунки Ироқ ва Судан ундан чиқарилиб, унга Чад, Шимолий Корея ва Венесуэла қўшилган эди.