Америкадаги йўловчи самолётининг двигатели осмонда ёниб кетди

АҚШ авиация маъмуриятининг маълум қилишича, United Airlines авиакомпаниясининг самолёти Ҳонолулу томон кетаётганида Денвер халқаро аеропортидан чиқиб кетгач, унинг ўнг двигателида носозлик юз берган ва баъзи қисмлари ажралиб кетган.

“Твиттер” ижтимоий тармоғида тарқалган видеода двигател ёнаётгани акс этган бўлса, бошқа видеоларда, қисмларнинг осмондан тушаётгани, двигателнинг қисмлари уйлар атрофида ётгани акс этган.

Натижада, Колорадо штатининг Бромфилд шаҳрида полиция маҳаллий аҳолига самолётнинг қисмларига яқинлашмасликни буюрди. Ҳодиса натижасида жароҳатланганлар ҳақида маълумот йўқ.

Бромфилд полиция бўлими Твиттерда аҳолига мурожаат қилиб: “Агар эҳтиёт қисмларни топсангиз, илтимос, уларга тегманг. Миллий транспорт хавфсизлиги кенгаши барча қисмлар тергов учун жойида қолишини истайди”, деб мурожаат қилди.

Ўз навбатида, авиакомпания шанба куни, 231 йўловчи ва 10 кишилик экипажни олиб кетаётган 328-рейс самолётида жароҳатлар ҳақида маълумот йўқлигини айтди.