АҚШ Конгресси аъзолари Россия расмийларига санкция қўллаш тўғрисидаги қарор лойиҳасини тақдим этмоқда

АҚШ Конгрессининг олти аъзоси Россия мухолифати фаоли Алексей Навалний иши бўйича Россия расмийларига қарши санкцияларни қўллаш тўғрисидаги қарор лойиҳасини тақдим этди.

Демократлар ва Республикачилар партияларидан бўлган олти аъзонинг баёнотида айтилишича, резолюция лойиҳаси АҚШ маъмуриятидан Россиянинг биологик қуролдан фойдаланиш бўйича халқаро стандартларни бузганлигини аниқлашни талаб қилади ва агар бу исботланса, рус амалдорларига қарши чоралар кўриш керак.

Қарор лойиҳасида, шунингдек, 2015 йилда россиялик сиёсатчи Борис Немсовнинг ўлдирилиши тўғрисида ҳам қарор қабул қилиш таклиф қилинган.

Аввалроқ Россия ТИВ Навалний билан боғлиқ вазиятга изоҳ берган чет эллик сиёсатчиларни халқаро ҳуқуқни ҳурмат қилишга ва ўз мамлакатларининг муаммоларига эътибор беришга чақирган эди.

Ўтган сешанба куни Москва суди Навалнийга нисбатан 2014 йилда чиқарилган шартли қамоқ жазосини, уй қамоғида сақлаш шартларини бузганлиги учун муддати 3 ярим йил бўлган ҳақиқий қамоқ жазосига алмаштириш тўғрисида қарор чиқарди.

Навалний жазосининг бир қисмини уй қамоғида ўтказгани учун энди икки йил саккиз ой қамоқда ўтириши керак.

Россия Навалнийга суиқасд қилиш ҳаракати ортида Россия разведкаси турган деган тахминни бир неча бор рад этди.