Норвегиялик сиёсатчи Black Lives Matter ҳаракатини Нобел мукофотига илгари сурди


Black Lives Matter ҳаракати – ирқчилик ва ирқчилик асосидаги зўравонликка қарши курашгани учун Нобел мукофотига номзод бўлган.

Ушбу таклифни Норвегия парламенти аъзоси Петтер Эйде ўртага ташлади. “BLMнинг тизимни ўзгартиришга бўлган даъвати бутун дунёга тарқалиб, бошқа мамлакатларни ўз жамиятларида ирқчилик билан курашишга мажбур қилди”, деди у.

2017 йилдан бери парламентда Социалистик сўл партиянинг вакили бўлган Эйде, CNNга “Қоралар ҳаёти муҳим“ни Америкадаги фуқаролик ҳуқуқлари ҳаракати ва Жанубий Африкадаги апартеидга қарши ҳаракатнинг издоши, деб билишини айтди. “Норвегия Нобел қўмитаси ҳар доим ирқий адолат ва тинчлик ўртасидаги яқин боғлиқликни эътироф этган”, деди сиёсатчи.

АБК телеканалига берган интервюсида, у аллақачон BLM ҳаракатини “ақлдан озган” ва “зўравон ва тажовузкор” деб ҳисоблайдиган шахслардан таҳдидлар бўлганини қўшимча қилди. Эйде номзодликни қайтариб олишни режалаштирмаганлигини таъкидлади.

Ўтган май ойида Миннеаполисда қуролсиз афроамерикалик Жорж Флойд полиция томонидан ўлдирилганидан сўнг, 2012 йилда пайдо бўлган “Қоралар ҳаёти муҳим” норозилик ҳаракати янги кучга эга бўлди. Ушбу воқеа муносабати билан мамлакат бўйлаб оммавий норозиликлар ва полиция шафқатсизлигига қарши курашга чақириқлар тарқалди ва кўплаб сиёсатчилар, таниқли шахслар ва жамоат арбоблари оммавий равишда BLMни қўллаб-қувватлашларини билдирдилар.