Дания коронавирус вакцинасини олганларга рақамли паспорт бермоқчи 

Дания коронавирусга қарши эмланганларга қулай ҳаракатланишга имкон берадиган рақамли паспорт беришни режалаштирмоқда.

Дания солиқ вазири Мортен Бойдсков пайшанба куни “Уч-тўрт ой ичида рақамли эмланганлик паспорти, масалан, тижорат сафари пайтида фойдаланишга тайёр бўлади”, деди.

“Биз компаниялар одатий ишга қайтишлари имкониятидан манфаатдормиз”, дея қўшимча қилган у.

У: “Вакцинациядан ўтган одамлар ўзларининг мобил телефонларида эмланганлик тўғрисида паспорт олишлари мумкин. Биз дунёда биринчилардан бўлиб бу паспортга эга бўла оламиз ва қолганларга ҳам намойиш эта оламиз”, деб таъкидлади.

Худди шундай технология саёҳатчиларга эмланганлик тўғрисида рақамли паспортларни бериш учун “Микрософт” ва “Оракл” каби катта компаниялар томонидан АҚШда ҳам ишлаб чиқилмоқда.

Февраль ойи охирига қадар Даниядаги фуқаролар маҳаллий соғлиқни сақлаш веб-сайти орқали ўзларининг Корона вакцинаси билан эмланганларини расмий тасдиғини кўришлари мумкин.

Айни пайтда, Европа Комиссияси саёҳатчиларга дам олиш жойларига тезроқ боришларига ёрдам бериш ва Европанинг туризм соҳаси учун яна бир ҳалокатли ёзнинг олдини олиш учун эмлаш сертификатларини бериш бўйича таклифларни ўрганмоқда.

Аммо, Европа Иттифоқининг ижро этувчи қўмитаси ҳозирги вақтда бундай сертификатлар фақат тиббий мақсадларда, яъни вакциналарнинг мумкин бўлган салбий таъсирини кузатиш учун ишлатилишини айтди.