Канада Хитойнинг уйғур аҳолисига нисбатан муносабатини геноцид деб таърифлади

Канада, икки давлат ўртасидаги дипломатик зиддиятларни янада кучайтириши мумкин бўлган баҳсли парламент овоз беришидан сўнг, Хитойнинг уйғур озчиликка нисбатан муносабатини геноцид деб таърифлаган дунёдаги иккинчи давлатга айланди.

Қонун чиқарувчилар мухолифатдаги консерваторлар томонидан Хитойнинг шимолий-ғарбий Шинжон вилоятидаги ҳаракатларини мусулмон уйғурларга қарши геноцид сифатида тан олиш тўғрисидаги таклифини маъқулладилар.

Душанба куни бўлиб ўтган овоз беришда Бош вазир Жастин Трюдо ва вазирлар маҳкамасининг катта аъзолари қатнашмади. Ташқи ишлар вазири Марк Гарнодан ташқари, ҳукумат номидан бетараф бўлган бошқа барча Либерал аъзолар ушбу таклифни қўллаб-қувватладилар.

Хитойнинг хатти-ҳаракатларини геноцид деб аташ билан Канада АҚШга қўшилди, бу эса Доналд Трамп лавозимини тарк этишидан бироз олдин бўлган эди. Шу ой бошида Буюк Британияда шу масала бўйича овоз бериш муваффақиятсиз тугади.

Аммо Канада парламентининг бу ҳаракати, сўнгги йилларда Хитойнинг жанговар ҳаракатларига қарши туриш ва Пекин билан яхши муносабатларни сақлаш ўртасида мувозанат ўрнатишга ҳаракат қилаётган бош вазир учун янги сиёсий муаммоларни келтириб чиқариши мумкин.

Парламентда кўпчиликни ташкил қилмайдиган Трюдонинг Либерал партияси илгари ушбу овоз беришга қарши чиққан ва журналистларга геноцид “ўта кескин” атама эканлигини ва қарор қабул қилинишидан олдин бу масалани кўпроқ ўрганиш кераклигини айтган эди.

Дам олиш кунлари Хитойнинг Канададаги элчиси Оттавадаги амалдорлар Хитойнинг ички сиёсатидан четда туриши кераклигини айтиб, овоз беришни танқид қилганди.